ADOLAT 24

Халқ манфаатлари асосий мақсад

“Aдолат” СДП томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришга бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда. Ушбу тадбирларнинг навбатдагиси Навоий, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Навоий давлат педагогика институтида “Адолат” СДП Сиё­сий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикова иштирокида “Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда халқ депутатлари вилоят ва маҳаллий кенгашларидаги партия депутатлари, Навоий давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Навоий шаҳридаги ҳарбий қисм аскарлари, партия маҳаллий Кенгашлари ходимлари, партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзо­лари, фаол ва ташаббускор ёшлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси Рус­там Ҳайитов кириш сўзи билан очиб берди.

Учрашувда партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш­ларнинг мазмун-моҳияти, илм-фан, таълим ривожига оид муҳим жиҳатлари, Асосий қонуннинг ҳуқуқий-демократик жамиятни барпо этишдаги роли, инсон қадри тамойилини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар масаласига доир киритилаётган моддалар ҳар бир униб-ўсиб келаётган ёшнинг келажаги мус­таҳкамланаётганидан далолат эканини асосли мисоллар билан тушунтирди ва ўз фикрларини слайдлар орқали иштирокчилар эътиборига ҳавола этди. Маърузачи ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда Бош қонунимиз ва унга киритилаётган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар эволюцион ривожланишимизда муҳим аҳамиятга эга эканлиги, бу эса “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикова ўз сўзида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани замирида жамият ҳаётини янада демократлаштириш асосий мақсад қилиб олингани, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган янги Қомус шаклланаётгани ҳамда Конституцияга киритилган бир қатор янги моддалар тўғрисида гапирди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, НДПИ чет тиллар факультети декани Дилором Шамсиева янгиланаётган Конституция барча жабҳаларни қамраб олганлиги, ҳаётий ва халқчиллиги билан кенг омма орасида қўллаб-қувватланаётганида партиянинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, олийгоҳ жамоаси ва талабалари референдумда фаол иштирок этишини билдирди.

Байрамона руҳда ўтган тадбирда қозоқ, қорақалпоқ, рус ва бошқа миллат вакилларидан иборат талабалар ҳам ўзлари учун энг муҳим бўлган конс­титуциявий нормалар хусусида йиғилганларга сўзлаб берди.

Тадбир сўнггида ёшлар “Конституция – барчамизники!”, “Конституция – ўзимизники” шиорлари остида 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда барчани фаол иштирок этишга чорлашди.

Навоий вилоят Кенгаши матбуот хизмати

***

Бухоро: “Прописка” – бу шунчаки паспортдаги бир муҳргина эмас, инсоннинг бутун ҳаётига таъсир қилувчи тамға эди. У эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини асоссиз чекловчи қонуности ҳужжатлар билан мустаҳкамланганди.

Охирги беш йилда Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли узоқ йиллар давомида фуқароларни қийнаган “прописка” билан боғлиқ муаммолар тўлиқ барҳам топди. Энди бу масалага охирги нуқта қўйилмоқда — инсонларнинг Ўзбекистоннинг исталган жойида яшаш, уй-жой сотиб олиш ҳуқуқи Конституцияда белгилаб қўйилмоқда.

Бухоро давлат унивеситетида янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тадбирда бу ҳақда маълум қилинди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев иштирок этиб, Бош қомусимизга киритилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно, деб белгилаб қўйилмоқда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Тадбирда сўз олганлар Бош қомусимизда ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топаётгани, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошаётганлигини қайд этдилар.

Ўқитувчилар, талаба ёшлар киритилаётган ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилаётганини мамнуният билан тилга олдилар.

Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилаётгани, бу ўз навбатида, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.


**

Қашқадарё: Янгиланаётган Конституция­да барча соҳаларни ривожлантириш қатъий белгиланмоқда. Миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, қулай инвестиция муҳити яратишга алоҳида урғу берилмоқда. Бош қомусимизда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари акс эттирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев иштирокида Ғузор тумани “Обод” МФЙда жойлашган 1-сонли касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтган тадбирда қайд этилганидек, янгиланаётган Конституцияга киритилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бош­лаб тегишли бўлиши ўрин олган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда барчанинг – бир томондан давлат ва унинг органлари тизими, иккинчи томондан инсон, фуқаро ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ва лўнда қилиб белгилаб берилмоқда.

– Қонунда белгиланганидан ташқари бошқа бирор-бир мажбуриятни бажаришга ҳеч ким мажбур эмас, – деди депутат Д.Ҳамзаев. – Конс­титуция­га киритилаётган ушбу норма ҳаётий ҳақиқатларни рўёбга чиқариш орқали оддий одамларнинг ҳаётини янада енгиллаштиради.

Депутат Д.Ҳамзаевнинг Ғузор тумани “Гулшан” МФЙда жойлашган 18-умумтаълим мактаби ҳамда “Авғонбоғ” МФЙда бўлиб ўтган учрашувлари давомида ҳам Бош қомусимизга киритилаётган янгилик­лар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабалари билан бўлиб ўтган учрашуви ҳам самарали кечди.

Очиқ мулоқотда депутат янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва нормалар хусусида батафсил тушунчалар берди. – Янгиланаётган Конституциямизда олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилмоқда, – деди талабалар ҳузурида Махфурат Хушвақтова. – Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши олийгоҳлардаги профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим сифатини янада ошириш, кўплаб ёшларнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун нодавлат олий ўқув юртлари очилди, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, 41 та давлат олий ўқув юртига академик ва молиявий мустақиллик берилди. 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайди. Айниқса, талаба қизларнинг магистратура йўналишида ўқиши тўлиқ давлат гранти асосида йўлга қўйилгани ёшларга катта имкониятдир. Шу ўринда Ўзбекис­тон ижтимоий давлат деб эътироф этилар экан, Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Шунингдек, депутат Миришкор туманидаги “Жейнов” МФЙда маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан “Конституция – бизники” шиори остида давра суҳбати уюштирди. Унда депутат ҳақ-ҳуқуқларимиз ифодаси бўлмиш Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берди.

– Жумладан, ҳар бир шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти, – деди депутат. – Яъни, фуқаронинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамаш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эъти­роф этилган “Хабеас корпус” институти қоидасини қўлланиш кўлами янада кенгаяди. Шунинг­дек, Конституциямизда илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Учрашув якунида депутат Махфурат Хушвақтова давра суҳбати иштирокчиларини 30 апрель куни ўтказиладиган Умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлади.

**

Тошкент шаҳри: Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.

Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади.

Янгиланаётган Конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти. Фав­қулодда вазиятлар вазирлиги академия­сида янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулрух Агзамова Бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритар экан, янги таҳрирдаги Конс­титуциямизнинг 20-моддасида Ўзбекис­тон Республикаси фуқароси ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир, деб белгилаб қўйилаётганини қайд этди. Мазкур модданинг иккинчи қисмида фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.

– Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда, – деди депутат Г.Агзамова. – Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, давлат органлари фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб қилинмоқда, бу ҳол мансабдор шахсларнинг фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига қаратилган.

Тадбирда сўз олган профессор-ўқитувчилар Конституциямизга ҳар қандай вазиятда дастлаб фуқарони айбдор деб ҳисоб­лашга оид эскича қарашларни парчалайдиган янги норма киритилаётгани, яъни, эндиликда давлат билан юзага келган қонунчиликдаги зиддиятлар ва ноаниқлик­лар инсон фойдасига ҳал қилинишини таъкидладилар. Ушбу норманинг киритилиши – сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш принцип­ларига тўла мос келади, Қонунчиликда ечими топилмаган ҳар қандай масала фуқаро фойдасига ҳал этилиши тарихий қадамдир.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олишди.

**

Андижон: Янгиланаётган Конституциямизда инсон саломатлиги масаласи долзарб вазифалардан бири сифатида ўз ифодасини топмоқда. Бу айни вақтда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулиятни янада оширади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова иштирокида Андижон тумани марказий поликлиникасида ўтказилган давра суҳбатида айни шу мавзуда сўз юритилди.

Шифокорлар янги таҳрирдаги Конституциядаги ўзгаришлар билан яқиндан танишганликларини билдиришди. Жумладан, тиббиётчиларга қаратилган эътиборни, уларнинг зўравонликлардан қонун билан ҳимоя­ланишини қўллаб-қувватладилар.

– Янгиланаётган Конституциямиз чин маънода инсон саломатлигини ҳимоялайди, – деди депутат Мавлуда Адҳамжонова. – Унга кўра, ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини ривожлантириш чораларини кўради. Асосийси, фуқаролар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давра суҳбати 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда барчанинг иштироки ва тиббиёт ходимлари жараёнда фаоллик кўрсатишига чақириқ билан якунланди.

**

Партия Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов Самарқанд вилоятидаги партия ташкилоти фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ва шаҳар раислари билан учрашиб, партия олдида турган устувор вазифалар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, Самарқанд давлат чет тиллари институтида Янги Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, аҳолининг кенг қатлами, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини мустаҳкамлаш, фаол фуқаровий позициясини ошириш, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасининг референдумга қўйилиши олдидан унга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Конституциявий ислоҳотлар — инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” мавзусида кенг кўламли тарғибот тадбири ўтказилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланаётган халқчил нормалар ва шу муносабати билан 30-апрел куни ўтказилиши режалаштирилган умумхалқ референдуми юзасидан ёшларга атрофлича маълумотлар берилди.

Tegishli xabarlar

Касб байрами муборак бўлсин, азиз устозлар!

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Сенат ваколатлари кенгаяди

admin

Ҳуқуқий ёрдамнинг амалий натижалари

admin