ADOLAT 24

ИБОДАТ бўлса-ю ТАРБИЯ бўлмаса…

Юртимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Илм олиш, ишлаш, чиройли яшаш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Қадриятларимиз қайтганига беҳад қувонамиз. Мана, юртимизда миллий, диний байрамларимиз кенг нишонланаяпти, урф-одатларимиз ҳаётимизга жо бўлмоқда. Турмушнинг оғир кунларини кўрган биз, кексалар бундай дориломон кунларга етганимизга шукрона айтамиз. Бу кунларнинг қадрига етиш керак. Аммо шундай кунларда ҳам, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзан учраб қоладиган салбий ҳолатлар одамнинг таъбини хира қилади. 

Халқимизда “Яхшини танишар жулнинг ичида, ёмонни танишар гулнинг ичида” деган пурмаъно мақол бор. Савиясиз, тарбиясиз, илмсиз киши гўзал ҳаётнинг ҳам ҳуснига доғ бўлади. Бу фикрларни бекорга айтаётганим йўқ. 

Ёш йигитларнинг соқолларини ўстириб юришганини кўрсам, ғашим келади. На гигиенага, на озодаликка риоя қилмасдан, ёши йигирмага етмасдан соқолини кўксигача ўстириб олган ёшлардан бунинг сабабини сўрасангиз, “Мусулмонман, алҳамдулиллаҳ”, деб жавоб беришади. Биринчидан, инсон фақат соқол ўстирган билан мусулмон бўлиб ёки соқолини олдирган билан мусулмончиликдан чиқиб қолмайди. Озодалик, орасталик, камтарлик, гўзал тарбия ва муомала маданияти мусулмончиликнинг асосий талабларидандир.

Буларни қаламга олишимга яқинда жума намозидан чиқишимдаги бир ҳолат сабаб бўлди. Юқорида таърифлангандек, бир қарич соқолли йигитлар масжиддан чиқаётган отаси, бобоси тенги отахонларни туртиб-суриб кўчага шошилишарди. Улардан бири қўлидаги телефон орқали ким биландир баланд овозда сўзлашиб борарди. Буни сўзлашиш деб ҳам бўлмасди, унинг кимнидир бўралаб, оғизга олиб бўлмайдиган уят сўзлар билан ҳақорат қилаётганини эшитиб, бу йигит ким биландир уришиб-ёқалашаяпти, деб ўйлаш мумкин эди. Ҳозиргина Яратганга тоат-ибодат қилиб, гуноҳлари афвини сўраб масжиддан чиқишга ҳам улгурмаган йигитнинг бу қадар ҳаёсизлик қилаётганини кўриб чидаб туролмадим. Масжиддан ташқарига чиққач, салом бериб, ҳозир яхши иш қилмаганини, аввало, телефонини кўчага чиққач ёқиши лозимлигини, шунда бошқаларнинг ҳам таъбини хира қилмаслиги мумкинлигини, бунинг устига суҳбатдошини бунчалик беҳаё сўзлар билан ҳақоратлаши гуноҳи азимлигини айтдим. Айтдиму, уч нафар “дўст”ларнинг менга бирваракайига “Бориб болаларингга насиҳат қил” каби дашномларидан бошим гангиб қолди. Мен эса “Мўмин мўминга кўзгудир”, дея улардан узр сўрашга мажбур бўлдим. 

Фарзандинг тугул неваранг тенги ёшлар маслаҳатинг учун сенсираб, дашном берса-я! Буларнинг ҳозиргина бажарган ибодат амаллари нима бўлди? 

Масжиддан қайтар эканман, ибодат бўлса-ю тарбия бўлмаса, бу ибодат мукаммал бўлмас экан, деган фикрим янада қатъийлашди. Шу боисдан ота-оналарга айтмоқчи бўлган гапим, фарзандим тоат-ибодатли, ислом амалларини мукаммал бажаради, деб асло хотиржамликка берилманг. Болангиз кичкиналигидан таълим ва тарбиясига эъти­борли бўлинг. Зеро, гўзал хулқ инсонни улуғлик сари етаклайди!

Тўрамирзо ОРИПОВ,

истеъфодаги подполковник

Tegishli xabarlar

Манзилли режалар ва мақсадлар кўнгиллар ободлигига хизмат қилади

admin

БУЮК МАКСАДЛАР рўёби  ВА ЭЗГУ ТИЛАКЛАР ИЖОБАТИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН КЎП ҚИРРАЛИ     ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

admin