ADOLAT 24

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2023 йил 6 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ сенаторлар дастлаб “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунга қадар давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишларида назарда тутилмаган ҳамда юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаган.

Қолаверса, ушбу соҳани мувофиқлаштирувчи ягона органнинг белгиланмаганлиги эса кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига, коррупциявий омиллар пайдо бўлишига олиб келиши билан бир қаторда, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига ҳам тўсқинлик қилаётган эди.

Муҳокама қилинаётган қонун билан юқорида қайд этилган муаммолар ўз ечимини топиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланмоқда.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.

Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, фуқароларга суд жараёнларида ишончли ҳимояланиш имкониятини яратиши ҳамда амалиётдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси янада ортади ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатлари кучайтирилади, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартиби жорий этилади ҳамда Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан бирга “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек мазкур Қонун бугунги кунда хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

Қонун билан “оилавий (маиший) зўравонлик” яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Жиноят кодекси “коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдирилиб, унга кўра Кодекснинг тегишли моддалари, қисми ва бандларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб топилиши белгиланмоқда ҳамда ушбу жиноятлар учун жазони кучайтириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу Қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига киритилаётган ўзгартиришлар орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун ҳукм қилинган, бироқ жиноят оқибатида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ҳамда пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш каби нормалар қўлланилмайди.

Қонунга мувофиқ давлат органи ва ташкилотлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи, нодавлат нотижорат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш билан боғлиқ жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланмоқда. Киритилаётган ўзгаришлар коррупцияга қарши муросасиз курашиш ҳамда ушбу иллат содир этилганда жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, сенаторлар томонидан киритилаётган ўзгартиришлар коррупциявий жиноятларни аниқ белгилаш ва ушбу турдаги жиноятларга қарши тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, коррупциявий жиноятларни олдини олиш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо белгиланишига ҳамда жиноят оқибатида жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Нур-Султон, 2021 йил 6 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 декабрь куни Қозоғистон Республикасига қилган давлат ташрифи чоғида имзоланганлиги қайд этилиб, Шартномани ратифиқация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини янада яхшилаш мумкинлиги таъкидланди.

Ушбу Шартнома билан Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ имкони берилмоқда.

Ҳужжатга кўра, маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонлар мурожаатлари асосида топширилади.

Муҳокама давомида маҳкумлар жазони ўз юртида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиш имконини бериши оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатиб, маҳкумларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам бериши қайд этилди.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2022 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилди.

Сенаторлар ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги дўстлик ришталари чуқур тарихий илдизларга эга эканини, маданий-маънавий қадриятлар, анъаналар ҳамда тарихнинг кўп асрлик муштараклигига асосланганлигини алоҳида таъкидлади. Ҳозирги вақтда бу икки давлат ўртасида ўзаро ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдеворга айланди.

Сенаторлар ратификация қилиш учун тақдим этилган битимларни юқори баҳолаб, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат армияларининг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, ушбу битимлар Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган ва ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий-таълим соҳасида, шунингдек, томонлар манфаатлари кесишадиган бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги қайд этилди.

Сенаторларнинг фикрича, битимларнинг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга янгича туртки беради ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Tegishli xabarlar

Аянчли якун топган жанжал

admin

Тадбиркорлар учун имкониятлар эшиги очилди

admin

Вакцина олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлатилди

admin