ADOLAT 24

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Р.Махмудованинг “Адолат” СДП ХI Қурултойидаги  МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум, ҳурматли Қурултой делегатлари ва иштирокчилари!

Президентликка номзод сифатида Сизнинг муҳокамангизга ўз Сайлов­олди дас­турим лойи­ҳасини ҳавола этишга ижозат бергайсизлар.

Дастур ўнта йўналишдан иборат бўлиб, унда ҳуқуқий давлат, ижтимоий адолатни қарор топтириш, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиёт, таълим ва илм-фан, соғлиқни сақлаш, экология, оилани мус­таҳкамлаш, юксак маънавиятли жамият қуриш, тинчликсевар ташқи сиёсат йўналиш­лари қамраб олинган.

Унинг қарийб бешдан бир қисми ҳозир мен тўхталиб ўтмоқчи бўлган, Адолат партиясининг бош ғоясини ташкил қилувчи Ҳуқуқий давлат қуришга оид биринчи йўналишга тўғри келади.

Биринчи йўналишда

ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ҚУРИШ – ПИРОВАРД МАҚСАДИМИЗ

Халқимиз маъқуллаб берган Конституцияда илк бор Ўзбекистон Рес­публикаси ҳуқуқий давлатдир, деган қоида ўз ифодасини топди.

Эндиликда Конституциямизда мус­таҳ­камланган мазкур ғоя ва нормаларни ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадр-қимматини янада самарали таъминлаш борасида изчил ва ком­п­лекс чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам уч ярим баробар кўпайтирилди. Бу эса барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш энг устувор вазифамиз бўлиши лозимлигини англатади.

Негаки, қонун устувор бўлган жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, тараққиётнинг барқарор ва бардавомлиги таъминланади, халқнинг давлат сиёсатига ва келажакка бўлган ишончи ортади, фуқароларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Шу нуқтаи назардан, биз “Қонун устуворлиги – адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти!” деган тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдор шахслар фаолиятининг муҳим қоидасига айлантиришга интиламиз. 

Биз учун олий қадрият бу – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидир!

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишонч­ли ҳимоя қилиш учун, биз судлар адолат қўрғони бўлиши тарафдоримиз! 

Бу борада, аввало, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилишни илгари сурамиз.

Судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш масалалари диққат марказимизда бўлади.

Қонун асосида яшаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конс­титуция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт. 

Бу борада Конституциямизда илғор ҳуқуқий механизмлар кўзда тутилган бўлиб, биз давлат хизматига ишга кирадиган ҳар бир ходимни Конституцияни билиш бўйича синовдан ўтказиш лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан “қочиш” стереотипини тубдан ўзгартиришимиз керак. 

Шундай маданият шакллантиришимиз керакки, токи ҳеч бир инсон у ёки бу ҳуқуқбузарликнинг гувоҳи бўлса, уни кўрмаганга олмаслиги, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар қилиш шарафли фуқаролик бурчи эканлигини анг­лаши лозим.

Бунинг учун ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлган одамни суд ва тергов органларига овора қилиб чақиравермасдан, замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ва уларни рағбатлантириш каби усуллардан фойдаланишни таклиф этамиз.

Шу билан бирга, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш услубини ўзгартириш, хусусан, улар фаолиятидаги ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган айрим эскича ёндашувларни бартараф қилиш, янада аниқ айтадиган бўлсак, жазолаш ғоя­сидан адолат, тенглик, эркинлик ғояларига ўтиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу боис, одил судловни таъминлашда адвокатга берилган ҳуқуқларни қайта кўриб чиқиш, уларга касбий вазифаларини самарали бажариши учун қўшимча ваколатлар бериш зарур. 

Адвокатура институтини ривожлантириш томон яна илдам қадамлар қўйиш керак, судьянинг суд процессидаги ролини босқичма-босқич камайтириб бориб, у асосан томонлар ўртасидаги келтириладиган далилларни баҳолашга урғу бериши керак.

Биз адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш йўлидан борамиз. Айниқса, адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини янада яхшилаш чораларини кўрамиз.

Биз коррупциядан холи жамият йўлида халқимиз билан биргаликда курашни давом эттиришимиз лозим. Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, жумладан, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа соҳаларда коррупцияни йўқ қилишдир. 

Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “Тоза қўллар” сиё­сатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз.

Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича, биринчи навбатда, ўзи шахсан жавоб берадиган тизим жорий қилинишини қўллаб-қувватлаймиз.

Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этиб, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқамиз ва кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишларини ташкил қиламиз.

Асосий шиоримиз – Адолатли келажакни танлаймиз!

Биз инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятларни очиш тарафдоримиз. 

Биз парламентаризм ва парламент демократиясини янада ривожлантириш йўлида қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни муҳим деб биламиз: 

– тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидаларни фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш;

– қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш, қонуности ҳужжатларни камайтириш ва уларнинг қонунларга мослиги бўйича парламент қўмиталари назоратини кучайтириш; 

– парламент фаолиятида тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш;

– депутатларнинг иш вақтининг ярмини, албатта, ўз сайловчилари ёнида ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш керак, улар аҳоли билан бирга ишласин;

– қўмиталарнинг раиси ва раис ўринбосари битта партиядан бўлишини тақиқлаш.

Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари устидан депутатлик назоратини кучайтириш орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини ошириш мумкин. 

Ушбу йўналишда давлатда бошқарув интизомини сақлаб қолиш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳокимларга нисбатан ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини тўлиқ хатловдан ўтказилиб, такомиллаштирилиши тарафдоримиз.

Маҳаллий бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш учун ушбу маблағлар ҳисобидан молия­лаштирилаётган штатлар сонини мақбуллаштириш бўйича ташаббусларни илгари сурамиз.

Давлат бошқарув органлари ёки улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиш тартиб-таомиллари ўз аксини топган “Давлат компенсацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқамиз.

Биз давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, унда фуқаролар иштирокини кенгайтиришнинг замонавий ва самарадор усулларини жорий қилиш тарафдоримиз.

Бу борада адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришнинг барча жабҳаларида қонунчилик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади. 

Биз йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун жазоларни кучайтириш, шу жумладан, умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Маълумки, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши лозимлиги Конституциямизнинг 20-моддасида муҳим қоида сифатида мус­таҳкамлаб қўйилди. 

Биз у ёки бу ҳуқуқбузарлик жарима ёки бошқа жазонинг миқдорини ошириш билан эмас, балки жазодан кўзланган мақсадга эришилганлиги ва адолатли ҳал қилинганлиги билан олди олиниши керак, деб ҳисоб­лаймиз.

Шунингдек, жарималар ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилигига қараб белгиланиши зарур.

Конституциямизда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди ва эркинликни чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланди. 

Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи биринчи марта алоҳида белгилаб қўйилди. Адвокатлар мақоми оширилиб, уларнинг терговчи ва прокурор билан тенг ваколатга эга эканлиги қайд этилди.

Биз Асосий қонунимизга киритилган ушбу илғор нормаларни ҳаётимизга изчиллик билан тадбиқ этамиз. Бунинг учун суд-ҳуқуқ идораларининг кадрлар салоҳиятини яхшилашга бирламчи эътибор қаратамиз. 

Ушбу йўналишда, энг аввало, терговчи, прокурор, судья, адвокатларнинг билим ва малакасини юксалтиришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қиламиз.

Иккинчи йўналишда

ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРАМИЗ

Барча соҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтириш биз учун муҳим.

Биз анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли ижтимоий давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз.

Меҳнат қонунчилиги устуворлигига, ходимлар ҳуқуқлари тўла таъминланиши тарафдоримиз. Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Конституциямизга кўра ҳар бир инсон уй-жойга эга бўлишга ҳақли. Ушбу конституция­вий қоидани таъминлаш учун биз ўзининг даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятларни излаймиз.

Биз мамлакатимизда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олиши бўйича чоралар кўрамиз.

Конституциямизнинг 46-моддасида пен­сиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилди. Биз ушбу инсонпарвар нормани ҳаётга тўлиқ жорий қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз. 

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи доимо диққат-эътиборимиз марказида бўлади. Биз бу борада соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳаж­мини кескин кўпайтириш чораларини кўрамиз. 

Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Учинчи йўналишда

МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ БАРҚАРОР ЎСИШИНИ ТАЪМИНЛАЙМИЗ

Давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган ялпи ички маҳсулотни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бирламчи вазифамиздир.

Биз ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш тарафдоримиз.

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш керак, фақат солиқ, рухсат бериш тартиблари, стандартлар ва бошқа аралашмайдиган услублар орқали давлат бошқаруви бўлиши лозим, деб ҳисоб­лаймиз. Қанча кўп бюрократия ва аралашув бўлса, шунча кўп суиистеъмолчилик бўлади.

Кўпчилик фуқароларимизни ташвишга солаётган субсидия масаласи партия нигоҳида бўлади. Субсидиялар бериш тизимини такомиллаштирамиз ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Агар мақсадсиз ишлатилса, албатта, субсидия давлатга қайтарилиши шарт.

Ижтимоий объектлар ва энг муҳим стратегик объектларда давлат мулкини сақлаб қолиш тарафдоримиз, лекин бунда фуқароларга танлов имкониятини берадиган хусусий сектор ҳам ривожлантирилиши керак. Шундагина ижтимоий адолатни таъминлаган бўламиз.

Конституциямизнинг 67-моддасида монопол фаолият қонун билан тартибга солиниши ва чекланиши алоҳида белгилаб қўйил­ганлиги бежиз эмас, албатта. Зеро, иқтисодиёт фақат эркин рақобат муҳитидагина ривож топади.

Биз божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш ҳамда имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш тарафдоримиз.

Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани чинакам ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимиятнинг аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топишига устуворлик берамиз.

Биз маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз.

Интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ихтироларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳам иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган вазифаларимиз қаторида бўлади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқарув компаниялари фаолиятини такомиллаштирамиз. 

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришда, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривож­лантиришда, камбағаллик муаммоларини ҳал этишда ижобий натижалар беради, деб ҳисоблаймиз.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида об-ҳавонинг кескин ўзгариши, сув танқислиги, ер шўрланиши каби хатарлар ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ҳамда жисмоний шахсларнинг катта муаммоларидан бирига айланмоқда.

Шу боис, биз қишлоқ хўжалигида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ва суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш тарафдоримиз. Бу борада қишлоқ хўжалигида суғурталаш тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан «Қиш­лоқ хўжалиги таваккалчилик­ларини суғурталаш тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қиламиз.

Тадбиркорларни кредитлашда фоиз ставкалари тижорат ставкасида, яъни имтиёзли бўлмаса, уларни мақсадсиз ишлатилган деб жавобгарликка тортиш амалиётига барҳам бериш чораларини кўрамиз.

Биз саноатни ривожлантириш тарафдоримиз!

Саноат электр энергиясисиз бўлмайди. Бунинг учун нафақат атом энергетикаси, балки муқобил электр манбаларидан кенг­роқ фойдаланиш чораларини кўрамиз.

Партиямиз анча йиллардан буён муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялардан фойдаланишни илгари суриб келади. Бизнингча, бу жараён рағбатлантирилиши, зарур ҳолларда муқобил энергия манбалари кам таъминланган аҳоли қатламларига давлат ҳисобидан имтиёзли берилиши зарур. 

Биз саноат ишлаб чиқаришнинг ва умуман, миллий иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланмиш йўл инфратузилмасини яхшилашга, мавжуд йўлларни таъмирлашга бирламчи эътибор қаратамиз. 

Йўлсозлик соҳасида бажарилаётган ишларнинг сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтирамиз. Бу соҳада илмий тадқиқотларимиз ютуқларидан кенг фойдаланиш, олимларимизни рағбатлантириш зарур.

Биз иқтисодиётни инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилиш бўйича комплекс чоралар кўрамиз. Жумладан, “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси – 2030” дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни изчил ривожлантиришда кичик саноат зоналари, иқтисодий ва саноат кластерларининг муҳимлигини инобатга олиб, биз ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Бу борада, айниқса, “Кичик саноат зоналари тўғрисида” қонун қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. 

Биз адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдоримиз.

Шунингдек, ижтимоий тенглик ўрнатиш мақсадида жисмоний шахслар даромадларига прогрессив солиқларни жорий этиш тарафдоримиз.

Биз давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, бунда барча жараёнларни рақамлаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз. 

Тўртинчи йўналиш

ИЛМ-ФАН, ИННОВАЦИЯЛАР ВА ТАЪЛИМ СОҲАСИНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖИ – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ КАФОЛАТИ

Биз илм-фан ва инновацияларни ривож­лантириш орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз.

Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрамиз. 

Биз нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шарт-шароитлар яратамиз. Шунингдек, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чораларини кўрамиз.

Мамлакатимизда илмий тадқиқотлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув муаммолари, энергетика, муқобил энергия манбалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали давлатнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаймиз.

Афсуски, иқтисодиётнинг реал секторида илмий ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш даражаси, илм-фан, таълим ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари нисбатан паст бўлиб қолмоқда. 

Шу боис, биз мамлакатимизда инновацион ривожланишни жадаллаштириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларига инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ қилиш, инсон капиталини, илм-фан ва инновация соҳаларини ривожлантириш йўлидан борамиз. 

Сифатли таълим – бу бахтли ва фаровон келажак кафолатидир!

Ҳозирги кунда ривожланган давлат мақомига етишиш учун аҳолининг билим савиясини ошириш ва дунёқарашини талаб даражасида шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу боис, таълимга инвестиция киритиш – халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдош­лигини таъминлашнинг муҳим омили демакдир.

Болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамровини кенгайтириш орқали ушбу ташкилотлардаги мавжуд навбатларни камайтириш чораларини кўриш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Боғчаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигидан келиб чиқиб, барча боғча ва мактабларга ходимларни ишга олишни очиқ, шаффоф ва танлов асосида ташкил қилишни йўлга қўямиз.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 52-моддасида давлат ўқитувчининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги норма ўз аксини топди. 

Биз учун ўқитувчининг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эъти­боридир. Шу боис, биз педагог ходимларнинг обрў-эътиборини ошириш ҳамда юксак мақомини белгилаш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган ташкилий чораларни кўрамиз. 

Бу мақсадда ўқитувчининг мақомига оид қонуннинг тезроқ қабул қилинишини устувор масала сифатида кўрамиз.

Таълим соҳасида илғор давлатлар таж­рибаси ва миллий қадриятларимизга таянган ҳолда мактабларда таълим бериш стандартларини такомиллаштирамиз.

Биз мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида изчил ислоҳ қилиш тарафдоримиз.

Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини кенгайтириш чораларини кўрамиз. Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз.

Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб бакалавриатга кириш учун инглиз тилини билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш тартибини жорий этиш чораларини кўрамиз.

Бу орқали талабаларда жаҳон таълими ва илм-фанига тўсиқларсиз қўшилиш имконияти яратилади.

Бешинчи йўналишда

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ УЛКАН БОЙЛИК, ЖАМИЯТ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИ ГАРОВИДИР

Биз аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилишни давом эттириш тарафдоримиз.

Дунёнинг энг илғор соғлиқни сақлаш тизимлари (Тайвань, Жанубий Корея, Япония, Франция, Дания, Исроил, Германия ва бош­қалар) тажрибасидан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасини янада ислоҳ қиламиз.

Жумладан, “ақлли тиббиёт” тизимини шакл­лантиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишни кенгайтириш тарафдоримиз.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимини ижтимоий давлат тамойилига мувофиқлаштирган ҳолда “Ўзбекистон Респуб­ликасининг Соғлиқни сақлаш кодекси” лойи­ҳасини янада такомиллаштириш, унда соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Айниқса, нодавлат тиббиёт ташкилотларини тижорат ташкилотидан нотижорат ташкилотига ўтказиш бўйича амалий чораларни кўрамиз. Тиббиёт даромад олиш манбаига айланмаслиги тарафдоримиз.

Биз тиббиёт ходимларининг мақомини қонун билан белгилаймиз, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларга нисбатан турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизни янада такомиллаштирамиз. 

Тиббиёт соҳасида малака оширишнинг марказлашган тизимини қайта кўриб чиқишни, малака оширишни ихтисослашган марказларда ва вилоятларда ташкил этишни таклиф этамиз.

Шунингдек, репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади.

Биз оналик ва болаликни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Оналар ва болалар ўлимининг, болаларнинг нуқсонли туғилишининг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштирамиз.

Биз, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини янада оммалаштириш, жисмоний-тарбия ва спортни ривож­лантиришга бирламчи вазифа сифатида эъти­бор қаратамиз. 

Бунда ҳар бир фуқаролар йиғини ҳудудида спорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади. 

Давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхатини такомиллаштириш, ижтимоий дорихоналарни ривожлантириш, оғир касалликларни давлат томонидан даволашни кенгайтиришни қўллаб-қувватлаймиз.

Фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувлар ортидан беморларга ҳаддан зиёд дорилар сотиб олишга ундаш авжига чиқиб кетганлиги барчамизни ташвишга солмоқда. 

Афсуски, Ўзбекистон антибиотиклар истеъмоли бўйича жаҳонда етакчи ўринларга чиқиб кетди. Тиббиёт муассасаларидаги кўп­лаб фаолият очиқчасига фармацевтика ташкилотлари томонидан ҳомийлик қилинади. Бунга чек қўйиш вақти келди. Миллат соғлиги ва генофонди ҳам шу масалаларга боғлиқ. 

Тиббиёт соҳасидаги бундай муносабатлар тўғридан-тўғри коррупция сифатида баҳоланиши лозим. Тиббиётчилар ва фармацевтлар орасида ноқонуний мулоқот тўлиқ тақиқланиши керак, бундай мулоқотлар ва совғалар учун жазо муқаррар бўлиши, янги дорилар ва даволаниш услублари фақат вазирлик томонидан тушунтирилиши лозим. Умуман, тиббиёт соҳасидаги давлат харидлари бўйича алоҳида тартиб белгилаш жоиз.

Шундай қилсак, дориларнинг ягона электрон базаси тизимини янада такомиллаштириш орқали дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувларга ҳамда дорилар нархининг асоссиз оширилишининг олдини олса бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадларимиздан яна бири қиш­лоқда ва таълим тизимида тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришдир.

Tegishli xabarlar

Ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди

admin

Байрам табриги

admin

ҲАР ТОМОНЛАМА СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИ      КЕНГАЙТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ  БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

admin