ADOLAT 24

СОҲИБҚИРОН ҚИЛИЧИ – АДОЛАТ ҚИЛИЧИ

Эронда Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг қиличи сақланиши ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Мустақилликка эришганимиздан кейин бу қилични юртимизга қайтариш тўғрисида ҳам гап-сўзлар бўлди. Лекин ҳануз натижа йўқ.

Кўплаб юртдошларимиз қатори каминага ҳам ана шу ноёб қилични кўриш бахти насиб этган. Бунга 2002 йил октябрь ойида Теҳронда ўтган «Ахборот агентликлари тинчлик учун» халқаро конференция сабаб бўлди. Эроннинг ИРНА ахборот агентлиги президенти Абдуллоҳ Носирий таклифига биноан ушбу халқаро анжуманда иштирок этдим.

Анжуман бошланишидан уч кун олдин борганим боис Теҳронни томоша қилиш имкониятим мўл бўлди. Элчихонамиз вакилларидан биринчи илтимосим Амир Темур бобомиз қиличи сақланадиган жойга бориш бўлди. Ойбек Эшонов (таниқли шоир ва ёзувчи Анвар Эшоновнинг ўғли) бажонидил рози бўлди. Эрон шоҳи саройи Садгоҳга бордик. У шоҳнинг кишки қароргоҳи бўлган экан, ҳозир музей. Ўша жойда ҳарбий музей ҳам (ҳарбийларга тегишли қурол-аслаҳалар, маълум бир техникалар сақланар экан) бўлиб, айнан ўша музейда Амир Темур бобомизнинг иккита қиличи бор экан. Мен қиличларга узоқ термилдим (ойна ичида бўлгани учун ушлаб кўришнинг иложи йўқ эди). Жуда ғалати сездим ўзимни, кўнглимдан кўп ҳислар кечди. Соҳибқирон ушлаган қилич! Унда буюк бобомизнинг қўл излари бор. Шу қилич билан қанча-қанча жойлар забт этилган, минг­лаб, эҳтимол миллионлаб одамлар ислом динини қабул қилган, не-не ўлкалар обод бўлган, ҳозиргача дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган қанчалаб обидалар бунёд этилган. Ажаб! Бу қиличлар қаерда, ким, қайси уста томонидан ясалган экан? Соҳибқирон неча йил ёнида олиб юрган, қайси жангларда ишлатган? Энг асосийси, бу қиличлар бу ерга қачон, қай тарзда, ким томонидан олиб келинган?

Узоқ ўйга толиб қолдим, шекилли, Ойбекнинг секингина «кетамизми?» дегани хаёлимни бўлди.

– Узр, хаёл суриб қолибман, – дедим.

Ойбек жилмайди:

– Тушунаман…

Вазмин қадамлар билан ҳамон бояги ўй-фикрлар оғушида музейдан чиқдик. Ўзимни енгил, хуш кайфиятда ҳис этдим. Гўё улуғ Соҳибқиронни кўргандай, у билан суҳбатлашгандай сезардим ўзимни. Назаримда Амир Темур бобомиз ҳамон биз – авлодларини ҳозир ҳам ҳамма жойда ҳимоя қилаётгандай, бунинг учун қиличлари шай тургандай эди. Қиличлар қинида эмас, очиқ тургани ҳам шунга ишорадай туюлди. Йўқ, бу қиличлар бўлар-бўлмасга ишлатилмаган, улар тинчлик, адолат, маърифат, эзгулик қиличларидир. Зеро, Соҳибқирон узугига ёздирган «Куч – адолатда, ростгўйликда» деган ҳикматга ўзи қатъий амал қилган.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун кучга кирди

admin

Фавқулодда ҳолат режими муддатидан олдин бекор қилинди

admin

ИЖТИМОИЙ ХИМОЯ  ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА (Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри)

admin