ADOLAT 24

Барча соҳаларда самарадорлик таъминланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умировнинг Нишон туманидаги “Наврўз” МФЙ фуқаролари билан бўлиб ўтган учрашувида Конс­титуцияга киритилаётган ўзгаришлар батафсил тушунтирилди. Депутат, энг аввало, Ўзбекис­тонда ўлим жазоси тақиқланаётганини таъкидлади. Ўлим жазосини тақиқлашнинг конституциявий даражада белгиланиши инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

Бундан ташқари, Конституция лойиҳасининг 27-моддасида ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт.  

– Ушбу қоида тергов органлари томонидан фуқароларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган, – деди депутат. – Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди. Илк бор Бахтимиз қомуси лойиҳасининг шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, депутат Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли муассасаларда, Нишон туманидаги Каптарли, Кўксой маҳаллалари ҳамда 23-умумтаълим ўрта мактабида ўтказилган семинарларда янги таҳрирдаги Конституцияга судлар фаолияти мус­тақиллиги кафолатларини кучайтириш, судьялар дахлсизлиги ва муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги киритилаётганини алоҳида қайд этди. Ҳақиқатан ҳам, бу ўзгаришдар соҳанинг чинакам мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши ва у одил судловни тўлиқ, мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги тўғрисидаги конституциявий норма адолатли ва мустақил суд тизимини шакллантиришга хизмат қилади. 

Депутат Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб беришини эътироф этди.

Депутатнинг Марказий Осиёда ягона ўзини-ўзи электр энергияси билан таъминловчи, суюлтирилган синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган “Uzbekistan GTL” заводи ишчи-хизматчилари билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам савол-жавобларга бой бўлди. Албатта, улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда саноат ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижасидир. Ушбу завод мамлакатимизда ва умуман, минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Маж­муада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари жаҳондаги энг юқори экологик талаб­лар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди. 

Янгиланаётган Конституциямизда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг янада ривожланишига улкан ҳисса қўшаётган ёш мутахассислар меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. 

Депутат “Uzbekistan GTL” заводи тадбиргоҳида “Давлат бюджетининг ижро этилиш устидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши” мавзуида маъруза қилиб, иштирокчиларга янгиланаётган Конституцияда инсон манфаатлари, халқ фаровонлиги йўлида давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг молиявий таъминотини талаб этиши, бу энг аввало, давлат бюджети орқали амалга оширилиши, уларнинг мақсадли сарфланишининг таъминланиши, давлат бюджетини шакиллантириш ва ижро этиш фаолияти устидан назорат амалга ошириб борилиши алоҳида моддаларда мустаҳкамлаб қўйилганини тушунтирди. 

– Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилаётган 148-моддага кўра, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Бу давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи халқ эканлигидан келиб чиқади, – деди Абдуғани Умиров. – Шунингдек, барчамиз солиқ тўловчимиз, ўз солиқларимизнинг қандай сарфланаётганини билиш, уни назорат қилишга ҳақлимиз. Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланаётган “Очиқ бюджет” давлат сиёсати, бюджет устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш ва бу борада тўлиқ ахборот олиш учун кенг имкониятлар яратмоқда. 

Давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш эса аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур ёрдам кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, депутат янгиланаётган Конституция лойиҳасининг 50-моддасида фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқи, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши, умумий ўрта таълим мажбурийлигини таъминлаш, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида эканлиги, таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши, давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлаши каби нормалар билан мустаҳкамланаётганини бирма-бир тушунтирди. 

Депутат Конституциямизнинг жамиятимиз ривожидаги улкан аҳамияти, унда ҳар биримизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз акс этганлиги хусусида ҳам сўз юритиб, тадбир иштирокчиларини 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

Нодир Исомов, 

депутат ёрдамчиси 

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ    БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin

Адолат – хароб бўлмас бино

admin

Тарбиялаш керак бўлса, ўзингизни тарбия қилинг!

admin