ADOLAT 24

Жўшқин ҳаёт завқи

Мактабда ўқиб юрган кезлари Тўлқин Эшбек “Ким бўлсам экан?” деган сўровномага доим “Бульдозерчи бўламан” деб ёзган. Илк туйғулари қўлига қалам тутқазиб, дастлабки шеърий ва насрий машқлари, мақолалари туман, вилоят ва республика газета-журналларида ёритилганида ҳам бульдозерчи бўлиш ниятидан қайтмаган экан. Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 7-ўрта мактабни тамомлаганда ўқитувчилари “қистови” билан ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ўқишга ҳужжат топширган.

У ўқишни тамомлаган 1985 йилда вилоятлик талабалар ўз яшаш жойига қайтиб кетишлари шарт эди. Ҳатто, тошкентлик талабалар Сирдарё, Жиззах ёки Қашқадарё чўлларида камида 2-3 йил ишлаб келмаса, дипломи берилмасди. Шундай оғир дамларда Тўлқин Эшбекка газета-журналларда ёритилган мақолалари омад олиб келди. Устозлари Қибрай тумани газетасига мухбирликка таклиф этишди.

Сўнг, “Ўзбекистон социал таъминоти”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Гулхан” журналларида, “Ўзбекистон овози” газетаси, “Наврўз” нашриётида ишлади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот гуруҳида «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ахборотнома»си масъул котиби, Бош муҳаррир ўринбосари, Бош муҳаррири лавозимларида фаолият кўрсатди. 2006 йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси доценти, филология фанлари номзоди. Ўнга яқин тўпламлар, тўртта ўқув қўлланма ва иккита дарслик муаллифи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, адабиёт соҳасида Усмон Носир мукофоти лауреати, “Олтин қалам” мукофоти совриндори бўлган Тўлқин Эшбекнинг умр йўлдоши, Тошкентдаги 249-мактабда узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия бериб, нафақага чиққан Дилбар Турғонова билан суҳбатимиз “саргузашт фильм”га ўхшаб кетишини тасаввур ҳам қилмагандик…

– Дилбар опа, суҳбатни анъанамизга содиқ қолган ҳолда Тўлқин ака билан қандай танишганингиз ҳақидаги савол билан бош­ласак?

– Мактабда ўқиб юрган кезларимиз – 1975 йилларда Иштихон туман “Колхоз ҳаёти” газетасида у кишининг мақолаларини ўқиб турардим. Қизиқ мавзулари кўп эди. Катта одам бўлса керак, деб тасаввур этардим. 1982 йили отам мени ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) география факультетига ўқишга олиб келди. Талаба бўлдим. Ўша кунларда Талабалар шаҳарчасида отам иккови танишиб қолибди. Отам мен ҳақимда айтган. Журналистика ва география факультетлари бир бинода жойлашган эди. Ўша кезлар 3-курсда ўқиётган у кишим (Дилбар опа миллий одатимизга кўра эри – Тўлқин аканинг исмини тилга олмасдан фақат “у кишим” дер экан. – муаллиф) биринчи ўқиш куниёқ танаффусда мени излаб келди. Қишлоқдан келган содда қизга ўз туманингдан келган “земляк” (яна, отанг билан қадрдонмиз, деб турган бўлса!) руҳан яқин инсонга айланиб қоларкан. Ўша ҳаяжонли дамларга ҳам 40 йилдан ошибди…

– Янги оилага кўникиш жараёни ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– Қанақа оила? (Суҳбатдошим кулади). У киши: “Биринчи севгим бўлган синфдош қизга эришолмадим, энди севгига ишонмайман ва Алишер Навоий каби уйланмай ўтмоқчиман!..” дерди. Талабалар ётоқхонасида биз тўртинчи, журфак учинчи қаватда жойлашган эди. “Землячкам” деб ҳолимдан хабар олиб турарди. Биз фақат “земляк” сифатида суҳбатлашардик. Кейин дўстлик ришталари пайдо бўлди, у киши ҳамма сирларини менга айтарди…

– Сир бўлмаса, қанақа “сир”лар?

– Биринчи муҳаббати хаёли билан яшашини, ҳаёти “Сангам” киносига ўхшаб кетишини айтаверарди. У кишини юпатишга ҳаракат қилардим. Кўп китоб ўқир ва мени ҳам ўқишга чорларди. Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романини қўлидан қўймас, қайта-қайта ўқирди. Ўзи романдаги Очил образига ўхшашини завқ билан айтарди. Мени гоҳо Замирага ўхшашимни айтганида уялиб кетардим…

– Муҳаббат ришталари шунда боғланган, денг?..

– Йўқ, очиғи, қуруқ гап-сўзлари мўл эди-ю, умидли гап чиқмасди. Мен ҳам мулозамат кутмасдим. Бутун хаёлимиз дарсда, китоб ўқишда бўларди. Ўзи бир ҳаёт зарбасига дуч келмаганида чиндан ҳам уйланмай юраверарди ва биз оила қурмасдик…

– Во ажабо, қанақа ҳаёт зарбаси экан?

– Катта ёшдаги авлод вакиллари яхши эслайди; собиқ мустабид тузуми даврида вилоятдан келганлар Тошкентда қолиши жуда мушкул эди. Ҳатто олий таълим муассасасини тамомлаган тошкентликлар ҳам Сирдарё, Жиззах, Қарши чўлларида 2-3 йил ишлаб келмаса, диплом берилмасди… У кишимни эса устози – ўша пайтларда Тошкент вилоят Матбуот бош­қармаси бошлиғи бўлган Шавкат Миралимов Қибрай туман газетасига таклиф этди. Ёш кадрни сийлаб, туман марказидан бир хонали уй ҳам беришган! Тошкентга туташ Қибрайдан бир хонали уйга эга бўлиш қишлоқлик йигит учун катта бахт эди, албатта. Афсуски, қувончи узоққа чўзилмади. Кимдир “уйланмаган йигитга уй берилиши қонунга зид…” деган мазмунда туман раҳбари номига “юмалоқ хат” ёзган. Туман партия қўмитаси катта мажлисида “қонунга хилоф равишда уй берилгани” танқид қилинган, шу ишга бош қўшган масъулларга жазо ҳам берилган… Бу кишим эрталаб ишга борса, ҳаммаёқда ваҳима… Ижроқўм раисининг ўринбосари Геннадий Шербаков бу кишимни чақиртириб, уйдан чиқиб кетишини талаб қилган…

Бу кишим:

– Айбим нима? – деб сўрабди.

Шербаков:

– Ты холость… – депти.

Ўрисча “холость” сўзини тушунмай, ёнидаги котибадан сўрабди. Котиба эса ётиғи билан тушунтирибди:

– Бўйдоқ экансан, уйланмаганларга имтиёзли уй бериш мумкин эмас, деяпти…

Шунда бу кишим ўйлаб-нетиб ўтирмасдан шундай депти:

– Я не “холость”, в кишлаке мой жена есть…

Шербаков ЗАГС қоғозидан нусха сўрабди. Шу бир парча қоғоз бўлса бас, иғво хати “ёпилар” экан.

Бир маҳал бу кишим ётоқхонамизга учиб келди-ю, паспортимни сўради. Соддалик қилиб, қўлига тутқазибман. Кейин бўлган воқеа­ларни тез-тез сўзларкан, ҳозироқ ЗАГСдан ўтамиз, деб туриб олди. “Сени севардим-у, аммо айтишга журъат қилолмасдим, вақт етишмасди”, деб қўшиб ҳам қўйди.

– Ишондингизми?

– Бу кишимнинг ўша лаҳзадаги важоҳатини кўрсангиз, унга ишониш-ишонмаслик ҳақида ўйлашга фурсат ҳам қолмаганди… Асли, биз учун тақдир табассуми ўшандан бошланган экан.

– Шу ўринда бир қизиқ савол туғилади: хўш, энди ўша иғвогардан хафамисизлар ё хурсанд?

– Унга ҳайкал қўйсак арзийди(кулади). Яна бир қизиқ воқеа айтиб берайми? 1998 йилда бу кишим “Ўзбекистон овози” газетасининг “Осиё бозори” иловасида нашр учун масъул эди. Ишга хизмат машинасида бориб-келарди. Яна бир иғвогар шунақа “законний” хат ёзиб, хизмат машинаси Тошкентдан чиқиши мумкин эмаслигини, Қибрай вилоятга қарашини “асослаган” экан. Ўша куни бу кишим машинаси келмагач, ноилож автобусга чиққан ва бир ногирон отахоннинг юкларини кўтаришиб юборибди. Отахон асли қибрайлик бўлиб, Тошкентдаги Профессорлар шаҳарчасида истиқомат қилар, Қибрайдан бирор уй топилса, 4 хонали уйини алмаштириш ниятида юрган экан. Улар тил топишиб қолиб, ўша куниёқ уйимизни алмашдик. Отахон Қибрайга келганидан қанчалик бахтли бўлса, биз Тошкент шаҳрининг энг файз­ли даҳаси – Профессорлар шаҳарчасида яшай бош­лаганимиздан шу қадар бахтиёр эдик. Бу кишим тақдир “ўйини” яна бахт гулдастасини тутқазганидан завқланиб, “Тасанно, душманжонлар!” деган ҳажвия ёзган.

– Дилбар опа, кўпчилик Тўлқин акани ҳам ижодкор, ҳам илмий изланишлар олиб бораётган олим сифатида яхши танийди. Қолаверса, жамоаат ишларида ҳамиша фаол. Айтингчи, бундай кўп қиррали инсон билан яшаш қийин эмасми? Саволни яна ҳам аниқлаштирсам. Тўлқин ака шунча ишлардан кейин оилага, фарзандлар тарбия­сига вақт топа оладими ўзи?

– Бу кишим билан яшаш “қийин” ҳам гап­ми?.. (Кулади). Деярли ҳамма ишига шерик қилади. Бирор мақола ё асар ёзса, аввал мен ўқиб беришим керак. Ўқитувчисан, нигоҳинг ўткир, танқидий кўз билан ўқи, имловий хато топсанг, тез айт, деб ҳоли-жонимга қўймайди. Тез-тез телевизорга чиқади. Ҳаммасини танқидий кўз билан кўришим шарт!.. Айниқса, тўғридан-тўғри намойиш этиладиган “Муносабат” кўрсатувига жуда эътибор билан қараб тур, деб тайинлаб кетади.

– Телевизорда кўрганда завқингиз келса керак?

– Аслида йўқ… Бу кишимнинг телевизорда айтадиган гапларини уйда эшитавериб, қулоқларим пишиб кетган. Очиғи, телевизорга камроқ чиқинг, деб ўтинаман…

– Нега?

– Бу кишининг гап-сўзлари ўзи учун қанчалик тўғри кўринмасин, ҳамма ҳар хил қабул қилишини яхши биламан. Тўғри гапнинг тўқмоғи ҳам бўлиши мумкинлигини тушунса қанийди? У киши ўзича бормайди. Телевидениедан ўзлари қўнғироқ қилиб, таклиф этаверишади. Узр, деб бормаса ҳам бўлади-ку… Кейин, ижтимоий тармоқларда ҳам камроқ кўрининг, дейман. Тинмай ёзгани-ёзган. Ютуб каналида 2 йил деганда 2100 дан ортиқ видеолавҳалар ёритибди. Хўш, булар кимга керак, десам, жилмайиб қўя қолади…

– Оилага, фарзандлар тарбиясига қандай вақт топади?

– Раҳматли энам мени ҳечам аямагани учун озроқ одам бўлгандирман, деб қизимиз ва икки ўғлимизни ёшлигида қаттиққўллик билан тарбия қилган. Худога шукр, фарзандларимиз ҳаётда муносиб ўрниларини топдилар. Бизга Тошкентнинг энг гўзал гўшасида бунёд этилган Ёзувчи-шоирлар уйидан жой беришгач, уларга гўё “оилавий мустақиллик” эълон қилиб, амалда ўзимиз “мустақил” бўлиб яшаяпмиз. Энг яхши фазилати – мен ишларига қандоқ қарашсам, уй-рўзғор ишларидан асло қочмайди. Сенинг ишларингга қарашсам, мазза қилиб дам оламан, дей­ди.

– Адашмасам, тўрт-беш йил аввал Тўлқин ака оғир хасталикка чалинган экан. Ўша дардни кучли ирода билан енгибди. Агар малол келмаса, шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.

– Бу киши табиатан комик инсон. Ҳаётида юз берган баъзи фожеаларни ҳазил-ҳузулга буриб юборишини кўриб ҳайрон қоламан. Айрим мушкул тугунларни юмор ва кулги билан енгади. 2018 йил ёзида ишхонаси шифокор кўригидан ўтишларини талаб қилган. Не ҳолки, у кишининг чап буйрагида ўсма, яъни, саратон пайдо бўлганини аниқлашибди. Ўзиям, 14 сантиметр каттариб, ошқозони ва ўпкасига томирлаб кетган экан. Республика онкология марказида уни операция қилса, “тирик чиқиши гумон” дея энг малакали шифокорлар ҳам иккиланиб қолишган. Шунда бу киши: “Пешонамда борини кўраман, операция қилингизлар”, деб туриб олибди. Хуллас, шифохона тартиб-қоидасига биноан менга: “Эрим тирик чиқмаса, давоим йўқ”. деган мазмунда тилхат ёздириб олишди.

Ўшанда бу кишимдан жудо бўлиб қолаётгандек руҳим тушиб кетганди. Жарроҳлик амалиёти хонасига кириб кетаётганида хайрлашиш мақсадида секин чақирдим:

– Отажониси…

– Ия, бу ерда нима қилаяпсан? – Ҳайрон бўлиб сўради. – Тинчликми?

Мен ҳаяжонда шифокорлар тилхат ёздириб олганини айтишга айтиб қўйиб, тилимни тиш­лаб қолдим.

Шўрлик эрим қандоқ аҳволга тушади, деб ўйламабман ҳам…

Бу кишим бўлса, ўша тобда ҳам “Сангам” киносини гапириб кетса, денг.

– Сўндир урушга кетаётганида нима дегани ёдингдами? “Мен ўлмайман, Радҳа! Сен учун, албатта, тирик қайтаман”, деган. Кейин, самолаёти учиб кетаётганида уч марта: “Ай кам бек” дегани эсингдами? Мен ҳам сен учун операциядан, албатта, тирик чиқаман! “Ай кам бек”, “Ай кам бек”, “Ай кам бек” деганча жарроҳлик хонасига кириб кетди. Беихтиёр қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордим. Бу кишим ўша кулгимдан янада кўпроқ маънавий куч олган экан.

Операция 6,5 соат давом этиб, чап буйраги ва талоғини олиб ташлашган. Худога шукр, тирик чиқди! Бироқ, ўсма ошқозон ва ўпкага томирлаб кетган экан. Уни метастаз дейишади. Дунё онкологлари шу метастазнинг давосини топа олмаган. Унга қарши кимёвий дорилар ва нур қўллашар, афсуски, унинг ўсиши бироз секинлашса-да, бошқа организмларига завол етказар экан. Шу тариқа у кишимнинг сочлари, қошларигача оқариб кетди. Озиб, нимжон бўлиб қолди. Худога шукр, ахийри табобатдан нажот топди.

– Ёмон кунлар ортда қолгани рост бўлсин…

– Бу оиламиз учун катта сабоқ бўлди. Биринчиси, оғир кунларимизда бу кишимнинг ҳолидан хабар олиб турган барча меҳрибон устозлари, дўстлари, шогирдларидан миннатдормиз. Иккинчиси, бу кишим ҳаёт ва вақтни жудаям қадрлайдиган бўлиб қолди. “Сал бўлмаса, кўп ишларим чала қолиб кетишига бир баҳя қолди-я” дея ишга шўнғиб кетди. 2019 йилда “Ахборот хизматлари” деб номланган салмоқли ўқув қўлланмаси, 2020 йилда бирйўла учта китоби: Иброҳим Ғафуров сўзбошиси билан “Самарқанд фарзанди” ва Файзулла Мўминов сўзбошиси билан “Олимнинг беқиёс олами” деган ҳужжатли қиссалари, Умарали Норматов сўзбошиси билан “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” шеърий тўплами чоп этилди. Шунингдек, “Хуш келдинг, Наврўз” жамоа тўпламидан “Наврўз нафосат байрами” сарлавҳали сценарийси ўрин олган. 2021 йилда иккита жамоа тўпламида пуб­лицистика ва ҳикоялари чиқди. 2022 йилда Орзиқул Эргаш сўзбошиси билан “Икки аср одами” деб номланган ҳажвиялар, ҳангомалар, ҳикоялар тўплами мухлислари қўлига етиб борди. Шукур Холмирзаев номидаги 1-халқаро ҳикоялар танлови тўпламида “Ошиқ домла” сарлавҳали салмоқли ҳикояси ўрин олган.

2023 йилда Акмал Саидов сўзбошиси билан “Коррупциясиз ҳаёт завқи” деб номланган маърифий қўлланмаси чоп этилди. Шунингдек, Зокиржон Алматов сўзбошиси билан “Генералнинг мангу юлдузи”, Аҳмаджон Мелибоев сўзбошиси билан “Адаб аҳлин ибрати” тўпламлари нашрга тайёр турибди. Айни пайтда бу кишим “Қитиқлайдиган гаплар” шеърий тўплами, “Пиримқул Қодиров сабоқлари” хотира китоби, “Саратондан соғайтирган сеҳр” номли саргузашт қисса ва ўқув қўлланмалари устида ишлаяпти. Булардан ташқари, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов ва Муҳаммад Алининг бир нечта китобларини қайтадан нашрга тайёрлаб, уларга сўзбоши ёзиб берди. Яна қанча мақолалар ёзаяпти…

– Устознинг шунча ишларидан бу қадар хабардор эканлигингиз таҳсинга лойиқ, дегим келади…

– Айтдим-ку, ўзиям тинмайди, мениям тиндирмайди(кулади). Топган гапи шу: “Ёзганларимни танқидий кўз билан ўқиб бер…” Уйимиз худди бир ижодий масканга ўхшаб қолган. Булар ҳам камлик қилгандек Нурбой Жабборов илмий раҳбарлигида докторлик диссертацияси устида иш бошлаворди.

– Илмий ишларини ҳам ўқиб берасизми?

– Албатта. “Бирорта имловий хатоимни топиб берганингда, бир хурсанд қиламан” деб қўяди.

– Хўш, кейин сўзида турадими?

– Сўзида туради-ку, аммо… (кулади) хурсанд қилишга ҳечам вақт топа олмайди, кейин эса… эсидан чиқиб кетаверади. Бу гапларим ярим ҳазил. Ўзи бошдан шу йўлни танладикми, бахтимиз ҳам, саодатимиз ҳам аслида шу-да…

– Узр, эрта-ю кеч сизни қўлёзмаларини ўқишга, вақти-вақти билан “Муносабат” ва бошқа кўрсатувларни, қолаверса, ютуб канали ҳамда ижтимоий тармоқларда ёзганларини кузатиб боришга мажбурлайверса, безиб қолмайсизми?

– Қайдам… Безишга фурсат ҳам топа олмаймиз. Ишларимизнинг поёни кўринмайди. Буларнинг ҳаммаси ҳаётимиз мазмунига айланиб бораяпти. У кишим айтганларига “йўқ” дейишнинг иложи йўқ. Бири-биридан зарур ишларини кўриб, фақат омад тилаб ўтирмасдан, кўпига қарашиб ҳам юбораман. Асосий ишларидан ташқари жамоат ишлари ҳам бир дунё. Кунда-кунора турли маҳаллаларга ва ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирга олиб кетишади.

– Келинг, энди фарзандлар ва нибиралар ҳақида суҳбатлашсак. Сир бўлмаса, фарзанд­ларингиз қандай касбларни бошидан тутишган?

– Азиза қизим малака ошириш институтида ишлайди, у отасининг изидан бориб, илмий иш ёзмоқда. Самаджон куёвимиз шифокор. Эркин ва Улуғбек ўғилларимиз ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатмоқда. Келинларимиз ҳам оиламизга жуда муносиб, Оллоҳимга шукроналар айтамиз. Саккиз нафар набираларимиз парвозга шайланаётган палапонларга ўхшайди(кулади). Шоирона гапириш менгаям “юқибди”ми?..

– Тўлқин акадан ўрганганларингиз ва у кишиги ўргатганларингиз ҳақида ҳам гапириб беринг.

– У кишидан ҳақиқий яшашни, ҳаётга муҳаббатни, китобга ошнолик ва меҳрга ташналикни ўргандим. Инсон ҳамиша меҳрга ташна бўлиб яшаши кераклигини англаб етдим. Ана шу ташналиккина ўзгаларга меҳрибон қилиб қўяркан. Ҳаётда меҳр кўргиси келган одам, аввало, ўзгаларга меҳр кўрсатиши зарур экан. Энди у кишига “ўргатганларим” ҳақида гапиришдан фойда йўқ. Юқорида айтганимдек, телевизор ва ижтимоий тармоқларда камроқ кўринса, камроқ гапирса, таъбир жоиз бўлса, фақир киши панароқда юрса, дейман… Қани айтганимни қилса… Ёмон кўзлардан асралишнинг энг тўғри йўли шу-да…

– Умрингизни ёзувчи, олим, ижодкор инсон билан боғлаб, ҳаёт ҳақида қандай хулосаларга келдингиз?

– Ижодкордан кўпроқ ҳаёт сабоқлари, китоб дунёсини ўрганар экансан. Александ Дюманинг “Граф Монте Кристо” романида шундай хулоса ёзилган: “Кутмоқ ва умид қилмоқ керак”. Бу ҳикматли сўзлар замирида улкан маъно мужассам. Ҳаётда ҳар қандай мушкул тугун ёки муаммони ижобий ҳал этишнинг ёрқин йўли шу экан. Умрим бўйи мутолаа қилган китобларимда анг­лаб етган ҳикматларга амал қилиб яшадим. Яна бу кишимдан ҳар қандай муаммони юмор йўли билан енгишни ҳам ўргандим.

– Қийинчиликларга дуч келганингизда афсусланган пайтларингиз бўлганми?

– Тўғрисини айтайми? Бу кишим билан яшаган одам ҳаётда ҳеч нарсадан афсусланмайдиган бўлиб қоларкан. Қийинчилик деганлари асли – бахтли ҳаёт пойдеворини мус­таҳкамлашга хизмат қилишини англаб етдим. Осон ерда ош борми, деган мақолнинг маъноси машаққат билан эришилган бахт нашидаси қанчалик тотли бўлишини англатар экан.

– Дилбар опа, одатда ўзбек аёллари турмуш ўртоқлари ҳақидаги кўп туйғуларини юраклари остига яширади. Келинг, сизга бир имконият берайлик, олтмиш ёш остонасида турган турмуш ўртоғингиз, элимизнинг ардоқли адиби Тўлқин Эшбекка тилакларингизни газета саҳифалари орқали билдиринг.

– Бошқа ҳечам касал бўлмасин… (Суҳбатимиз давомида кўп кулган опамизнинг бу гал негадир кўзлари ёшланди). “Олтмиш йилдан бери яшашга тайёргарлик кўрган эканман, яна анча чала ишларим бор, уларни бирёқлик қилсам, кейин мазза қилиб яшаймиз”, деб кўнглимни кўтаради. Ишларининг эса поёни кўринмайди. Энг катта бахтимиз ҳам шу бўлса керак! Ёзувчи-шоирлар уйида яшаётганимиздан ҳам жуда бахтиёрмиз. Илоҳим, мана шу бахтимиз бардавом бўлсин. Жўшиб-жўшиб ижод қилаверсин, ёнида ўзим камарбастаман. Оллоҳим ўзи ҳар хил бало-қазолардан асрасин. Дарвоқе, бу кишимнинг энг яхши кўрган газетаси – “Adolat”. Бахтимизнинг бир қисмига айланган севимли нашримиз – “Adolat” газетаси жамоасига ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

Маҳлиё Ҳамроева суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ “БИР МАКОН, БИР ЙЎЛ” УЧИНЧИ ХАЛҚАРО ФОРУМИДАГИ НУТҚИ

admin

“АДОЛАТ”ЧИ АЁЛЛАР ҒАМХЎРЛИКДАН МИННАТДОР

admin

Аянчли якун топган жанжал

admin