ADOLAT 24

Янги Конституция — фаровон ҳаётимиз учун ҳуқуқий асос

Жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқелик – Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорига асосан референдум ўтказилади. Шу куни “Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни умумхалқ овозига қўйилади. Шу муносабат билан Андижон, Наманган, Фарғона, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ўқув-семинарлари бўлиб ўтди.

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашида ўтказилган “Конституциявий ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги ўқув-семинар айни шу мақсадга қаратилди. Унда партиянинг вилоят кенгаши фаоллари, шаҳар ва туман кенгашларининг раислари, БПТ етакчилари, “Ёш адолатчилар” ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Дастлаб “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмоновнинг кун тартибидаги мавзу юзасидан маърузаси эшитилди. Таъкидланганидек, ҳар соҳада янгиланиб бораётган янги Ўзбекистон ҳаётида бу жараён катта аҳамиятга эга. Яқин бир йил давомида асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласи жамоатчиликнинг таклифларида ўз тасдиғини топди. Энди умумхалқ муҳокамаси натижасида маромига етказилган қонун лойиҳаси референдум йўли билан қабул қилинади.

Айтиш мумкинки, янгиланаётган Конституция юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилади. Унда энг аввало “Инсон қадри учун” ғояси устувор йўналиш сифатида белгилангани катта аҳамиятга эга. Илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсад қилинган.

– Давлатимиз раҳбари томонидан “Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фик­ри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу “Конституция­нинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекис­тон Конституция­­си – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади”, дея эътироф этилгани бежиз эмас, – деди “Адолат” СДП Қўрғонтепа туман кенгаши раиси Фотима Сиддиқова. – Янги таҳрирга асосан, Ўзбекис­тон Конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти. 128 та модданинг 91 тасига концептуал ўзгаришлар киритилмоқда. Бу ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш ва Ўзбекистоннинг янада ривож­ланишига хизмат қилади.

Давра суҳбатида сўз олган “Мард ўғлон” мукофоти соҳиби Исломбек Бектошев ва бошқалар Конституциямизга киритилаётган ўзгартишлар юзасидан ўз фикрини билдирдилар.

Ўқув-семинар давомида иштирокчилар қонун лойиҳаси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Жамоатчилик орасида амалдаги қонунчилик асосида референдумнинг ўтказилиши, фуқароларнинг унда иштироки бўйи­­ча тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

**

Наманган. Мамлакатимиз улкан ижтимоий-сиёсий воқеа арафасида турибди. 30 апрелда Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади. Бу жараёнга тайёргарлик Наманганда ҳам қизғин олиб борилмоқда. Аҳоли ўртасида юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий пойдеворини ўзида мужассам қилган мазкур ҳужжат кенг тарғиб қилинмоқда. Бу борада “Адолат” СДП фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Тарғибот ишларининг самарадорлигини таъминлаш учун нима қилиш керак? Партия­миз фаолларининг асосий вазифалари нималардан иборат бўлмоғи лозим? “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида бўлиб ўтган тадбирда ана шу каби масалалар кун тартибига қўйилди. Йиғилишни кенгаш раиси Исроилжон Жўраев очди ва олиб борди.

Унда шаҳар ва туман кенгашлари раислари, депутатлар, БПТ раислари, фаоллар иштирок этдилар. Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаш аъзоси, “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев маъруза қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мундарижасига атрофлича тўхталди. Маърузада янгиланаётган Конституция ўтган давр мобайнида юз берган ўзгариш­ларни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда, бугунги кун талабларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабаев, матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, Тўрақўрғон туман партия кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова ва бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шаҳар ва туманларда фаоллар олий ўқув юртлари ўқитувчиларидан иборат тарғиботчилар гуруҳи тузиш таклифи илгари сурилди.

 – Тадбир асносида биз халқимиз учун улкан аҳамиятга эга жараёндаги ўз вазифаларимизни белгилаб олдик, – дейди “Адолат” СДП Поп туман кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов. – Тезда пухта режалар тузиб, кенг миқиёсли иш бошлаймиз. Тадбирларимизга фаоллар, депутатлар, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” аъзоларини сафарбар этамиз. Олдимизга қўйилган вазифаларни муваффақиятли уддалаш учун барча имкониятлардан фойдаланамиз.

**

«Адолат» СДП Фарғона вилоят кенгашида Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши бўйича 30 апрелда бўлиб ўтадиган умумхалқ референдуми юзасидан ўқув семинар бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг 10 март кунги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Қонун 30 апрель, якшанба куни бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Демократиянинг муҳим воситаси ҳисобланган референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шаклидир. Унинг сайловдан асосий фарқи — референдум ўтказилаётганда бирон-бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатиш­лар, мамлакат халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирор бир савол қўйилади.

Жорий йилнинг 30 апрелида бўлиб ўтадиган референдум бюллетенида: «Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?» деб ёзилади.

– Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипс­лаштиради, – деди А.Рахмонов. – Бош қонунимизнинг матни халқимизнинг фикри, таклифлари билан икки босқичда ўрганилди ва тайёрланди. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва 190 дан ортиқ давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, сенаторлар сонини 100 нафардан 65 нафарга тушириш, Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш ўрин олган. Аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилмоқда.

Бу оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, инклюзив таълимга аҳамият қаратилди. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Ҳомиладор ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш таъқиқланиши белгиланмоқда.

Албатта, бу ўзгаришларнинг барчаси инсон қадр-қимматини ошириш, фуқароларга муносиб меҳнат шароитини яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгандир. Ўқув семинари давомида конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

**

Сурхондарё. Термиз шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, доцент, партия фаоли Собир Турсунов иштирокида партия вилоят кенгаши фаоллари ва депутатлари ўртасида «Янги Ўзбекистонда янги таҳрирдаги Конституция» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни янги таҳрирдаги лойиҳаси бўйича атрофлича тушунтириш бериб ўтилди.

Қайд этилганидек, Конституциявий қонун лойиҳасининг матни Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланганди.

Йиғилишда янгиланаётган Конституция – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлар ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. 

Тадбирда Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтилди, фикр алмашилди. Хусусан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирда баён этишга барча асослар борлиги, шу боис Конституциявий қонун лойиҳаси номи «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида» деб ўзгартирилгани таъкидлаб ўтилди.

Янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солади ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.

**

Хоразм. Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида «Адолат» СДП Хоразм вилоят кенгаши томонидан «Конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти» мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, БПТ раислари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палванов кириш сўзи билан очиб берди. Унда мамлакатимизда тарихий сиёсий жараён – Бош Қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида сўз юритилди. Вилоят кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Қурязов янгиланаётган Конституция хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ташкил этилгани иштирокчиларнинг конституциявий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлади. Бу эса конституциявий ислоҳотларни омма орасида кенг кўламда тарғибот қилишга ва халқимиз фаоллигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

**

Тошкент вилояти. Конституциянинг янги лойиҳаси халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиш билан бирга унинг мазмунига “Инсон қадри учун” ғояси чуқур сингдирилиб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айланмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, Янги Конституция лойиҳаси “Инсон қадри учун” шиори остида кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, партиямиз электоратининг хоҳиш-иродасини ифода этади, халқимиз қалбидаги орзу-истак­ларни рўёбга чиқаради.

“Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан Нурафшон шаҳрида ташкил этилган семинар ҳам Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган ҳаётбахш асосий Бош қомусига киритилаётган ўзгартириш­лар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди.

Унда Тошкент иқтисодиёт университети профессори Исмоил Саифназаров, партия вилоят кенгаши раиси Фармон Аллаев, партиянинг шаҳар ва туман кенгаши раислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар бугун партия ташкилотлари зиммасига Конс­титуциявий ислоҳотлар тарғиботини амалга оширишда Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш йўлидаги ҳаётбахш қадамларни биргаликда босиб ўтишдек масъулиятли вазифа юкланаётганини алоҳида таъкидлашди.

“Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни янги таҳрирдаги лойиҳаси юзасидан атрофлича маълумот ва тушунтиришлар бериб ўтишди.

Тошкент вилоятининг барча ҳудудлари (туман ва шаҳарлари)да референдумга тайёргарлик ишлари қизғин бошлаб юборилгани хусусида тўхталишаркан, партия ташкилотлари жонажон Ўзбекистонимиз тарихи, қолаверса, халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи мазкур сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўришганини билдиришди.

Tegishli xabarlar

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН СИНГАПУР

admin

ИЧКИЛИК КЕЛТИРГАН АЖАЛ

admin

Санъаткорнинг умр йўлдоши сабрли бўлиши керак

admin