ADOLAT 24

Савоб ишнинг кечи йўқ

“Adolat” газетасининг 2023 йил 12 февраль сонида таниқли журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Абдусаматованинг “Яхшилар ёди улуғ” сарлавҳали мақоласини ўқиб, жуда хурсанд бўлдим. Зеро, у Янги Ўзбекистон бунёдкорлари учун ўта муҳим масала – яқин ўтмишимизда халқимизга чорак аср давомида ниҳоятда мураккаб шароитларда саркорлик қилган улуғ инсон – Шароф Рашидовнинг яна бир музейини пойтахтимизда ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўтарган.

Маълумки Ш.Рашидов фаолиятининг катта ва сермаҳсул қисми бевосита Тошкентда ўтган. Шу ердан туриб у республикани бош­қарган, унинг иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти ва маданиятини ривожлантириш режаларини амалга ошириш ишларига раҳбарлик қилган, ўша пайт­ларда Ўзбекистонимизнинг шўролар мамлакатида муносиб ўрин олишига эришган ва уни бутун дунёга танитган. Шу ўринда “Шароф Рашидовнинг музейи Жиззахда бор-ку, у етарли эмасми?”  деган савол туғилиши мумкин. Тўғри, Жиззахда унинг мақтовга арзийдиган музейи бор ва у фаолият кўрсатаётир, аммо унинг ижтимоий-сиёсий фаолиятининг энг жўшқин, кўп қиррали ва энг муҳим қисми айни Тошкентда ўтган. Тошкент зилзиласидан кейин янги пойтахтни бунёд этишда унинг қанчалик хизмат кўрсатганини, шўро ҳукумати ва Давлат режалаштириш қўмитасидаги амалдорларнинг қаршилигини енгиб, Тошкент метросини барпо этишга муваффақ бўлганини ёки ўша пайт­даги мавжуд минг хил тўсиқлардан ўтиб, пойтахтимиз марказида “Халқлар дўстлиги” саройини қурдирганини эслашнинг ўзи кифоя қилса керак, деб ўйлайман. Ваҳоланки, у кишининг ижтимоий, сиё­сий, маданий-маънавий, дипломатик, адабий фаолияти умуммиллий ва халқаро аҳамиятга эга эканлиги барчага аён. Унинг қандай қилиб коммунистик партиянинг айтгани қонун ҳисоб­ланган замонда ўз халқини рўшноликка олиб чиқишга астойдил ҳаракат қилгани ва мақташга арзигулик ишларга бош-қош бўлгани одамни ўйлантиради. Буларни унутиб бўладими!

 Қолаверса, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти   Янги Ўзбекис­тон бунёдкорлари учун қимматли ибрат мактабидир. Бундан унумли фойдаланиш учун кейинги йилларда, айниқса, Шароф Рашидовнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан Президентимиз раҳнамолигида катта ишлар қилинди. Жиззах вилоятининг бир туманига Шароф Рашидов номи берилди, вилоят марказида унинг уй-музейи очилиб, ҳайкали ўрнатилди, турли тантанали омма­вий тадбирлар ўтказилди, у ҳақида китоблар чиқарилди, ҳужжатли фильмлар намойиш этилди, ОАВда Шароф ака сафдошларининг хотиралари босилди… Аммо бир муҳим масала – Тошкент шаҳрида унинг уй-музейини ташкил этиш ҳал этилмай қолди. Ваҳоланки, бу ишни ҳам амалга ошириш зарур. Чунки эл-юрт фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган инсоннинг хотирасини тиклаш учун пойтахтимизда ҳам бир музей керак.

Ш.Рашидов номи кўплаб чет элликларга ҳам маълумлиги боис, пойтахтимизда ўтказилаётган халқ­аро анжуманларнинг қатнашчилари ва хорижий сайёҳлар ҳам унинг уй-музейини зиё­рат қилиш истагини билдиришлари шубҳасиз. Шундай экан, биз, Шароф Рашидовнинг замондош­лари, у билан учрашган, ишлашган, бир сафда бўлган фахрийлар Муқаддас Абдусаматованинг таклифларига жону дилдан қўшиламиз. Бордию Ниёзбек йўли(Шарофобод)даги эски уйлар бузиладиган бўлса, унда собиқ Г.Лопатина кўчасидаги квартирани музейга айлантириш жоиздир. Ш.Рашидов уй-музейини ташкил этиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги қўлидан келишига ишонамиз.

Собир Қурбонов, 

меҳнат фахрийси, тарих фанлари номзоди

Tegishli xabarlar

ТАКЛИФЛАР ТАҲЛИЛИ жамоатчилик назорати янада жадаллашаётганини кўрсатмоқда

admin

АДВОКАТУРА ФАОЛИЯТИГА ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ КЕНГ ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ВИРТУАЛ ФИРИБГАРЛИК қурбонига айланиб қолманг!

admin