ADOLAT 24

Ўқитувчи — келажак бунёдкори

Президентимиз Қашқадарёга ташрифини ўқитувчилар билан учрашувдан бошлагани биз учун тарихий воқеа бўлди. Мен кекса педагог сифатида ҳурматли Президентимиз билан юзма-юз суҳбат кутубхонада ўтганидан қувондим. Зиё масканида давлатимиз етакчиси юзма-юз мулоқотни “Муаллим ва Президент ўртасида кўприк, муҳаббат ва ишонч бўлиши керак”, деган жумла билан бошлагани бизни руҳлантириб юборди.

Юртбошимиз билан самимий суҳбатга киришиб кетганимизни ҳатто сезмай ҳам қолдик. Ҳар биримиз кўнг­лимиздаги барча фикрларимизни эркин айта олдик.

Қашқадарё тарихида биринчи бўлиб математика фани чуқур ўргатиладиган синф очганман. Тўғри, вақтида қийин­чилик ва муаммолар ҳам бўлган. Бугун юртимизнинг ҳар бир туманида синф эмас, ҳатто ихтисослашган мактаблар борлигидан хурсандлигимни давлатимиз раҳбарига маълум қилдим. Бу эса учинчи Ренессанс авлодларининг пайдо бўлишида катта қадам қўйилганидан далолатдир.

Давлатимиз раҳбари билан суҳбат жараёнида 90-йилларда ўқитувчилар ҳаёти, фаолияти ва мактаблар билан боғлиқ ҳолатлар хусусида тўхталдим. Очиғи, ўша пайтда мактаб­ларда деярли аёл ўқитувчилар қолганди. 

Эркак ўқитувчилар олаётган маошлари билан оилани тебрата олмай, чет элга иш излаб кетганлари, аёллар оила юкини елкаларига олиб, юртма-юрт сарсон-саргардонликда, олибсотарлик даражасига тушиб қолганлари, айримлари чет элга кетиб, фарзанд­ларини амма-холага, момо-бувага, ҳаттоки қўни-қўшнига ташлаб кетганларининг гувоҳи бўлганимни айтиб, ўқитувчи қадди букилганини сўзлаганимда, Президентимиз ҳам ўқитувчи сақич сотганларини кўрганларини эслаб ўтдилар. 

 Натижада нима бўлди? Тарбияга путур етди. Қаровсиз қолган болалар жиноят қилишгача боришди. Яхшиямки, давлатимиз раҳбари эркак ўқитувчиларни мактабга қайт­­арди. Мактаб яна 11 йилликка айлантирилди. Энг асосийси, ўқитувчининг обрўйи ва маоши оширилди. 2017 йили эса пахта даласидан мактабга олиб келинди!

Муаллимнинг ғурури, қадри ва қадди тикланди.

Мулоқотдан барчамиз ўзимизга тегиш­ли хулоса чиқардик. Энди биз “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да таълим тизимидаги барча ислоҳотларни амалга оширишда икки, уч карра фидойилик кўрсатишимиз, ўқувчиларимизга таълим ва тарбия беришда чуқур билимга эга бўлишимиз, ота-оналар билан ишлашни йўлга қўйишимиз кераклигини чуқур англадик. Ҳаммамиз моҳир тарғиботчи бўлиб, ўқувчи, ота-она, маҳалла, қисқаси, жамоатчилик билан ишлашни йўлга қўйишимиз лозим. Аввало, ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак!

Бизни қувонтирган суҳбат қарийб икки соатга чўзилганини ҳатто сезмай қолдик.

Президентимизнинг биз билан ўтказган ошкора ва дўстона суҳбатлари унутилмас бўлди. Яна бир бор қашқадарёлик педагоглар номидан соҳага алоҳида эътибор қаратаётганликлари, жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлари учун Президентимизга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. 

Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида таълимга, хусусан, ўқитувчи касбига жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган экан, шак-шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётга эришади. 

Муҳаббат Шарапова,

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари 

Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

САМИМИЙ ҚУТЛОВЛАР

admin

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ БОШҚАРИШДА ВА ЙЎНАЛИШСИЗ ТАКСИ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Меҳри БЕКЖОНОВА: “Таниқли бўлиш осон, суюкли бўлиш қийин”

admin