ADOLAT 24

Миллат тарбиячиларига эҳтиром

Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувидаги, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шу боис мамлакатимизда аёл раҳбарлар – вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бормоқда. 

“Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларимизнинг 13 нафари (61,9%) ҳамда партиямиздан сайланган сенаторларнинг 3 нафарини хотин-қизлар ташкил этаётир. Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 35 нафарини (34%), маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 219 нафарини (29,6%) ҳамда партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 76 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Партиямиз жамиятда хотин-қизларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш лозимлигини эътироф этиб келади. Хотин-қизларнинг муносиб меҳнат қилиши, қобилияти, салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, жамиятдаги ўрни ва мақомини мус­таҳкамлашга кўмаклашиш партиямизнинг муҳим вазифаларидан биридир.

“Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамаларида ҳам партиянинг “Аёллар қаноти” кенгаши аъзолари иштирокида “Конс­титуциявий ислоҳотларда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида 500 дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил этилди ва партия фаоллари томонидан 800 га яқин таклифлар берилди. 

Маълумки, янгиланаётган Конс­титуция лойиҳасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан бир қатор нормалар белгиланмоқда. Хусусан, янги Конституция лойиҳасининг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунинг­дек, жамият ва давлат ҳаётининг бош­қа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди” деб белгилаб қўйилмоқда. 

Янгиланаётган Конституцияга кўра, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бош­қаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди. Демак, хотин-қизлар ишда, оилада ёки жамиятда камситилмайди. Янгиланаётган Конс­титуцияга кўра, аёлларнинг ишга олинишидаги тўсиқларга барҳам берилади. Жумладан, аёлларнинг дек­рет таътилига чиқишлари муносабати билан уларни ишга олишдан бош тортиш қонунан тақиқланмоқда. Яъни, ёш болали ёки ҳомиладор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланади. 

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ­ларини қонунчилик доирасида мус­таҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунинг­дек, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Респуб­ликасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилган.

Гендер тенглиги нафақат ҳуқуқларнинг тенглигини назарда тутади, балки эркаклар ва аёллар ҳуқуқларини амалга оширишда тенг имкониятларни, шунингдек, натижалар тенг­лигини таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқий мақомини ўрнатишга қаратилгандир.

Эркак ва аёллар тенглиги ғоясини юнон олими Антифонт ўз асарларида қўллаб: «Табиат барчани: аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тенг қилиб яратади, лекин одамлар инсонларни тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ишлаб чиқишади», деб таъкид­лаган. Барчамизга маълумки, 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган бўлиб, мазкур ҳужжатнинг 1-моддасида «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин, бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак», дейилган. БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро ҳужжат – Фуқаролик ва сиё­сий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасига кўра: «Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади». 

Юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларни ратификация қилган мус­тақил давлатимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган талабларидан келиб чиқиб янгиланаётган Конституцияда аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига жиддий аҳамият берилмоқда. 

Мухтасар қилиб айтганда, аёлларни ардоқлаш, оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан катта аҳамият берилмоқда. Зотан, опа-сингилларимизга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратишда фаол бўлиш, уларни илм олишга, жамиятда фаол бўлишга ундаш нафақат партия­ларнинг, балки барчамизнинг ҳам вазифамиз, ҳам муқаддас инсоний бурчимиздир. Зеро, аёл – жамият кўзгуси, миллат тарбиячиси. Чунки, улар келажагимиз эгаларининг жонажон Ватанимиз равнақи ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қиладиган баркамол инсонлар сифатида вояга етишида муҳим роль ўйнайдилар.

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СЕЙСМИК ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ҲАМДА РАҒБАТЛАНТИРИШНИ КУЧАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

“ЖАДИДЛАР: МИЛЛИЙ ЎЗЛИК, ИСТИҚЛОЛ ВА ДАВЛАТЧИЛИК ҒОЯЛАРИ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin