ADOLAT 24

ҚОРАҚАЛПОҚ ҚЎШЧИНОРИ 9 май — Хотира ва қадрлаш куни олдидан

Ботир ҳам, шоир ҳам “дарёдек тўлиб оқиши, сўзи халқига ёқиши” керак, деган эди саҳро булбули деб ном олган қорақалпоқ халқининг улуғ шоири Кунхўжа Иброҳим ўғли. Бугун қорақалпоқ адабиётининг қўшчинори, қўшбойтераги – Ўзбекис­тон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновнинг доимо халққа бахшида бўлган баракали умрлари, олмос қирраларга эга бетакрор адабий мерослари хусусида баҳоли қудрат сўз юритишга жазм этдик. 

Маданиятимиз, бадиий адабиётимиз равнақига салмоқли улуш қўша олган бу икки улкан сўз санъаткори ана шу табаррук тупроқнинг азиз фарзандлари ҳисобланадилар. Атоқли шоир И.Юсупов 1929 йилнинг 5 майида Чимбой туманининг Азат, атоқли адиб Т.Қаипбергенов Кегейли (ҳозирги Нукус) туманининг Шўртанбой овулида таваллуд топ­дилар, иккови ҳам бир арнанинг сувини ичдилар. Иккови ҳам Ёзувчилар уюшмаси деган бағри гоҳи каталакдек тор, гоҳи олам қадар кенг ташкилотнинг қозонида қайнаб ўсдилар. Ошиқ Аёз – И.Юсупов уюшмага 1956 йили, Т.Қаипбергенов 1957 йили қабул қилиндилар. Таниқли шоир Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасига 1965-1980 йилларда, таниқли адиб 1980-2010 йилларда, яъни биринчиси 15 йил, иккинчиси 30 йил раислик қилдилар. Ўз она тили ва бошқа тилларда шоирнинг 50 дан, адибнинг 100 дан ортиқ мағзи тўқ китоблари чоп этилди. И.Юсупов Бердақ номидаги давлат, Ҳ.Олимжон номидаги адабий мукофотлар, қатор орденлар соҳиби. Т.Қаипбергенов СССР давлат мукофоти, Ҳамза, Бердақ номидаги давлат, М.Қош­ғарий, М.Шолохов халқаро адабий мукофотлари, бир неча орден ва медаллар соҳиби эди. Энг муҳими иккаласи ҳам сайёрамиздаги миллион-миллион нафар китобхонларнинг меҳрига сазовор бўлдилар. Бу ўринда бир жиҳатни алоҳида қайд қилиб ўтиш керакки, ҳар қандай ижодкорнинг асарларини халқ билан бирга унинг ҳамкасблари ҳам ўқийдилар. Шоир ижодига академик Ғ.Ғулом, Зулфия, Қ.Қулиев, Р.Ҳамзатов, М.Луконин, Э.Воҳидов, И.Ғафуров, адиб ижодига академик А.Сахаров, А.Қаҳҳор, Ч.Айтматов, Ҳ.Ғулом, О.Ёқубов, А.Орипов, Ф.Нас­риддиновдек забардаст қаламкашлар юқори баҳо берган эдилар.

Шоирнинг бебаҳо адабий меросида:

Мени ўз вақтида туққанинг учун,

Раҳмат сенга, замоним – 

деган сатрлар бор. Ҳар кимнинг ўз замони, ўз машаққати, ўз сўқмоғи бор. Шундай бўлса ҳам таъкидлашга мажбурмиз: шоир ва носирнинг замонавий қорақалпоқ адабиётида иккинчи тўлқин бўлиб дунёга келгани омад эди. 

Қорақалпоқ адабиётида ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида кўплаб ўтли шеърлар ва драмалар, қирқинчи йилларида бадиий бақувват достонлар ва ҳикоялар, эллигинчи йилларида бир қанча қиссалар ва романлар ёзилишига қарамасдан, мазкур асарларнинг аксарияти социалистик реализм қолипига солинган эди. Бироқ қай йўсинда талқин қилинишидан қатъи назар қорақалпоқ поэзияси ва прозасида бўй тиклаган қўшчинор – И.Юсупов ва Т.Қаипбергенов ушбу адабиётда янги даврни, жаҳон адабиёти томон қутлуғ қадамларни бошлаб берди. 

И.Юсупов ва Т.Қаипбергенов бадиияти худди ўз замондошлари Шукрулло ва О.Ёқубов, Ч.Айтматов ва С.Эралиев, А.Нурпеисов ва Ж.Мўлдоғалиев, О.Отажонов ва Т.Жумагелдиев, М.Қаноат ва Ф.Муҳаммадиев, Н.Ҳазрий ва Б.Ваҳобзода, Я.Смеляков ва Ю.Бондарев каби пешқадам сўз усталари сафида ўз асрининг энг эзгу орзулари ва армонларини акс эттирдилар. Улар эстетик қарашлари ва бадиий услублари билан сафдош­лари орасида яққол ажралиб турадилар.

Бахт ва баҳорнинг доно куйчиси Ибройим Юсуповнинг “Бахт лирикаси”(1955), “Кунчиқар йўловчисига”(1959), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”(1971), “Беклигинг­ни буз­ма сен”(1995), “Ҳаёт, сенга ошиқман”(1999), “Ҳар кимнинг ўз замони бор”(2004) шеърий тўпламлари, “Саҳро орзулари”(1966), “Тўмарис”(1974) достонлари, “Умрбек лаққи”(1966), “Мангу булоқ”(1986) драмалари (китоблари ва асарларининг бир қисминигина санаб ўтдик) қорақалпоқ адабиётининг олтин хазинасидан ўрин олди. Ўзбек тилида чоп этилган “Раҳмат, сенга замоним”(1979), “Сўфитўрғай саломи”(2015), рус тилида босилган “Глаза ящерицы”(1973), “Стремлюсь всей душой”(1986), қирғиз тилида ўқирманларга тортиқ қилинган “Тала қыялдары” (1969), туркман тилида эълон қилинган “Эриклер гулленде” поэтик китоблари шоир ўқувчилари жўғрофиясини янада кенгайтирди. У ўз она тилига А.Навоий, А.Пушкин, У.Шекспир, Т.Шевченко, Абай, А.Тўқай асарларини маҳорат билан таржима қилди. Шоир ижоди ҳақида академиклардан М.Нурмуҳаммедов, М.Қўшчонов, Ж.Бозорбоев, таниқли мунаққид И.Ғафуров, фан докторлари ва номзодларидан С.Аҳмедов, К.Қурамбоев, С.Баҳодирова, К.Алламбергенов, Т.Мамбетниёзов, З.Бекбергенова ва бошқалар мағзи тўқ мақолалар ёздилар.

Қўшчинордан бири бўлган Тўлеп­берген Қаипбергенов қорақалпоқ прозасини асрий ўтовдан кенг олам саҳнига олиб чиқди. У биринчи қиссаси биланоқ атоқли адиб Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушган омадли ижодкор эди. “Бир совуқ томчи”(1956) деб номлаган ушбу асарини устоз адибнинг ўзи ўзбек тилига таржима қилиб, у пайтлари А.Мухтор бошқараётган “Шарқ юлдузи” журналида бостирди. Қисса қисқа вақт ичида ўндан ортиқ тилларга ўгирилди. “Муаллимга раҳмат” (1959) повес­ти ҳам адибга катта шуҳрат келтирди. Асар 1963 йили ўзбек, 1965 йили эстон, 1966 йили рус, кейин молдаван, қозоқ ва бошқа қатор тиллар орқали ўқирманларга етди.

(Чапдан) Абдулла Орипов, Миремир,
Ибройим Юсупов ва Эркин Воҳидов

Адиб ўз вақтида буюк А.Қодирий карвонбоши ўзбек, улуғ М.Авезов сарбон қозоқ, атоқли Б.Кербобоев етакчи туркман романчилик мактаби сирларини синчиклаб ўрганди. Айни чоғда Стендаль, Бальзак, Флобер, Толстой, Диккенс, Фолк­нер, Тагор, Хемингуэй каби жаҳон классик романнавислари асарларини қизиқиш билан ўқиди. Натижада 1960 йили “Сўнгги ҳужум” романи, 1966 йили “Қорақалпоқ қизи” дилогия­­си, 1976 йили “Қорақалпоқ дос­тони” трилогияси, 1985 йили “Қорақалпоқнома” роман-эссеси, 1986 йили “Кўз қорачиғи” романи қорақалпоқ китобхонига армуғон бўлди. Улар бугунги кунда жаҳоннинг қирқдан ортиқ тилларига ўгирилган. Т.Қаипбергенов прозаси ҳақида атоқли замондош­ларидан Ч.Айтматов, А.Орипов илиқ фикрларини битдилар. “Қорақалпоқнома” китобига О.Ёқубов сермазмун сўзбоши ёзди. Истеъдодли адабиётшунослардан П.Шермуҳаммедов, П.Нуржанов, М.Ломунова ва бошқалар адиб бадиияти тўғрисида алоҳида монографиялар ёзишган.

Т.Қаипбергенов бутун умри бўйи машаққатдан роҳат излаган фидоий инсон эди. 1980 йилнинг баҳорида қорақалпоқ ёзувчилари адибни ўз уюшмаларига раис этиб сайладилар. Албатта, бу унинг тенгдоши, дўстлари, яқинлари учун ўнғай ечим бўлмади. Кўп ўтмай Қорақалпоғистонда Доғис­тон адабиёти ва санъати кунлари бўлди. Тантанада Тўлеп­берген оға атоқли шоир Расул Ҳамзатовга элимизнинг бир сиқим тупроғини тортиқ қилди. Доғис­тон донишманди “Бу мен учун бир ҳовуч олтиндан минг бора қадрли!” деди. “Қорақалпоқ дос­тони” трилогияси минтақалардан минтақаларга кириб борди. 

Чингиз Аймаов ва Тўлепберген Қаипбергенов

Кончи конини тушунади, дейдилар. Ибройим шоирнинг жон жўралари – Р.Ҳамзатов, Ч.Айтматов, М.Карим, Д.Қўғултинов 1989 йилнинг 30 майида яна бир бор Тўлеп­берген оғага тасанно айтдилар. Устоз Кремль саройи минбаридан туриб жаҳон жамоатчилигига Орол фожиасини рўй-рост ошқор қилди. Жаноб М.Горбачёвга қарата “Мабодо биз томонларга бориб қолсангиз, йўл четидаги тузларни қор деб ўйламанг. У бизларнинг пешонамизнинг шўридир. Яна бир гапни билиб қўйинг, бизнинг оналар боласини эмизишга қўрқади. Чунки она сути заҳарга айланмоқда!” деди. Ўша съездда қатнаш­ган яна бир устозимиз, қаҳрамон шоир Абдулла Орипов “Тўлепберген оға ўша аччиқ гапларни айтганида Сибирь дарёларини бизга буриш ишига қарши бўлган Сергей Залигиннинг ранглари оқариб кетди”, деган эди. Академик А.Сахаров “Знамя” журналида Тўлепберген оғанинг нутқини “анжуманнинг энг драматик чиқиши”, деб баҳолади.  

Кўнгли очиқнинг йўли очиқ, дей­дилар. 1990 йили устоз нафақат Қорақалпоғистонда, балки Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб муқаддас ҳаж зиёрати амалларини бажарди. Қайтиб келганида “Аллоҳнинг уйи олдида туриб, халқимга бахт, Оролимга сув сўрадим!” деди. Ва 1992 йили юрагидаги бор изтиробни “У дунёга отамга хатлар” қиссасига тўкди: “Балогардонимиз Оролнинг кўз юмишини бетоқат пойлаб ётган икки тилсиз ёв – Қорақум билан Қизилқумнинг авзойини ўз кўзим билан кўриш мақсадида уларнинг қошига бордим. Дарҳақиқат, бу тилсиз ёвлар алланечук жонланиб қолишган. Оч бўридек кўринган жонзотни ғажийман, деб тиш қайраб туришибди. Қумбўрон кўз очирмайди”. Асар тезлик билан жаҳоннинг кўп­лаб тилларига ўгирилди. Қисса учун адибга М.Шолохов мукофоти берилди. Адиб Туркистон халқлари маданиятлари ассоциациясининг меъморларидан бири, фонд бош­қарувининг раиси бўлди…

Қорақалпоқ қўшчинори ҳақидаги мақоламизни икки гужумнинг бири Ошиқ Аёзнинг ушбу ёруғ мисралари билан якунлашни маъқул кўрдик:

 Дарё бугун қайтса, эртага тошар,

Инсон бахтин кўриб қувончим ошар,

Шоир армон қилган авлодлар яшар,

Бир маҳаллар Бердақ юрган ерларда!..

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

Миллатнинг қалби, маънавий хазинаси

admin

Болаларга муносиб туҳфа

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД БАҲРОМ АБДУРАҲИМОВИЧ АБДУҲАЛИМОВнинг таржимаи ҳоли

admin