ADOLAT 24

Қадриятлар ҳамиша улуғ

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Aна шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Бу жиҳатлар юртимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлмоқда. Халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, мурувват ва ҳиммат барча байрамларимиз сингари “Хотира ва қадрлаш куни” мисолида ҳам ёрқин намоён бўлади. Инсон – ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гап кетса, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Aйниқса, ўтганларни хотирлаш, азиз отахон-онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача. Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қад­рият. Хотирлаш халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Жумладан, партия­миз томонидан ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, байрам куни Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларига гувоҳ бўлган отахонларимиз, юзу кўзида нури бор нуронийларимиз ҳамда бемор ётган ёши улуғ нуронийларимиз ҳолидан хабар олинади.

Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир.

Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдош­ларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларнинг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жонини фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу – тарихдир. Зеро, ўтганларни эслаш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Муҳиба БОБОБЕКОВА,

“Aдолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Коронавирус инфекциясидан эҳтиёт бўлинг!

admin

ДЕПУТАТ – ЭЛ КЎМАКДОШИ

admin

Аму соҳилидаги афсонавий шаҳар

admin