ADOLAT 24

Қандай тадбиркорга солиқ тўлашда алоҳида имтиёз берилади?

Президентимиз раислигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. 

Жумладан, 2023 йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилди. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда. Натижада камбағаллик даражаси 2022 йилдаги 17 фоиздан 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 14,1 фоизга туширилди. Йил якунига қадар 11 фоиздан пастга тушириш мақсад қилинган.

Камбағалликни қисқартириш ва фуқароларни ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлашда аҳолининг доимий муносиб меҳнат ҳақига эга бўлган иш ўринлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлар меҳнати алоҳида аҳамиятга эга. Охирги беш йилда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада ўртача 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди, дегани.

Таъкидлаш лозимки, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди. Натижада, кам таъминланган нафақа олувчи оила­лар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди. Кам таъминланган оилалардаги болаларни парвариш­лаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди. Мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди.

Шу билан бирга ушбу жараёнлар узлуксизлигини таъминлашга оид қонунчилик такомиллаштирилди. Жумладан, Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда ҳам давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўришга қаратилган қатор нормалар белгиланди.

Йиғилиш давомида, давлатимиз раҳбари жойларда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиниб, улар қўллаб-қувватланса, туманда, маҳаллада бандлик масаласини ҳал қилиш учун имкониятлар янада кенгайишини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, ҳар йили касб-ҳунарга ўқитишга 200 миллиард сўм ажратилаётгани, аммо бу маблағлар тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга эҳтиёжи билан боғланмагани кўрсатиб ўтилди.

Натижада, тадбиркорлар йилига катта харажат қилиб, ўзи учун минглаб мутахассис тайёрлашга мажбур бўлмоқда. Шу боис, тадбиркорларни малакали мутахассислар билан таъминлаш тизимини самарали йўлга қўйиш, бунда тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлиги қайд этилди. 

1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади. Дастурга 2023 – 2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Шунингдек, дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар ҳам берилади. Жумладан, камбағал оилаларнинг 20 фоиз аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, тадбиркор мол-мулк ва ер солиқларидан, камбағал оила аъзоси эса даромад солиғидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.

Қолаверса, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади. Хусусан, улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди, қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади. Божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Умуман олганда, тадбиркорларнинг ўз фаолиятлари давомида ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ўз-ўзидан давлатнинг мамлакат аҳолисининг турмуш фаравонлигини яхшилашдаги мажбуриятлари енгиллашишига, эришиладиган натижалар кўлами ва салмоғи янада ортишига хизмат қилади.

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Диққат!!! Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан янги лойиҳа: “БИЗ СОҒЛОМ ҲАЁТНИ ТАНЛАЙМИЗ!” янги лойиҳага старт берилди

admin

Мурожаатлар ижобий ечим топди

admin

ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА

admin