ADOLAT 24

Шоҳида ИСМОИЛОВА: томошабиннинг эътирофи — санъаткорнинг бахти

“Машҳурларнинг аёллари” лойиҳасининг бугунги меҳмони – қатъиятли, шижоатли, ҳалол, адолатпарвар инсонлар образлари орқали томошабинлар ҳурматини қозонган, ўзбек санъатида ўз муносиб ўрнига эга, эл-юрт муҳаббатига сазовор бўлган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Исмоиловнинг турмуш ўртоғи, ҳамкасби, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоиловадир. Мухлислари кўз ўнгида ҳамиша меҳрибон она, куюнчак опа ёки сингил, вафодор аёл сифатида гавдаланадиган актриса билан суҳбатимиз оиладаги ва саҳнадаги бахтли ҳаёт сирлари, унда аёлнинг ўрни борасида бўлди. 

– Шоҳида опа, мухлисангиз сифатида ҳар гал сизни кўрганимда юзингиздан таралаётган нурдан онамнинг меҳрини туяман. Бошқа мухлисларингиз қалбида ҳам шундай туйғу бўлиши табиий. Бу меҳр остида қандай сеҳр бор?

– Дарҳақиқат, ҳар бир онанинг юзида фарзандига нисбатан меҳр нури таралади. Онани танлаб бўлмайди. Она бу – ҳар биримиз учун муқаддас зот. Менинг юзимдаги меҳр нури онамдан мерос, деб ўйлайман. Онамни эслаганимда уларнинг чеҳрасидаги нур кўз ўнгимда зоҳир бўлади. Ичларида бўрон туғён урса ҳам юзларида ним табассум балқиб турарди. Гоҳида билиб-билмай ранжитиб қўйганимизда ҳам, “Ҳа-а болам-а, уйингга буғдой тўлгур-а”, деб қўярдилар. Ана шундай онанинг қизиман мен. 

– Сизда актёрлик касбига муҳаббат уйғонишига нима сабаб бўлган? 

– Биз оилада тўрт нафар қиз бўлсак, ота-онамиз бизда китобга меҳр уйғотишган. Жавонларимиз китобга тўла бўлар эди. Уйимиздан газета-журналлар аримас эди. Айниқса, ёзувчи, шоирларнинг роман, қисса ва шеърларини “Шарқ юлдузи” журналида ўқирдик, ундаги монолог­ларни ёдлаб олардик, кейин журналнинг бирорта сонини ташлаб юбормасдан тахлаб, махсус жавонларда сақлаб қўярдик. Уйимиздаги китоб­ларни ўқиб бўлгач, мактаб ва шаҳар кутубхоналарига бориб, китоб мутолаа қилар эдик. Оиламиздаги бу муҳит бизни турли касбларга йўллади. Ота-онам ўқитувчи бўлишимни хоҳлардилар. Аммо адабиётга бўлган муҳаббат мени санъатга етаклади. Театр саҳнасида роль ўйнашни орзу қилар ва шунга интилар эдим. Тошкентдек маданият марказида, зиёли оилада улғайган бўлсам ҳам онам санъаткор бўлишимни хоҳламас эдилар. Оилали бўлгач, санъат соҳасида фаолият юритишимга тўсқинлик бўлишини ўйлаган бўлсалар керак. Мактабни тугатиб, икки йил ёшлар етакчиси бўлиб ишладим ва шундан сўнггина санъат олийгоҳига ҳужжат топширишимни айтганимда, онам “барибир кира олмайди-ку”, деган ишонч билан рухсат бердилар. Аммо мен ўқиган китоб­лар олами, улардан олган сабоқ ва билимларим талаба бўлишим учун барча йўлларни очиб берди. 

– Маҳмуд Исмоилов билан турмуш қуришингиз муҳаббат мевасими ёки тасодифми?

– Олийгоҳни аъло баҳолар билан тугатгач, ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига йўлланма олиб чиқарканман, рўпарамдан чиққан Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров менга ўз насиҳатларини бердилар: “Қизим, ҳали ёшсан, ёшлар театрида ишлагин, ўзингга пойдевор қургин, ундан кейин хоҳлаган театрингда ишлайверасан,” дедилар ва мен ортимга қайтиб, йўлланмамни ўзгартирдим. Бу бежиз эмас экан. Тақдири азал деган нарса бор. Шу театрга келдим ва бу ерда Маҳмуд Исмоиловни учратдим, у билан танишдим. Орадан вақт ўтиб, муносабатларимиз муҳаб­батга айланди ва биз турмуш қурдик. Касб танлашда ҳам, оила қуришда ҳам ҳаёт мени ўз сўқмоқларида адаштирмаганлигидан бағоят хурсандман.

– Сиз келин бўлиб тушган оиланинг санъатга муносабати қандай эди?

– Маҳмуд аканинг оиласи – санъаткорлар оиласи эди. Раҳматли қайнотам Ҳусан Исмоилов Алишер Навоий номидаги катта опера ва балет театрида фаолият юритар, республикада биринчи бас овоз соҳиби эдилар. Оиласидагиларнинг барчасининг санъатга, адабиётга меҳри баланд бўлиб, бир сўз билан айт­ганда, уларнинг қарашлари, фикр­лашлари бир хил эди. Бу эса биз, ёш оила соҳибларининг бахтимизга бахт қўшди. 

Маҳмуд ака болалигидан ўткир зеҳнли, тартиб-интизомли йигит бўлиб камол топганлар. Оиласида ота-онанинг ҳурмати баланд, фарзанд­ларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати кучли, ўзаро муносабатлари ҳурмат асосида мустаҳкамланган эди. Шу томонлама оилаларимиз жуда ўхшарди. Балки шу боисдан тақдир бир-биримизга учраштиргандир. 

– Ҳаёт ҳамиша равон эмас. Унинг пасту баланди бўлиши табиий. Ёш оиланинг бахтиёрлиги ёки аксинча, иқтисодий қийинчиликлари нималардан иборат эди? 

 – Тўғри айтасиз, ҳаёт ҳамиша бир текис давом этмайди. Унинг ўнқир-чуқурлари ҳам бор. Бизнинг вазифамиз эса ана шу нотекис йўлларда ўзимизни, ўзлигимизни, яқинларимизга меҳримизни йўқотмаслигимиздадир. Оладиган маошимиз ойдан-ойга, гоҳида оддий эҳтиёжларимизга етмасди. Аммо биз сабр қилдик. Рўзғоримиздан тежаб-тергаб йиққанларимизни болаларнинг зарурати учун ишлатдик. Муҳими, эр-хотин бир-биримизни тинг­лай олар ва тушунар, бир-биримизнинг фикримизни қувватлар ва суянар эдик. Бу бахт­­ли яшашнинг бирламчи қонуни. Спектаклдан чиқиб, дуб­ляжга, қўшимча ишларга югурардик. Аммо иккаламиз ҳам ҳалол меҳнатдан нолимас, чарчадим, демасдик. Яхши яшаш учун сабрли бўлиш, интилиш, доимий ҳаракатда бўлмоқ лозим. Биримиз ишдалигимизда иккинчимиз болаларга қарар эдик. Бундай ҳолат соғлом оилавий муҳитдагина кўринади. 

– Ҳаётингиз давомида актёр билан сизнинг қарашларингиз ўртасида тафовутлар борлигини ҳис қилганмисиз?

 – Тўғри, ҳар бир оилада тушунмовчилик, келишмовчилик, қарашлар, фикрлар қарама-қаршилиги бўлади, бусиз иложи йўқ. Аммо биз муаммоларни ҳамиша ақл ва босиқлик билан ҳал қилганмиз. Мен ҳар қандай ҳолатда уйдаги эркак ўрнини аёл, яъни мен боса олмаслигимни аниқ билардим ва ҳозир ҳам аёллик ўрнимни яхши биламан. Оилада эрнинг мавқеи баланд. Буни аёлию фарзанд­лари яхши билса, хонадонда беҳуда тортишувлар, уриш-жанжаллар бўлмайди.

– Машҳурлик ҳамиша катта меҳнат ва оилада кимнингдир санъати қурбонлиги эвазига бўлади. Баъзи эркаклар бу борада кўпинча оила ташвишлари ва болалар тарбияси баҳона, қанчалик истеъдодли бўлмасин, аёлини уйда ўтқизиб, ўзлари машҳурлик сари интилишади. Сизларда бу масала қандай ҳал этилган?

– Ҳар бир санъаткор, албатта, машҳурликка, таниқли бўлишга интилади. Бунга эса ҳар ким фақат ўз меҳнати ортидан эришади. Мен илк бор театрга келганимда Ўзбекистон халқ артисти Рихсихоним Иброҳимова қарши олгандилар. Мен у ерда Сорахоним Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Яйра Абдуллаева, Икромахон Болтаева каби қанчадан-қанча буюк дарғалар билан ёнма-ён, ҳамнафас бўлиб ишлаш саодатига мушарраф бўлдим. Рихсихон Иброҳимова мени, тортинчоқ, ёш қизни санъатнинг ўнқир-чўнқир йўлларидан олиб ўтдилар. Маҳмуд ака ҳам ана шундай қийинчиликларни енгиб ўтдилар: дубляж соҳасида, кинода самарали ижодий фаолият олиб бордилар. Машҳурлик фақат меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат туфайлигина томошабин томонидан қилинадиган улуғ эътирофдир. Маҳмуд ака ҳам, мен ҳам ишимизга масъулият билан қараганмиз. Сен уйда ўтир, деган гаплар бўлмаган. Чунки оила теб­ратиш, рўзғорнинг кам-кўс­тини тўлдириш лозим эди. Юқорида айтганимдек, ишимизни иккаламиз келишиб режалаштирардик, биримиз уйдалигимизда болаларга қарар, иккинчимиз ишлардик ва ёки аксинча. Биз машҳурлик учун эмас, ўз вазифамизни бажариш мақсадида тинимсиз меҳнат қилдик. 

– Ҳаёт инсонга гоҳ асал, гоҳ заҳар тутади…

– Ҳаётда ҳар бир инсоннинг бошида турли синовлар бўлар экан. Мен одатда ўтмишимдаги қора кунларни эслашни хоҳламайман. Бахтимизга соя солган кунлар қанчалик оғир бўлмасин, улар заҳрини бирга тотганмиз. Ота-оналаримизни йўқотишимиз ҳамда турмуш ўртоғимнинг оғир хасталикка чалинганликлари… Ҳаётимдаги энг яқин инсонимни йўқотишим мумкинлиги ҳақидаги ўй мени адойи тамом қилди. Ана шундай пайтларда яқинларимнинг меҳр-оқибатигина мени суяб турди. Уч нафар қизим, куёвларим ўғил бўлиб ёнимда туришди, кечалари касалхонада ётиб, отасига қарашди. Ҳар қандай бемор бундай меҳрибонликдан куч олади ва дардни енгиш учун ўзида куч топади.

– Умр зарварақларингиздаги энг гўзал саҳифалар, бахтиёр кунларингиз ҳақида ўйлаганда нималарни эслайсиз?

– Аслида икки нафар бир-бирини қадрлайдиган инсоннинг оила қуришининг ўзи бахтли кунлар дебочасидир. Қолаверса, фарзандларимиз туғилиши, уларнинг тўйлари, неваралар кўришимиз ҳаётимизнинг энг ёрқин саҳифалари, бахтнинг гўзал кўриниши бўлди. Чунки бундан тотлироқ нарса йўқ. Ҳар бир инсон ўқилмаган китобдир. Уни, яьни жуфти ҳалолининг қалбидаги ниятини ўқий олган, уқа олган инсон, албатта, бахтли бўлади. Муҳими, яхши кунларда биз ҳамиша бир-биримизни севиб, ардоқлаб яшадик, ёмон кунлар ортда қолишини эса ҳамжиҳатликда, қўлни-қўлга бериб умид билан кутдик. Мен бахтли аёлман. Чунки Аллоҳ менга меҳр-оқибатли инсонлардан иборат оила берди, бундай улуғ сийлов билан сийлагани учун Яратганга шукур қиламан!

– Актёрнинг бошқаларга ўхшамаган жиҳатлари борми?

– Ҳа, албатта бор! Маҳмуд ака оғир, босиқ, ақлли ва мулоҳазали инсон. Яратаётган ҳар бир образи унинг адолатли инсонлигини кўрсатиб туради. У киши ўз ижодларида ҳеч қачон қайсидир актёрга ўхшашга ҳаракат қилмаганлар. Бу тақлидга олиб боради. У киши ўз овози, ўз иқтидорини намоён қилишни – Маҳмуд Исмоилов бўлишни хоҳлаганлар ва бунга эришганлар ҳам. Тўғри, улуғ ижодкорлардан ниманидир олишга ҳаракат қилардилар, аммо ижрони эмас. Ишга, ролга, саҳнага бўлган муносабатни, томошабинларга бўлган ҳурматни устозлардан ўрганганлик­ларини бот-бот такрорлайдилар. Аммо буюк актёрларнинг биронтасининг тақлидчиси бўлишни истамайдилар. Ҳар бир актёрнинг ўз “мен”и бўлиши лозим, деб ҳисоблайдилар. Баъзи бир санъаткорлар залда одам кам бўлса ролини тўлақонли ижро қилмайди, маромига етказиб ўйнамайди. Буни томошабин сезмаслиги мумкин, аммо парт­нёр яхши англайди. Маҳмуд ака бунақа масъулиятсиз актёрларни ёқтирмайдилар ва ўзлари ҳеч қачон бундай йўл тутмайдилар: бир томошабинми, минг томошабинми – ролини мукаммал ижро этадилар. Бу уларнинг касбига нисбатан қанчалик ҳалол муносабатда бўлишини, адолатли инсон эканини англатади. ”Биз актёрлар маданият, зиё таратувчи кишилармиз. Шунинг учун ҳар биримиз ҳамкасбларимизга ҳам, томошабинларга ҳам, оиламизга ҳам – ҳаммага, ҳар томонлама ибрат, ўрнак бўлишимиз лозим. Ҳар бир санъаткор ўз овозига, ўз ижросига, ўз услубига эга бўлиши лозим. Кимдир, қачондир “Мана бу ижрода Маҳмуд Исмоиловнинг ижросини кўрдик”, деса мен учун улуғ мукофот шу!” дейдилар.  

– Фарзандлар бошига қийинчилик тушса, аввало, сизга суянишадими ёки отасигами?

– Қизларимизнинг учаласи ҳам олий маълумотли. Уларни оқила, илмли қилиб тарбия­ладик. Соғлом муҳит шаклланган, ибратли оилаларга келин бўлишди. Келин бўлиб тушган жойларида ҳам ўзларини муносиб тутиб, қайнона-қайнотасига ҳурмат кўрсатишни, турмуш ўртоғига гўзал муомала қилишни, муаммоларнинг олдини олишни ақлу заковати билан бартараф этишни биз – ота-онасидан ўрганишган. Шунинг учун улар бирон масалага ечим тополмай, бизга мурожаат қилишмаган. Чунки бахтли бўлиш ўзларининг қўлида эканлигини ота-онасининг ҳаёти тимсолида кўришган. 

– Бир соҳада ишлашнинг афзаллиги ҳам, қийин томони ҳам бор. Шундай эмасми?

– Эр-хотиннинг бир соҳада ишлаши масъулият талаб этади. Авваломбор, ўзини тутиши, муомала-муносабатида эр хотинининг, хотин эрининг юки залворини зиммасига олади. Бунинг устига кичик куёвимиз ҳам биз билан бирга ишлайди. Бу эса учаламизнинг ҳам зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Негаки, бирон ножўя ҳаракат ёки гап-сўзинг дарҳол жамоа тилига тушади ва бу яқинларингнинг бошини эгиши мумкин. Биз бир-биримизни яхши билганимиз, ишонганимиз учун ортиқча гап-сўзларга эътибор бермаймиз. Яхши томони, доимо бир-биримизнинг камчилигимизни тўғрилаб, тўлдириб борамиз, ёрдамимизни аямаймиз. Баъзида “Театрда эр-хотин деган гап бўлмайди, фақат ҳамкасб деган ибора бор”, дегувчилар ҳам топилади. Аммо оила ҳамма жойда оила. Агар менга кимдир нотўғри муносабатда бўлса, ноҳақлик қилса, албатта, турмуш ўртоғим менинг ёнимда турадилар. Ҳамиша, ҳамма жойда қалқон бўладилар. Баъзида оиламиз тотувлигига чўп ташлашни ният қилганлар, туҳмат қилувчилар ҳам топилади. Жуфти ҳалолим мени ундайлардан асраб юрадилар.

Аммо биз ҳеч қачон бир-биримизга фалон ролни ўйнанг, бу ролни ижро этманг, деб шарт қўймаганмиз. Фақат бир-биримизга талаб эмас, илтимосимиз бор. Бу – ёмон хулқли, ахлоқи бузуқ эркак ва аёллар ролини ўйнамаслик! Чунки халқимизнинг ўзига хос қад­риятлари, менталитетимиз талаб қилади буни. Кўп нарсада фикримизнинг бир жойдан чиқиши Аллоҳнинг бизга берган инояти, бахтидир, балки. 

– Маҳмуд ака ўз касбидан ташқари яна нималарга қизиқадилар? Бўш вақтларини қандай ўтказадилар?

– Инсон ҳаётда фақат ўз касби билан шуғулланиши жуда зерикарли бўлса керак. Бир йигитга қирқ ҳунар оз деганларидек, Маҳмуд ака устачиликка қизиқадилар. Ишдан бўш вақтларида уйда бузилган асбоб-ус­куналар бўлса тузатиб роҳатланадилар. Шунинг учун уйга уста чақирмаймиз. Аслида у киши мактабни тугатиб, ҳарбийликка ўқимоқчи бўлганлар, аммо ота-оналарининг қаршиликлари туфайли орзуларидан воз кечган эканлар. Қайнотам ўғлининг актёр бўлиш­ларини ҳам истамаган: “Санъаткорда дўст бўлмайди”, дер эканлар. Аммо Маҳмуд аканинг синф­дошлари газетада Островский номидаги театр ва рассомчилик институтига талабалар қабул қилинаётганлиги ҳақидаги эълонни кўриб: “Сен шу институтга ҳужжат топшир, отангга ўхшаб санъаткор бўлсанг зўр-ку”, деб ҳужжатларини олийгоҳга топширтиришган экан.

Маҳмуд ака дубляжга жуда қизиқадилар, аммо спектаклларда роль танлайдилар. Бугунги сценарийлардаги саёзлик у кишига маъқул эмас. “Мавзулар бир хиллиги, яъни, қайнона-келин, қудалар келишмовчилиги, шундан бошқа муаммо йўқми?” дейдилар куйиниб. Уларга ўзлари роль ижро этган “Туташ тақдирлар”, “Кўнгил кўчалари”, “Қайтар дунё”, “Опа-сингиллар” каби кенг қамровли, воқеаларга бой, фалсафий спектакл­лар ёқади.

– Ойлаб давом этадиган съёмка жараёнларида иштирок этишингиз лозим. Бунинг устига уйдан олис ҳудудда. Бунга умр йўлдошингиз қандай қарайди?

– Мана, бугун ҳам яна бир ижодий сафардан келдим. Биз ижодкормиз. Ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз. Ҳамиша Маҳмуд ака ёки мен ойлаб ижодий сафарларда бўламиз. Бундай жараёнларда фарзанд тарбиясини ҳам, рўзғор ташвишларини ҳам биримиз ўз зиммамизга оламиз.

– Сизга берилган совғалари ичида энг яхшиси қайси?

– Мен учун совғанинг катта-кичиклиги муҳим эмас. Менга берган эътиборларининг қадри баланд. Айниқса, ишдан толиқиб келган вақтларим Маҳмуд аканинг ширин таом тайёрлаб қўйганларини кўриб, бирам хурсанд бўламан. Бирга овқатланиб, узоқ суҳбатлашиб ўтирамиз. Ана шу ўтиришимизнинг ўзи мен учун ҳар қандай совғадан аъло.

– Икки инсоннинг орасида тушунмовчилик чиқиши табиий. Сизларда бундай масалалар қандай ҳал қилинади?

– Ҳеч қачон уйимизда қўшни эшитадиган даражада жанжал бўлмаган. Аммо тушунмовчилик­лар, майда-чуйда хатолар бўлади. Бизнинг ёшимизда – уч қизнинг ота-онаси, уч куёвнинг қайнота-қайнонаси, саккиз неваранинг бобо-бувиси сифатида уларнинг ютуқлари, бахтидан қувониб, дуода, тинч-тотув ижодимизни қилиб ўтириш жуда тотли.

– Фарзандлар орасида ота-она касбига меҳр қўйганлари борми?

– Қизларимиз болалигида биз билан ижодий сафарларда кўп бўлишган, касбимиз қийинчилик­ларини кўришган. Биз уларга касбни ўзлари эркин танлаш имконини бердик. Аммо улар бошқа соҳаларни танлашган. Катта қизимиз Шарқшунослик институтида магистратурани тугатди, ўртанча қизимиз руҳшунос, кичиги ўқитувчи. Уларнинг барчаси иқтидорли, бир неча тилни билишади, ўз касбининг усталари эканлигидан ғурурланаман. 

– Аёлнинг бахтли бўлиши учун нималар керак? 

– Аёлнинг бахтли бўлиши учун кўп нарса керак эмас, оиласи тинч-хотиржам бўлса, оиласида ҳурмати, ўрни бўлса бас. Бугунги ёшларимизнинг фикри бошқача: бир кунлик дабдабали тўйнинг орзусини қилишади. Аммо тўй ўтгач, ҳақиқий турмуш бошланади. Бир-бирини тушуниб, ҳурмат қилиб, бир-бирининг айбини яшириб яшаш ҳам маҳоратдир. Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади, дейишади. Уруш-жанжал арзимаган майда-чуйда нарсалардан бошланади. Икки ёш бир-бирини ардоқлаб яшаса, улардан бахтли одам бўлмайди. 

– Санъаткорнинг оиласи бошқа оилалардан нимаси билан фарқланади?

– Биз жуда кўп сафарларда, давраларда, одамлар орасида бўламиз, тинимсиз турли образлар яратамиз. Уларнинг турмуш тарзи билан танишамиз. Ҳар биридан нимадир ўрганамиз, ибрат оламиз. Бу ўз-ўзидан ҳаётимизда из қолдиради, бизга сабоқ бўлади. Мен ўз оиламизнинг ички ҳаётини, маданиятини, бир-биримизга меҳримизни бошқа оилаларда кўрмайман. Санъаткор камгап, камтарин, синчков, кузатганларидан чиройли хулоса чиқарадиган маданиятли инсон бўлиши керак. Оиласи ҳам.

– Салбий ролларда ҳам ўйнаганмисиз?

– Бутун ижодим давомида икки марта салбий образ яратганман. “Абай” спектаклида Кейиккей – қаттиққўл, жоҳил аёл образини, “Ўтган кунлар” фильмида Зайнабнинг опаси, уни Кумушга заҳар беришга ундаган Хушрўйбиби ролини ижро этганман. Аслида менга Офтобойим ролини беришган эди. Бирданига режиссёрнинг фикри ўзгарди ва ўша куни Хушрўйбиби ролини ижро этадиган актриса келмай қолди ва мен бу ролни ижро этдим. Аммо кутилмаганда бу роль менга муваффақият олиб келди. 

– Айтишларича, ҳар бир инсон ўз жуфти билан яраларкан. Агар ўз жуфтини топиб турмуш қурса, бахтиёрликда, акс ҳолда ҳоли забун яшаркан. Бу бир ривоят. Аммо бахтли турмуш тақдири азалми ёки инсоннинг ўзига ҳам боғлиқлиги борми?

– Мен яхши кўрадиган яна бир ривоят бор: Бир чўпоннинг оқила ва солиҳа хотини бор экан. Уларнинг бахтли яшашига ҳамманинг ҳаваси келаркан. Кимнингдир хонадонида нотинчлик бўлса, эри аёлини: “Бориб чўпоннинг хотинидан ибрат олиб кел”, деб юбораркан. Бир куни хожа ҳам хотини билан жанжаллашиб қолиб, уни чўпоннинг хотини ёнига юборибди. Шунда аёл чўпоннинг уйига бориб, дарвозасидан мўраласа, аёл офтобда исиб қолган сувдан ичаётганини кўрибди ва “Ассалому алайкум. Менга ҳам бир пиёла сув берсангиз, чанқадим”, дебди. Чўпоннинг аёли хожанинг хотини билан сўрашгач, “Ҳозир сизга ичкаридан муздек сув олиб чиқиб бераман”, дебди. Бундан ажабланган аёл нега ўзининг илиқ сув ичаётгани сабабини сўрабди. Чўпоннинг хотини эса: “Ҳозир эрим кун иссиғида мол боқиб, кўзасида исиб қолган сувини ичаяпти, мен соя-салқинда ўтириб, муздек сув ичиб роҳатлансам, қандоқ бўлар экан?” дея саволга савол билан жавоб берибди. Тўғри, бу ҳам бир ривоят, аммо ёшларимиз ибрат олса арзийдиган ривоят. Икки ёш бир-бирини шу қадар ардоқласа, бахтли бўлишига шак-шубҳа йўқ. 

– Шоҳида опа, суҳбатингиз учун ташаккур! Сизларга ижодий парвозлар ҳамроҳ бўлаверсин!

“Adolat” мухбири Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона ва Тошкент шаҳри)

admin

1 МАЙДАН ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?
Янги йўл ҳаракати қоидалари жорий этилади
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.

admin

ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАМДА РАҒБАТЛАНТИРИШНИ КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin