ADOLAT 24

Энергетика соҳасидаги энг муҳим янгилик

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларнинг жорий йилда 2 минг мегаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, корхона, хонадон ва ижтимоий объектларда 1 минг 200 мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш юзасидан ахборотлари тингланди.

Бугун дунё тажрибасидан маълумки, энергия тежамкорлигига эришиш ва унинг узлуксизлигини таъминлашда “Яшил энергия”нинг ўрни юқоридир. Шу боис, бу соҳага рағбат бериш мақсадида 1 июлдан гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил” сертификат берилиш тартиби, 1 октябрдан бошлаб барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинган электр учун жорий қилинади.

Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан барча савдо ва сервис корхоналарига қуёш панеллари учун кредит тўловларининг 4 фоизи қоплаб берилади. Халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар жалб қилиниб, аҳоли ва тадбиркорларга мақбул шартларда ажратилади.

Энг муҳими, энергетика соҳасидаги ушбу ўзгаришлар “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадларга тўла ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир. Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий қилиб, аҳоли ва тадбиркорларни рағбатлантириш, ижтимоий соҳа ва давлат идораларида кичик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, йиғилишда электр тармоқларини таъмирлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада Тошкент шаҳрида дастур қабул қилиниб, ишлар бошлангани, ҳозирга қадар 667 километр электр тармоғи ва 175 та трансформатор янгилангани қайд этилди. Вилоят ҳокимларига электр ускуналари ва материаллар захирасини яратиш, бу йилга режалаштирилган таъмирлаш ишларини 1 августгача якунлаш вазифаси қўйилди. Бунинг учун қўшимча бригадалар ташкил этилиб, малакали мутахассислар жалб қилиниши белгиланди.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, ҳар йилги давлат дастурларида энергия таъминотини яхшилаш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланади. Жумладан, охирги олти йилда 5 минг мегаваттдан зиёд янги электр қувватлари яратилган. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида қўшимча 726 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилган. Бу йил 3 миллиард 400 миллион киловатт соат электр танқис бўлиши, ёзнинг иссиқ кунларида унга кунлик талаб ҳозирги 195 миллион киловатт соатдан 255 миллион киловатт соатга етиши мумкин.

Иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги бош мақсадлардан бири саналади.

Хусусан, тараққиёт стратегиясининг 24-мақсадини амалга ошириш орқали 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи қўшимча 30 миллиард кВт.соатга оширилиб, жами 100 миллиард кВт.соатга етказилади. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 25 фоизга етиши эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалишига эришилади.

Бунда эса электр таъминотидаги йўқотишнинг олдини олиш, ўғирлик ҳолатларини бартараф этиш ҳам муҳим саналади. 2023 йил 13 февралда Ўзбекистон Президентининг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Бу борада қонунчиликка риоя этилишига масъул Бош прокурор ўринбосари лавозими жорий қилиниб, яхлит назорат тизими яратилди. Бугунги кунга қадар 250 миллиард сўмлик энергия ресурслари ноқонуний ишлатилгани аниқланиб, зарар ундирилган.

Ўтган йилдаги аномал совуқ ва у келтириб чиқарган муаммолардан тўғри хулоса қилган ҳолда бу соҳадаги ишларнинг ўз вақтида тўғри ташкил этилиши, нафақат фуқароларимиз оғирини енгил қилишга, шу билан бирга минглаб тадбиркорларимиз фаолиятида узлуксизликни таъминлаш орқали барқарор иқтисодий ўсишга эришишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиётга янги, энергия ресурс­ларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш қисқа вақт ичида ўз самарасини бериши шубҳасиздир.

Олтиной Мамирова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

admin

ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯ —  учинчи ренессанснинг ҳуқуқий пойдевори

admin

ЯХШИЛИК УЛАШАЁТГАН ИНСОН Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев 60 ёшда

admin