ADOLAT 24

Инсон исмни табаррук қилади, ИСМ ИНСОННИ ЭМАС!

Мамлакатимиз мустақиллиги барча имкониятлар қатори бизга ислом динимизни, унда буюрилган амалларни бажариш эркинлигини ҳам берди. Бир пайтлар меҳнатидан даромад топиб уй қурган, тўй қилган, машина олган юртдошларимиз энди Яратган олдидаги амалларини бажариш истагига эришиш бахтига ҳам муяссар бўлишаётгани ҳавас қиларлик ҳолат, албатта. Бу борада нафақат давлат идоралари, балки хусусий тижорат ташкилотлари ҳам халқимиз хизматда.   

Яқинда бозорда ишлайдиган таниш йигитлардан бир гуруҳи Аллоҳ олдидаги суннат амалларини бажариш мақсадида Умра сафарига бориб келишди. Улар эл қатори суннат амалларини бажариб қайтишгач, албатта, худойи дастурхони ёзилди, эл-юртга ош тарқатилди, Ҳожи йигитларнинг қўллари тавоф этилди. Бу барча ҳожилар билан бўладиган ҳолат. Аммо бундан ҳам қизиғи кейинроқ содир бўлди: ҳожи йигитларга Икром, Аҳрор, Самад, Жасур… дея исмини айтиб мурожаат қилсак, улар қайрилиб ҳам қарашмади. Ҳайрон бўлдик. Уларнинг ўзлари эса бир-бирини мутлақо янги исмлар билан чақиришарди. Ҳайрон бўлдик. Кейин билсак, Умра сафарида бирга бўлган шерикларидан бири: “Агар сизлар ўз исмларингизни ўзгартириб, Умар, Усмон, Сулаймон, Абу Муслим, Қуддус, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Хорис деб атасангиз, сафарларингиз, зиёратларингиз янада хосиятли бўлиб, барча дуоларингиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади”, деган экан. Шу сабабли тижоратчи йигитлар Тошкентга қайтгач бир-бирини Умар, Усмон, Сулаймон… деб чақиришаётган экан. 

Бу ҳолат ён-атрофдагилар каби мени ҳам жуда ҳайратлантирди. Ахир чақалоқ дунёга келгач, бобо-буви, ота-она, қариндош-уруғ­лар унга яхши ниятлар билан исм танлашар, ота-боболаримиз мулла чақиришар, у эса боланинг қулоғига азон айтиб, қўйилган исмини уч бора айтиб, дуога қўл очишар эди. Эҳтимол бу йигитларнинг асл исмлари динимизда эътироф этилмагандир ёки бирон бошқа сабаби бордир, аммо шуниси ажабланарлики, унда шу исм билан илк бор қулоғига айтилган азоннинг қиймати қани?! Уларга яхши ниятлар билан исм танлаган ота-оналарининг ҳурмати қани?!

Шу исм билан ота-онаси суйган, эркалаган, дўст-ёри, бола-чақаси, маҳалла-кўйи олдида танилган кап-катта кишилар на азонсиз, на туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ўзгартирмасдан, яъни фуқаролигини қайд эттирмасдан янги исм билан юриши қайси қонун ёки қоидага тўғри келади? 

Аслида исм инсонни эмас, инсон исмни безайди. Ўз исмлари билан савобли иш ва солиҳ амаллар қилишса, илм ўрганишса, зиё тарқатишса ёки кимнингдир оғирини енгил қилиб, дуосини олишса, яқинларининг, харидорларнинг, етим-есирларнинг кўнг­лини обод қилишса, яхшилик қилиб, савобга эришишса нур устига аъло нур бўлмасмиди?! Аллоҳнинг 99 исмидан бирини қўйиб, тарозидан уришса ёки кимнингдир кўнгил уйини вайрон қилишса, қандай қилиб Яратган ризолигига эришиш мумкин?! 

Кейинги пайтларда кўпчилик юртдошларимиз Ҳаж ёки Умра зиё­ратларига бориб, ўз фарз ёки суннат амалларини бажарганини эл-юрт­га кўз-кўз қилишаётгани кишининг дилини хуфтон қилмоқда. Кимдир кўча бошидан чўғдек гиламлар устида юриб, карнай-сурнай билан кутиб олинаяпти, оёғи остига қўчқорми, ҳўкизми сўйишаяпти, кимдир маҳалладошларига виқор билан қўлини ўптираяпти, кимдир маҳалласига отда ва ҳатто туяда кириб келаяпти, бошқа бировлари эса нақ минг кишилик тўйхонада ош бераяпти… Бундай одатларни нима деб аташ мумкин: қилган зиёратини иддао қилишми? 

Ҳолбуки, бу инсонлар ўз мусулмонлик вазифасини бажариб, қилган гуноҳларини мағфират қилишни Яратгандан ёлвориб сўраб келишди-ку? Бу қилаётган ишлари манманлик ва кибрга кирмайдими? Бу билан яна гуноҳ орттиришмаяптими? Шу дабдабага кетган ортиқча маблағини қўли калталигидан қора қозонига бир бурда гўшт солиб қайнатолмаётган ёки касал боласини даволатишга имкони етмаётган маҳалладошига ҳадя қилса савоби янада кўпаймайдими? 

Сўзимиз сўнггида айтмоқчи бўлганимиз, савоб оламан, деб гуноҳга ботманг, азизлар!    

Тўрамирза ОРИПОВ,

меҳнат фахрийси

Tegishli xabarlar

Халқ манфаатлари асосий мақсад

admin

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ   МИРЗИЁЕВНИНГ ОСИЁДА ҲАМКОРЛИК ВА ИШОНЧ ЧОРАЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШНИНГ  VI САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin