ADOLAT 24

Сайлов — биз учун катта имконият

Баҳром Абдуҳалимов, 

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси:

— Биз бугун мамлакатимиз ҳаёти, хусусан, партия­миз учун ўта муҳим сиёсий жараён олдидан учрашиб турибмиз.

Маълумки, жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари Президентлик сайлови бўлиб ўтади.

Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 10 майда ўтказилган мажлисида йирик сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентининг муддатидан аввал сайлов кампаниясига старт берилди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайлови сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилиши алоҳида қайд этилди.

Президент сайловида муносиб иштирок этиш, ўз номзодимизни кўрсатиш, сиёсий платформамизни амалга ошириш ва электоратимизни янада кўпайтириш ўта муҳим аҳамият касб этишини барчамиз яхши англаб турибмиз.

Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, партия­миз мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мус­таҳкамланиб, омма орасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда.

Хусусан, бугунги кунда партия сафида 573 мингдан зиёд аъзо бўлиб, улар 6 882 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган. Ўз навбатида, уларнинг фаолияти жойларда 208 та туман ва шаҳар, 14 та ҳудудий партия Кенгаши томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.

2019 йилдаги сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тўртинчи ўриндан учинчи ўринга кўтарилишга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида эса депутатларимиз сони салмоқли даражада ошишига эришдик.

Барчамизга маълумки, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасида сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиши кафолатланган.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам қонунчиликда белгиланган ушбу ваколатлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда сайловда ўз номзоди билан фаол иштирок этиши тўғрисида партиянинг навбатдан ташқари XI Пленумида қарор қабул қилди.

Сайловда иштирок этиш партиянинг дастурий ғоя ва вазифаларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва кучли фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳисса қўшиш, яна бир бор партиямизнинг халқимиз орасида танилувчанлигини оширишга асос бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, муддатидан илгари Президентлик сайловида фаол иштирок этиш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга ва партиянинг барча бўғинларини фаол иштирок этишга чақираман.

Партиямиз фаоллари, депутатлик корпуси вакиллари билан чуқур маслаҳатлашиб, узоқ фикрлашиб Маҳмудова Робахон Анваровна номзодига тўхталган эдик.

Президент лавозимига номзодимиз юксак талабларга жавоб берадиган, ватанпарвар, фидойи, талаб­чан ва жонкуяр, ташаб­бускор инсон сифатида ўзини кўрсатган, шунингдек, адолат, тенглик ва қонунийликни ўзининг ҳаётий шиорига, фаолиятининг мазмунига айлантирган шахс эканлигини унинг иш фаолияти яққол кўрсатиб турибди.

Партиямизнинг бош мақсади – мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни барпо этиш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш ҳисобланади.

Номзодимиз бутун ҳаёти давомида партия­мизнинг бош ғояси бўлган адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилиб келган. Ҳуқуқшунослар орасида жуда катта обрў-эътиборга эга инсон.

У тажрибали ҳуқуқшунос сифатида кўп йиллардан буён партиямизга яқиндан ёрдам бериб келади. Албатта, судья бўлганлиги учун тўғридан-тўғри партиямизнинг сиёсий фаолиятида иштирок этмаган. Аммо бутун умрини адолатни таъминлашга фидо қилган.

Сизларга маълумки, хотин-қизлар Ўзбе­кис­тон аҳолисининг ярмини ташкил этади. Инсоннинг энг муҳим ҳақ-ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенглик жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашда, барқарор ривожланишда, инсон салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Шунинг учун ҳам аёлларнинг ҳурмат ва эътиборда бўлиши, хотин-қизларни давлат ва жамият ҳаётига фаол жалб қилиниши юқори самарадорлик ва иқтисодий ўсишга олиб келиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу янгиланган Конс­титуциянинг 58-моддасида ҳам ўз аксини топди.

Бугун республикамизнинг давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 нафарга яқин хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришмоқда.

Уларнинг улуши соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 82 фоизни, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат соҳаларида 72 фоизни, қишлоқ хўжалигида 45 фоизни, саноатда 38 фоизни ташкил этмоқда. Бу, аввало, аёлларимизнинг ҳамма соҳаларда фаол эканлигидан ҳамда хотин-қизларнинг ўзи севган касби билан шуғулланиши учун давлат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганидан далолат беради.

Ўйлайманки, мамлакатимиз тарихида Президентликка номзод сифатида аёл кишини илгари сурган биринчи партия сифатида, партиямиз бўлажак сайловларда ҳам бу ёндашувга содиқ қолади.

Шунинг учун, “Адолат” партиясидан аёл, етук ҳуқуқшунос, тажрибали раҳбар номзодни тавсия этиш адолатли қадам бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Энди, номзодимизнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида айтиб ўтмоқчиман.

Махмудова Робахон Анваровна – 1958 йилда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида, зиёли оиласида туғилган. Миллати ўзбек, партиясиз, оилали, икки нафар фарзанди бор.

Маълумоти олий, 1983 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос.

Номзодимиз адлия, суд ва ҳуқуқий таълим тизимида 45 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишлаб келмоқда.

Номзод ўз иш фаолиятини 1976 йилда Фарғона вилоят судининг котибалигидан бошлаган, суд тизимини энг қуйидан биладиган, фуқароларнинг муаммолари билан тўғридан-тўғри ишлаган адолатли судья сифатида танилган.

1979-1983 йиллар мобайнида Фарғона шаҳар Давлат нотариал идорасининг нотариуси бўлиб ишлаган. Айнан шу даврда нотариал ҳаракатларни тўғри расмийлаштириш бўйича бир қатор услубий қўлланмалар муаллифи бўлган, унинг амалий тажрибаси республикада оммалаштирилган.

1983-1999 йилларда Фарғона вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган. Ушбу даврда жойларда адолатни таъминлаш, аҳолининг оғирини енгил қилиш, адлия идоралари обрўсини кўтаришга шахсий ҳиссасини қўшганлиги билан адлиячилар орасида ҳурмат қозонган.

Номзодимизга партия тизими ҳам бегона эмас, у киши 1987-1990 йилларда Фарғона вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси бўлиб ишлаган. Партия тизимини ич-ичи­дан биладиган сиёсий етук шахслардан ҳисобланади.

1999 йилдан бошлаб Робахон Анваровнанинг фаолияти ижро ҳокимиятидан суд ҳокимиятига ўтиш билан давом этган. Хусусан, 1999-2004 йилларда Фарғона шаҳар ва вилоят судининг судьяси бўлиб, 2004-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси, 2008-2013 йилларда Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Биласизлар, судьялик жуда оғир касб, судья ҳам қонун, ҳам адолат устуворлигини таъминлаши, қолаверса, ўз қароридан одамларни рози қилишдек мураккаб вазифани бажариши керак. Ана шундай оғир ва шарафли касбда узоқ йил ишлаш одамдан жуда катта билим, салоҳият, ирода ва матонат талаб қилади.

Энг муҳими, у халқ орасида адолатли судья сифатида танилган, бу, энг аввало, номзодимизнинг, қолаверса, партиямизнинг юту­ғидир.

Номзодимиз суд тизимини ислоҳ этиш, судлар ва судьялар мустақиллигини таъминлашга оид ислоҳотлар ташаббускори ва ижрочиси ҳисобланади. Унинг судларни ихтисослаштириш, туман ва шаҳарларда маъмурий ва иқтисодий судларни ташкил этиб, судларни одамларга яқинлаштириш ташаббуси қўллаб-қувватланган ва амалиётда самарали ишламоқда.

У жиноий жазоларни енгиллаштириш, жазо тайинлашда адолатни таъминлашга оид бир қатор Олий суд Пленумларининг қарорлари муаллифи ёки ҳаммуаллифи бўлган.

Шунингдек, Фарғона юридик коллежининг ўқитувчиси, Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонасининг мудири, Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимларида ҳам фаолият юритган. Ушбу давр­да номзодимиз ўзини халқимизнинг дарду ташвишларини ичидан ва яқиндан биладиган, уларнинг кўплаб мурожаатларини ижобий ҳал қилган жонкуяр раҳбар сифатида намоён қилган.

Номзодимиз 2020 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – Маъмурий судлов ҳайъатининг раиси лавозимида ишлаб келган. Бугунги кунда қонунчилигимизга ҳамда Р.Маҳмудованинг аризаларига мувофиқ судьялар олий малака ҳайъати қарори билан унинг судьялик ваколатлари тўхтатилган.

Мамлакатимизда маъмурий судлар ташкил этилганлигига эндигина 5 йилдан ортиқ вақт бўлган бўлса-да, ҳозирда одамлар билан давлат органлари ўртасидаги жуда кўп­лаб муаммоларни ҳал этиш бўйича катта амалиёт шаклланди. Бунда номзодимизнинг шахсий ҳиссалари жуда катта, албатта.

Номзод фаолияти давомида мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, суд корпусини малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширган. 140 дан ортиқ илмий ва оммабоп мақолалари чоп этилган. Шунингдек, у судьялар учун 10 га яқин услубий қўлланмалар муаллифи ҳисобланади. 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Сизларнинг эътиборингизни яна бир масалага қаратмоқчиман. Сайлов кодексимизга кўра сиё­сий партия Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига партия аъзоси бўлмаган шахсни номзод этиб кўрсатишга ҳақли.

Шу нуқтаи назардан Р.Маҳмудовани Президентликка номзод сифатида кўрсатишга тўлиқ қонуний асосларимиз мавжуд.

Умуман олганда, ривожланган демократик давлатларда ҳам Олий суд судьялари, раислари Президентликка номзод бўлган амалиёти мавжуд. Масалан, АҚШда бир неча маротаба Олий суд раиси ёки унинг ўринбосари Президентликка номзод сифатида кўрсатилган. Бизда ҳам бундай амалиётнинг қўлланилиши муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб, демократик жараёнларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Сайлов қонунчилигида катта аҳамиятга эга бўлган имзо тўплаш жараёнида ҳам номзодимизни қўллаб-қувватлаб 230 мингга яқин фуқароларимизнинг имзолари йиғилганлиги юқоридаги фикримизнинг далилидир.

Сўзимнинг сўнггида алоҳида таъкид­лаб ўтмоқчиманки, Робахон Анваровна бизнинг партиямиздан номзод бўлишга ҳар томонлама лойиқ инсон. Ишончим комил, у киши партиямиз ғояларини илгари суришда бор куч ва имкониятини, билим ва тажрибасини сафарбар этади. Сайлов кампаниясида муносиб иштирок этиб, партиямиз ишончини оқлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, барчангиздан тавсия этилаётган номзод Махмудова Робахон Анваровнани қўллаб-қувватлашингизни сўраб қоламан.

Tegishli xabarlar

Матбуот котиблари фаолияти такомиллаштирилади

admin

ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ ЧОРАЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

admin

Ҳамфикрликми ёки осон усулга учиш?

admin