ADOLAT 24

ФИРИБГАРГА АЛДАНИБ ҚОЛДИМ…

Бугун ҳаётимда илк бор фирибгар билан юзма-юз келдим. У жуда ҳам оддий тарзда мени чув тушириб кетди. Қисқаси, банкдан олган йигирма минг сўмлик бир даста пулни чўнтакка солиб, эски «универмаг» рўпарасидаги йўлакдан бораётган эдим, ногаҳон бир нотаниш киши: – Ака, сизда майда пул борми? – деб қолди.

Мурожаат қилган киши олдидан бефарқ ўтиб кетолмай, тўхтадим. У қўлида 50 минг сўмлик пулни ушлаб турарди. Беихтиёр чўнтагимдан бир даста пул олиб қарадим. Унга кўзи тушган киши:

– Бор экан-ку! Майдалаб беринг, илтимос, жуда керак эди, – деди шошиб.

– Қанча? – деб сўрадим.

У қўлимдаги бир даста пулни бир зумда чамалаб олди, шекилли:

– Бу ерда икки миллион, шундайми? Шундан йигирматаси, яъни тўрт юз мингини олиб қолинг. Мен сизга бир миллион олти юз бераман.

Пул дастасидан йигирматасини санаб олиб олиб, қолганини ҳалиги кишига узатдим. У менга эллик минг сўмликдан санаб берди. Мен ҳам санадим.

– Битта кам экан, – дедим.

У дарҳол чўнтагидан битта эллик минг сўмликни олиб, қўлимдаги пулга қўшиб, қайта санади. Тўғрилигига ишонч ҳосил қилиб, йўлимда равона бўлдим. У бошқа томонга тез-тез юра туриб:

– Тўйга ишлатаман, яхшиликка, ака, – деб қўйди ортимдан.

Нарироққа бориб, боя пул санаётган пайтида унинг қўли билинар-билинмас қалтираб кетгани эсимга тушдию, эллик мингталикларни яна бир бора санаб кўрдим. Тавба, яна битта кам чиқди. Шу тобда шубҳаланиб ортидан излашга тушдим. У аллақачон кўздан ғойиб бўлганди. Атрофга аланг­лаб борарканман, йўлимдан бир танишим чиқиб қолди. Унга бўлган воқеани сўзлаб бердим. У мени алдаб кетган қиёфани аниқ-тиниқ таърифлаб берди. Мен:

– Ҳа, тўғри шунақа одам эди, – дея тасдиқладим.

– Сиз ҳам ўша фирибгарнинг қармоғига илинибсиз-да, – деди ва у содда кишиларнинг уч юз-тўрт юз мингини ўзлаштириб кетаётгани ҳақида сўзлаб берди.

– Ички ишларга хабар берайинми? – дедим.

– Айтинг! – деди танишим. – Зора сиз баҳона у маккор қўлга тушса…

Шаҳар профилактика инспекторларидан бирининг телефон рақамини топиб, қўнғироқ қилдим.

– Мен йиғилишга кетяпман. Қайтгунимча кутиб туринг, – деди инспектор.

Лекин мен кутиб туролмадим. Тушлик қилмагандим. Бунинг устига қон босимим кўтарила бошлаганди. Эллик мингни деб сурди-сурди қилиб юраманми, садқаисар, деган фикрда уйга жўнадим. Хотинимга бўлган воқеани айтгим келмади. Уйнинг ичига кириб, адашган бўлсам, хижолат бўлиб қолмай деган шубҳада пулни қайта санаб кўрдим. Ё тавба, энди тўрт юз эллик минг сўм кам чиқди! Дарров инспекторга телефон қилдим. У:

– Ҳали эллик минг кам дегандингиз. Энди тўрт юз эллик минг сўм кам деяпсиз. Қанақа одамсиз, ўзи. Бу ёққа келинг-чи, – деди.

Шоша-пиша уйдан чиқиб, инс­пектор ҳузурига етиб келдим.

– Нега кутмасдан кетиб қолдингиз, туппа-тузук одам экансиз. Нега пулингизни бировнинг қўлига топшириб қўясиз? Қанақа одам эди у?

Фирибгарнинг қиёфасини айта туриб:

– Ўша ҳудудда камера ҳам бўлса керак, – дедим нимадандир умид қилиб.

– Камера бўлса, нима бўпти, – деди инспектор. – У сизга пул санаб бергани, сиз ҳам ундан санаб олганингиз кўринади ўша камерада. Лекин сизнинг пулингиздан уриб қолганини қандай исботлаб берасиз? Ахир ўз қўлларингиз билан санаб олгансиз-ку, тўғрими?

– Ҳа, тўғри, – бўшашиб жавоб қайтардим.

Шу лаҳзада дардимга чора топилмаслигига юз фоиз ишонч ҳосил қилиб бўлгандим.

– Ариза ёзасизми? – сўради инс­пектор қўлидаги ручкани кўрсатиб.

Узоқ ўйлаб ўтирмай:

– Йўқ! – дедим. – Тўрт юз эллик минг сўмимни бир фирибгар уриб кетганини исботлаб бўлмайдиган бўлса, нима учун ариза ёзишим керак?

– Ихтиёр ўзингизда, – деди инс­пектор.

Уйга етиб боргунимга қадар ҳозиргина менинг иштирокимда содир бўлган воқеани баъзи кишиларга ҳикоя қилиб бердим. Кўпчилик ҳозирги вақтда турли-туман фирибгарлар тўлиб-тошиб ётгани, ҳар қадамда улар одамларни чув тушираётгани ҳақида жиғибийрон бўлиб гапиришди. Айниқса, одамлар фирибгарларга қарши кес­кин чоралар кўрилмаётганидан хафа бўлишарди.

Лекин бундай бир ўйлаб кўрсам…. Ҳар ким умри давомида қилган яхшилигига яраша мукофот, ёмонлигига яраша жазо олиши муқаррар. Бунинг ҳам исботини кўрганман.

Вилоят онкология шифохонасида даволанаётган эдим. Янги келган бир бемор йигит журналист эканимдан хабар топганидан сўнг дабдурустдан:

– Ака, шифохонадан сизга қачон жавоб бўлади? – деб сўраб қолди.

Унга эртага кетишимни айтдим. Йигит афсусланиб бош чайқади.

– Тинчликми? – дедим ҳайрон бўлиб.

– Бошимдан ўтган саргузаштларимни айтиб бермоқчийдим-да, – деди у ҳорғин кўзларини аста ерга қадаб.

– Айтаверинг, ҳали кетгунимча, эҳ-ҳе, неча соат бор, – дедим.

Йигит кўйлаги тугмаларини аста ечиб, чап қўлтиғи остида илвираб осилиб турган катта, қора безни кўрсатиб деди:

– Бу менинг ҳаётда қилган кирдикорларим учун жазо! Бир пайтлар устаси фаранг фирибгар бўлганман, кўп содда одамларни чув тушуриб, уйини куйдириб кетганман. Сизга барини айтиб бераман, ёзиб, газетада эълон қилинг. Одамлар хабардор бўлсин. Хулоса чиқарсин. Ёмонликларга жазо муқаррарлигини англаб етсин. Бу тузалмас яранинг азобини бу дунёда тортаяпман. Аммо у дунёда мени қандай азоб кутяпти, хаёлимга келтирсам, юрагим орқага тортиб кетяпти. Зора билиб-билмай одамларга зиён етказаётганлар менинг афсусларимдан хабар топиб, ёмонликдан қайтсалар…

Ўзини гуноҳкор санаётган ва қилмишларидан чин дилдан пушаймон бўлаётган йигитнинг самимий сўзларига, афсус-надоматдан қорайиб кетган юзига ачиниш билан боқдим. Бу, аввало, бир мард йигитнинг, айниқса, ўлими олдидан видолашаётган бир бечоранинг оҳу ноласи ва иқрори бўлиб туюлди менга.

– Ҳаммасини айтиб беришингиз шарт эмас, – дедим унинг кўнг­лини кўтариб. – Айбингизни тан олиб, пушаймон бўлганлигингиз, тавба қилганингизнинг ўзи бош­қалар учун ибрат бўлади.

Ҳақиқатда ҳам шундай. Бугун ўз нафсининг қулига айланиб, одамларнинг кўнглини оғритаётган, ҳатто масофадан туриб бировларнинг пулларини ўзлаштириб олаётган, бева-бечора, етим ва сағирларнинг ҳақини еяётган, шу йўл билан топган ҳаром пулларини болаларига едираётган, тўй-тантаналар қилаётган, қасрлар қураётган кимсалар, шак-шубҳасиз, юқоридаги каби азобга гирифтор бўлган йигитнинг ҳолига тушишлари муқаррар. Шундай экан, «мени ҳеч ким билмайди, пайқамайди, кирдикорларимдан бехабар», дейдиганлар адашади…

Ушбу ёзганларимда ҳеч қандай тўқима йўқ. Ҳаётда кўрганим ва бевосита гувоҳ бўлганим ҳақида бор гапни ёздим. Хулоса чиқариш эса, ҳар бир кишининг ўзига ҳавола.

Муҳиддин ОМАД,

журналист

Tegishli xabarlar

ТИЛ – ТЕНГСИЗ ТИЛСИМ

admin

Денгиз бўл!

admin

АВТОМОБИЛСОЗЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

admin