ADOLAT 24

Ажратилган маблағ сарфланган бўлса, СУВ ҚАНИ?..

Сўх тумани доимо ўзининг хушманзара табиати билан ажралиб турган. Ҳудудни ривожлантириш, маҳаллалар ободлиги, барча соҳалардаги ўзгаришлар, янги биноларнинг қурилиши, албатта, унинг тароватини янада оширади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4798 сонли қарорини ўқиганимда, шундай бўлишига ишонганман.  

Бу ҳужжат биз учун, ҳар бир сўхлик учун ниҳоятда аҳамиятли. Чунки 2020 йили Сўхдаги қўшни Қирғизис­тон билан кечган нохуш воқеалар айнан ичимлик суви сабабли юзага келган. Давлатимиз раҳбари ичимлик суви ва бошқа муаммоларни бартараф этиш учун мазкур ҳужжатни имзолаган. 

Ҳужжат билан танишганимдаёқ, насиб бўлса, қурилиш, ободонлаштириш ишларидан сўнг туманимиз кўрки янада ошади, деб ўйлагандим. Афсуски, бундай бўлмади. Президент қарорида туманнинг “Офтобрў”, “Тул”, “Ҳушёр”, “Қақир”, “Қарир-Себзор», “Сариканда”, “Ҳаз­рат Али”, “Равон”, “Янгиариқ”, “Навобод”, “Ленбург”, “Қалача», “Ғазнов”, “Сўх”, “Чашма”, “Демурсад”, “Шарқ­обод” МФЙлари ҳудудида яшовчи 59 минг нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 274 км. ичимлик сув тармоғи тортиш, 30 та ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган эди. Шунингдек, туман сув таъминоти корхонасига 4 та техника воситаларини ажратиш кўзда тутилган. 

Мазкур ишлар амалга оширилиши учун 58 миллиард сўм ажратилган. Маблағ вилоят “Янги авлод” масъулияти чекланган жамиятига ўтказилган ва ишлар 2020-2021 йилларда амалга оширилиши белгиланган. Минг афсуслар бўлсинки, бу ишлар ҳали ҳам “қоғоз”да ётибди. 

Уч йил давомида сўхликлар ичимлик суви билан боғлиқ масалада ўзгариш бўлиши, керакли ишлар амалга оширилишини кутишди. Лекин ҳеч нарса ўзгармади. Охир оқибат ҳудудимизнинг гуллаб-яшнаши учун 2022 йил 17 октябрь кунги сессияда VI-61-101-11-159-K/22 сонли Кенгаш қарори билан қурилиш ва реконструкция ишларини якунига етказиш учун қўшимча 50 миллиард сўм маблағ ажратилишига эришдик. Лекин у ҳам изсиз йўқолди. Бирон бир маҳаллада ишлар охирига етказилиб, аҳоли ичимлик суви билан таъминланмади. 

Президент қарорига бундай ёндашувни қандай изоҳлаш керак? Мазкур МЧЖ раҳбари Муроджон Аҳмедов билан кўп бора боғланишга, белгиланган вазифа ижроси юзасидан маълумот олишга ҳаракат қилдик. Лекин бирор бир самара бўлмади. Пуллар худди сув қумга сингиб кетгандек, на амалда ижроси бор, на бир бажарилиш режаси… 

Энди нима қилиш керак? Вилоятимизда бу саволга жавоб берадиган бирор мутасадди топилармикан?!

Субхонали Нишонов,

 халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Жаҳон аҳлига андин муждаи равон келди

admin

Сохта ДХХ ходими иккинчи марта товламачилик қилаётганда қўлга тушди

admin

So‘z Qurultoy ishtirokchilariga

admin