ADOLAT 24

Энди фуқаролар ҳам қонун лойиҳаларини таклиф қилиш ҳуқуқига эга бўлади

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шу боисдан, янгиланаётган Конституциямизда ҳам инсон қадри, унинг ҳуқуқларини ҳар жабҳада дахлсиз бўлиши қатъий белгилаб берилмоқда.

Жумладан, 1992 йил Бош қомусимиз қабул қилингандан буён унга киритилган ўзгартиришлар асосан давлат бош­қаруви ва сайлов қонунчилигига оид бўлган бўлса, бу галги ўзгартиришлардаги асосий янгиланишлар айнан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. 

Хусусан, янги таҳрирдаги Конс­титуциянинг 33-моддасига мувофиқ судлар фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш кафолатлари кучайтирилмоқда. Фуқаролар ва юридик шахс­лар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституция­вий судига мурожаат қилишга ҳақли экани белгиланмоқда. 

Бу эса, судда кўриб чиқилган ҳар қандай масала якунда инсон манфаатларига ҳамоҳанг тарзда адолатли кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, киритилаётган яна бир муҳим ўзгартиш бу — шахс­нинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслигидир. 

Бизга маълумки, йиллар давомида кўплаб фуқароларимиз қайсидир қариндошининг билиб ёки билмасдан қилган жинояти сабаб кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум қилинар эди. Сўнгги олти йилликдаги ислоҳотлар сабаб қонунчиликдаги бундай нохолис норма бартараф этилди. Эндиликда ушбу норма Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса, кўплаб малакали кадрларга ўз соҳаси бўйича меҳнат қилиб, ватанимиз равнақига ҳисса қўшиши учун имконият яратиб бермоқда. 

Албатта, янги Конституция орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир кўплаб ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиришлар билан бир қаторда фуқароларга давлат ва жамият бош­қарувининг барча босқичларида фаол иштирок этиш, ҳар бир қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ижросида ўз овозига эга бўлиш имконияти ҳам яратиб берилмоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқароларига биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси каби қонунчилик ташаб­бусини кўрсатиш имконияти берилмоқда. 

Эндиликда, мамлакатимиз ва халқимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган фаол фуқаролар жамият манфаатлари учун зид деб ҳисоблайдиган қонунчиликни ўзгартириш ёки ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун зарур деб билган қонунчиликни қабул қилиш бўйича ўз ташаббусларини билдиришлари мумкин бўлади. 

Умуман олганда, Янги Ўзбекис­тондаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ўзгартирилаётган Конституциямизнинг қабул қилиниши ҳар биримизнинг эртанги кунимиз кафолатидир. Шу боис, барчамиз 30 апрель куни янги таҳрирдаги Конс­титуциямизни қабул қилиш бўйича бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишимиз даркор. 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Стратегик ташаббус ва лойиҳаларни эълон қилишда муҳим платформа

admin

“Ухлатилган” божа

admin

Ўзбек онаси

admin