ADOLAT 24

Парламент эшитуви танқидий руҳда ўтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимовнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди. 

Маълумки, сўнгги 3 йилдан бери бутун мамлакатимиз миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Респуб­ликада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида, шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 80-мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ҳамда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт экиш белгиланган.

Эътироф этиш лозимки, умуммиллий лойиҳа доирасида юртимиз бўйлаб теварак-ат­рофни кўкаламзорлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилда 202,7 миллион дона, 2023 йил баҳор мавсумида 127,7 миллион дона дарахт кўчатлари экилган ҳамда «Яшил макон» электрон платформасига жойлаштирилган. Бундан ташқари, дарахт ва буталарнинг кесилишига нисбатан эълон қилинган мораторийнинг муддатсиз даврга узайтирилгани ҳам яшил зоналарни сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. 

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда лойиҳани ижро этишда қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Жумладан, «приписка», яъни экилмаган кўчатларни экилди деб, ҳисоботларга қўшиб ёзиш ҳолатлари учрамоқда. Бундан ташқари, экилган кўчатларни сақлаш ва парваришлашга масъул шахсларни бириктирмаслик ва уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонида суғориш имконияти мавжуд бўлмаган ҳудудларга кўчатлар экилиши тақиқланганлигига қарамай кўчатлар экилмоқда. Оқибатда эса уларнинг қуриб қолиш ҳолатлари юз бермоқда. 

Таъкидлаш жоизки, «Адолат» СДП фракцияси депутатлари томонидан ушбу хато ва камчиликларни тузатиш бўйича бундан роппа-роса 1 йил олдин – 2022 йил 20 июнда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига (вазирликнинг ўша пайтдаги номи) депутат сўрови юборилган эди. 

Шунга қарамай, хато ва камчиликларнинг аксарияти ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. 

Шу боис, “Адолат” СДП фракцияси келгусида ишларни янгича тизим ва ёндашув асосида йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблайди ва қуйидаги таклифларни билдиради: 

Биринчидан, соҳада рақамлаштириш ишларини кенгайтириш, хусусан, “Яшил макон” электрон платформасини янада такомиллаштириш. 

Иккинчидан, аҳоли, айниқса, ёш авлод онгида она табиатни асраш, экилган дарахтларни эҳтиёт қилиб парваришлаш каби ғояларни сингдиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтириш. 

Учинчидан, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, айниқса, нодав­лат нотижорат ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик қилиш ҳамда фейсбук, телеграм каби ижтимоий тармоқларда махсус саҳифа ва ботлар ташкил қилган ҳолда амалга оширилаётган ишларни мунтазам кузатиб бориш.

Тўртинчидан, республикамиз ҳудудининг каттагина қисми арид ва ярим арид зоналар ташкил қилишидан келиб чиқиб, дарахт ва буталарнинг сувсизлик ва қурғоқчиликка чидамли бўлган турларини экишга эътибор қаратиш.

Бешинчидан, жойларда кўчатхоналар сонини ошириш, уларда селекция ишларини кучайтириш. 

Олтинчидан, ҳар йилги кўчат экиш мавсумини суғориш манбаларининг мавжудлигидан келиб чиқиб, аниқ ҳисоб-китоблар асосида ташкил этиш.

Танқидий руҳда ўтган парламент эшитуви ниҳоясида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ДЕПУТАТЛИК ГУРУҲЛАРИДА (Тошкент шаҳри, Андижон вилояти)

admin

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Асосий қонун лойиҳаси муҳокамаси ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик намунаси

admin