Собиқ иттифоқ даврида мафкурага ниҳоятда жиддий аҳамият берилган. Компартиянинг ғоялари одамларнинг қон-қонига сингдириб юборилган эди. Айниқса, катта ёшдагилар (70-йиллар назарда тутилмоқда), халқ ибораси билан айтганда, соясидан ҳам қўрқадиган бўлиб қолган эди. Сабаби – уларнинг айримлари 37-йил ва 50-йилларнинг бошларидаги қатағонларни бошидан кечирган, қолганлари ўша даҳшатли воқеаларга гувоҳ бўлган.
Бу қўрқув матбуотда ҳам акс этиб турарди. Бирон-бир ортиқча, компартия ғояларига тўғри келмайдиган сўз ишлатилмасди. Оллоҳ, Худо сўзлари ўрнига табиат, ҳаёт сўзлари ёзиларди. Газета ва журналлар, китобларнинг муҳаррирлари бу талабни яхши биларди. Шунга қарамай бирон-бир газета, журнал, китоб, умуман, босмахонада босиладиган бирон нарса цензура рухсатисиз нашр этилмасди. Ҳатто тўйга таклифномалар матнини ҳам цензура кўриб, муҳр босиб бермаса, босмахона қабул қилмас эди. Ўзим буни бошимдан ўтказганман. Уйланганимда таклифнома матнини цензурага кўрсатиб, муҳрини олиб, Офсет фабрикасига (у ҳозир Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижод уйи жойлашган бинода эди) топширганман.
Бундай талаб оқибатида газеталарда ғалати нарсалар чиқарди. Бир шоирнинг “Сурат билан суҳбат” деган шеъри “Ўзбекистон маданияти” газетасида босилаётган эди. Мен шу таҳририятда ишлардим. Одатда газета саҳифалари тайёр бўлиб, босмахонага топширилишидан олдин бош муҳаррир ёки ўринбосари ўша кунги санани, вақтни, яъни, соатни ёзиб, имзо қўйиб берар эди. Бош муҳарриримизнинг ёши анчага бориб қолган ўринбосари бўларди. Ўзи жуда кўнгилчан, мулойим одам эди-ю, ҳаддан зиёд ҳушёр, ҳар нарсадан ҳадиксираш одати бор эди. У киши (Оллоҳ раҳмат қилсин) имзо чекишдан олдин материалларни иложи борича ўқиб чиқарди. Юқорида тилга олинган шеърда “хонада ёлғиз иккимиз”, деган мазмундаги мисрага кўзи тушиб қолди. Бирдан ранг-рўйи ўзгариб, ёлғиз иккови хонада нима қилади, деди-ю, хонада деган сўзни ўчириб устига далада, деб ёзди. Биз бу шеър сурат ҳақида-ку, сурат хонада бўлади-да, дедик, кулишдан ўзимизни тийиб. У киши бизнинг (икки-уч корректор ёшлар) гапимизга аҳамият бермади. Аксинча, яхшиям ўқибман, бўлмаса шундай чиқиб кетарди-я, деб ўзининг ҳушёрлигидан мамнун жилмайди. Ҳар қанча тушунтиришга ҳаракат қилмайлик, фойдаси бўлмади. Бош муҳаррир ўринбосари навбатчи муҳаррирга алоҳида қаранг, деб қаттиқ тайинлади. Ва шундай чиқди. Лирик қаҳрамон ва сурат иккови далада ёлғиз қолди…
Энди мана бунисини эшитинг.
Таҳририятимизга хоразмлик Маркс Қурёзов деган йигит ишга келди. У билан корректурада бирга ишладик.
Бир куни бош муҳаррир ўринбосари Марксни кўриб, биздан сўради (Маркс ишга кирган пайтда ўринбосар меҳнат таътилида бўлган чоғи, уни олдин кўрмаган).
– Бу ким? – деди.
Бу пайтда Маркс иш билан хонадан чиққан эди.
– Янги корректор, – дедик.
– Шунақами?! Оти нима?
– Маркс.
Бош муҳаррир ёши улуғ бўлгани учун унча-мунча гапни дарҳол илғаб ололмас, қайта-қайта сўрар эди. Ҳозир ҳам нотўғри эшитдим шекилли, деб яна сўради.
– Оти Маркс, – дедик. – Фамилияси Қурёзов.
– Ўҳҳ! – деди ўринбосар кўзлари ўйнаб. – Чёрт побери, чатоқ-ку. Сўкиб бўлмас экан-ку буни. – Биз беихтиёр кулиб юбордик. Ўринбосар йўлини топгандай майин жилмайди. – Ҳа, майли, фамилиясини айтиб мурожаат қиламиз.
Маркс Қурёзов неча йил ишлаган бўлса бош муҳаррир ўринбосари бирон марта унинг исмини айтиб чақирмади, ўзаро суҳбатларда ҳам, йиғилишларда ҳам, мақтаса ҳам, койиса ҳам Қурёзов, дерди. Аслида уни деярли койимас, зарурат туғилиб қолса юмшоққина қилиб, эҳтиёт бўлиш керак, ўртоқ Қурёзов, деб қўярди. Бундан Маркснинг ўзи ҳам ҳайрон бўларди. Чунки у оддий оиланинг фарзанди, очиқ кўнгил, бироз чапани қишлоқ боласи эди-да…
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист