ADOLAT 24

Конунчиликдаги ноқулайликлар фуқаро фойдасига ҳал этилиши қатъий белгиланмоқда

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйи­­ча халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Бунчалик эътибор берилаётган, давлат манфаатидан ҳам юқори қўйилаётган инсон ҳуқуқларининг ўзи нима? Инсон ҳуқуқлари ҳар бир инсоннинг миллати, яшаш жойи, жинси, ирқи, дини, тили ва бошқа белгиларидан қатъи назар, ажралмас ҳуқуқларидир. Барча одамлар ҳар қандай турдаги камситишларни истисно қилган ҳолда, инсон ҳуқуқларидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу ҳуқуқлар ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир.

Айнан шу тамойил “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси”нинг 1-моддасида “Барча одамлар эркин туғилади ва қадр-қиммати ва ҳуқуқлари бўйича тенгдир” деб қатъий белгиланган. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини тан олиш нафақат уларни амалга ошириш ҳуқуқини, балки муайян мажбуриятларни бажаришни ҳам англатади. Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, давлатлар инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва уларни рўёбга чиқариш мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар.

Шунинг учун конституциявий қонун лойиҳасининг 20-моддасини такомиллаштириш, аниқ механизмлар билан тўлдириш зарурияти туғилди. Ушбу моддада Ўзбекистон Респуб­ликаси фуқароси ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқлиги белгиланмоқда.

Амалдаги Конституцияда “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурч­лари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конс­титуция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб умумий тушунчалар белгиланган эди.

Янгиланаётган Конституцияда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахс­лари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши аниқ кўрсатиб берилмоқда.

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асос­ланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги таъкидланмоқда.

Эндиликда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши устувор этиб белгиланмоқда.

Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.

Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади.

Янги Конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгилан­япти. Бунда асосий урғу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига қаратилмоқда, шу жумладан, қонунлар инсонлар оғирини енгил қилиб, турмуш тарзи яхшиланишини таъминлаши лозим.

Масалан, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланади, дейиляпти. Яъни, бунда ҳам жазолаш ёки бошқа таъсир кўрсатишнинг чегараси инсонийликка бориб тақалади.

Айтайлик, шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, лекин у давлат рўйхатидан ўтиш босқичларини қилмасдан ёки рухсат берувчи ҳужжатларни олмасдан иш бошлади. Бундай ҳолат учун яқин йилларгача унинг фаолияти тугатилган ёки тўхтатиб қўйилган.

Бугунги кунга келиб, унга ўзи содир этган ҳаракат ҳуқуқ­бузарлик эканлиги тушунтирилади ҳамда рухсат берувчи ёки лицензия ҳужжатини олиш учун муайян вақт ажратилади. Бундан кўзланган мақсад ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, ҳам битта тадбиркорни сақлаб қолиш. Мана шу мутаносиблик принципи, мана шу мақсадга эришиш учун етарли бўлган чора ҳисобланади.

Яна бир мисол. Фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўм, уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади. Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Бу мисолдан кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чораси мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб эмас.

Шу нуқтаи назардан, ушбу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишга ҳамда инсонга қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига йўл қўйилмайди. Яъни фуқароларнинг яшаш ҳуқуқи, шахсий қадр-қимматини муҳофаза этиш, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, виж­дон эркинлиги ва эътиқод эркинлиги каби ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас.

Айни пайтда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмаслиги шартлигига оид умуминсоний қоида сақланиб қолади.

Мазкур моддага қўшилган яна бир нормада инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахс­лар фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши қайд этилган. Ушбу норма билан давлат идораси ва ташкилотларининг бирламчи ва устувор мақсади — бу, аввало фуқаро, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлиши, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя акс эттирилмоқда.

Бундан ташқари, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиб­лик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиш ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги кафолатланмоқда.

Эндиликда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Зеро, давлат ва фуқаро бир бири олдида масъул бўлмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Фуқаролар ўз мажбуриятларини сидқидилдан бажарса, қудратли давлат барпо этилади, ўз навбатида, давлат мажбуриятларини тўлиқ бажарса, аҳоли фаровон яшайди, халқ рози бўлади. 

Мазкур норма билан биринчидан, қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш ва уни амалда қўллашда, иккинчидан, давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятини ташкил этишда инсон ҳуқуқлари мазмун-моҳиятига устуворлик бериш Конс­титуция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, Конституциямизга ҳар қандай вазиятда дастлаб халқни айбдор деб ҳисоблашга оид эскича қарашларни парчалайдиган янги норма киритилмоқда. Яъни эндиликда давлат билан инсон ўртасида юзага келган қонунчиликдаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал қилинади.

Ушбу норманинг киритилиши — сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш принципларига тўла мос келади. Қонунчиликда ечими топилмаган ҳар қандай масала фуқаро фойдасига ҳал этилиши тарихий қадамдир.

Гулруҳ Агзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Олималарнинг экспертлар гуруҳи кенгаядиган бўлди

admin

Мозийга яширинган хазиналар

admin

Энергетика ислоҳотидаги навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди

admin