ADOLAT 24

КОНСТИТУЦИЯ – халқимизнинг хоҳиш-иродаси ифодасига айланмоқда

Хусусан, лойиҳани тайёрлашда ва такомиллаштиришда 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин мамлакатлар конституциялари пухта ўрганилди, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, шунингдек, рес­публиканинг турли ҳудудларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жами 20 мингга яқин муҳокамалар ташкил этилди.

Лойиҳа ўнга яқин хорижий ва халқаро экспертизалардан, шу жумладан, лингвистик, юридик, гендер-ҳуқуқий, коррупцияга қарши, жамоатчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича нормаларга мувофиқлиги юзасидан экспертизалардан ўтказилди. Халқаро экспертлар ҳам лойиҳа халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этганлигини эътироф этдилар.

Жорий йил 10 мартида Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда Конституциявий қонун лойи­ҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Конституциявий суд жорий йил 13 март куни ўз мажлисини ўтказиб, юқоридаги қарорни Конституцияга мувофиқ деб топди.

Шу ўринда Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва энг асосий, муҳим жиҳатлари ёритилиши муҳимдир.

Лойиҳада мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда.

Бу барчанинг қонун олдида тенг­лигини ва қонундан ҳеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда, давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни, энг аввало, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.

Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.

Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахс­лар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилмаслиги, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асос­лари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”) белгиланмоқда.

Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суиистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Конституция лойиҳасида ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилмоқда.

Янгиланаётган Конституциямиз ҳақиқатдан ҳам Халқ Конституция­­си бўлади. Чунки унда аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, аёллар, нуронийлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс­лар, хориждаги ватандош­ларимиз, ҳаттоки маҳкумлар – барча-барчанинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳисобга олинмоқда.

Таълим-тарбия тизими ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда – илк маротаба таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилиши, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш имконияти яратилиши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши ҳамда энг муҳими, азиз ўқитувчиларимиз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланмоқда. Ушбу нормалар тараққиётимиз учун муҳим омил бўлган илм-фан ва таълимни ривожлантириш, ёшларимизнинг билим олишлари учун янада кенг имкониятлар яратишда жиддий туртки бўлади.

Рақобатбардош миллий иқтисодиётнинг таянчи сифатида тадбиркорлик фаолияти кафолатлари мус­таҳкамланмоқда, хусусий мулк доираси кенгайтирилиб, унинг дахлсизлигини амалда тўлақонли таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монопол фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилмоқда. Ушбу нормаларнинг киритилиши рақобатни ривожлантиришга, ишлаб чиқариш самарадорлигининг ортишига, товар ва хизматлар нархини асоссиз оширишга йўл қўймасликни таъминлашга хизмат қилади.

Лойиҳада бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан бири – экология масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Ҳар кимнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги аниқ ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда парламент ваколатларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, Сенатнинг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тага ошмоқда. Президентнинг ижро ва суд ҳокимияти тизимини шакллантириш соҳасидаги амалдаги айрим ваколатлари парламентга берилмоқда.

Ушбу нормалар ҳокимият органлари масъулият чегарасини аниқ белгилашга, ўзаро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштиришга, фаолияти самарадорлигини оширишга ҳамда парламентнинг бугунги даврга мос, том маънода халқчил органга айланишига хизмат қилади.

Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиши каби муҳим ваколати ҳам Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Ушбу норма маҳаллий кенгашларга ҳокимнинг раислик қилишига оид тартиб бекор қилинаётган янгича конс­титуциявий-ҳуқуқий шароитда улар фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, Сенатнинг ҳудудлар манфаатларини ифодалайдиган орган сифатида маҳаллий Кенгашлар халқчил бўлиши учун масъулиятини оширади.

Сенатга қонунчиликка оид таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу ваколат Сенат томонидан қонунчилик ва назорат-таҳлил фаолияти ҳамда фуқаролар билан мулоқот натижалари бўйича қонунларда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифларни қуйи палатага киритиш имконини беради. Бу эса, шубҳасиз, Сенатнинг халқни қийнаётган муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини топиш бўйича фаолияти натижадорлигини оширади.

Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш инс­титутини тугатиш тўғрисидаги норма ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Содда қилиб айтганда, эндиликда вилоят ва туман (шаҳар)да халқ сайлаган депутатлар ҳоким фаолиятини бевосита ва холисона назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Энди ҳудудда ижро ҳокимиятига ҳокимлар, вакиллик органига ҳокимдан мус­тақил бўлган маҳаллий Кенгашлар раислари раҳбарлик қилишади. Ҳоким маҳаллий Кенгаш олдида ҳисобот бериши эса энди бошқача амалий аҳамият касб этади, ҳокимларга янги, улкан масъулият юклайди.

Амалдаги Конституциянинг моддалари 128 тадан 155 тага кўпаймоқда, нормалари 275 тадан 434 тага, яъни қарийб 65 фоига ошди. Лўнда қилиб айтганда, Конституциямиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан янгиланмоқда.

Қолаверса, Конституциянинг аксарият нормалари концептуал жиҳатдан ўзгармоқда, шу жумладан, давлат ҳокимиятини ташкил этиш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият тармоқларининг мақоми, ўзаро муносабатлари такомиллашмоқда. Давлат ҳокимияти олий органлари ўртасидаги баланс, мувозанат сезиларли даражада, шу жумладан, кўпроқ парламент фойдасига ўзгармоқда.

Конституцияга концептуал аҳамиятга эга кўплаб янги ўзгартириш­лар киритилаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, Конституциямизни янги таҳрирда қабул қилишимиз юридик жиҳатдан ҳам, мантиқий жиҳатдан ҳам тўғри қарор ҳисобланади.

Энг муҳими, барча масалалар референдумга, яъни халқимиз муҳокамасига, ҳукмига ҳавола этилмоқда. Тарихимизда илк маротаба Конституциянинг қабул қилиниши бевосита халқимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлади. Халқ овоз берганидан кейин қўшимча ҳужжатлар қабул қилиниши шарт эмас, Парламентда муҳокамадан ўтиши ва Президент томонидан имзоланиш зарурати ҳам йўқ.

Янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритиладиган биринчи ҳужжат бўлади. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигида. Яъни ёшу қарининг танлови ва фикри аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси

Tegishli xabarlar

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Бахтнинг турфа ранглари…

admin

МЕТИН ИРОДА СОҲИБИ

admin