ADOLAT 24

Халқаро ҳамкорлик 

Яқинда Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан Миср Араб Республикаси Миллий кутубхона ва архивлари ташкилоти ўртасида қўлёзмаларни ўрганиш, уларни асраб-авайлаш, икки давлатнинг ҳужжатлар ва архивлар соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга доир меморандумга келишиб олинди.

Минг йилдан ортиқ алоқаларни ўзида акс эттирувчи мамлуклар сулоласи, Аюбийлар даврида 70 мингдан ортиқ туркий халқларнинг Миср заминида қўним топиши, ўзбек халқи вакилларининг Миср­­да яшаб, Тулунийлар ва Ихшидийлар давлатларига асос солгани, Аҳмад Фарғонийнинг Қоҳира шаҳри яқинида олиб борган муҳандислик тадқиқотлари натижасида “Миқйас ан-Нил” номи билан танилиб, Нил дарёси суви сатҳини ўлчашда узоқ муддат фойдаланилган жиҳоз ва ниҳоят, бугунги кунда Қоҳира марказида “Ўзбекия” маҳалласининг борлиги Ўзбекис­тон ва Миср Араб Рес­публикалари ўртасидаги самарали тарихий алоқалар мавжуд бўлгани ва бу эса дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишидан далолат беради.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев юртимизга ташриф билан келган Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад Таййибни қутлар экан, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Ўзбекистонга 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатларимизни ривож­лантириш йўлида тарихий қадам бўлганини қайд этган эди. 

2020 йил 4 март куни Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда “Ал-Азҳар” мажмуа­­си раҳбари Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди. “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарига Президент Шавкат Мирзиёевнинг эзгу тилак­лари ёзилган номаси ва Бурҳониддин Марғиноний “Ҳидоя” асарининг XIII асрга оид факсимиле нашри топширилди. Туҳфа қилинган ноёб китоб “Ал-Азҳар” мажмуасида қимматли тарихий манба сифатида фойдаланиши ва янада кенг тадқиқ этилиши кутилмоқда. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон ва Миср муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб этиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини сақлаш, диний-маънавий мерос­ни тадқиқ этиш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш борасида таҳсинга сазовор вазифаларни ўз олдига мақсад сифатида белгилаб олган.

Айн Шамс университетининг профессори Магида Махлуф хоним йигирма йиллик изланишлар натижасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарини турк ва ўзбек тилларидан араб тилига таржима қилишга муваффақ бўлди ҳамда ушбу тарихий асарнинг араб дунёсида кенг танилишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Осиё мамлакатлари бўйича тадқиқотчи Аҳмад Абду Тарабик ҳам “Ўзбекистон ва ислом цивилизацияси ўчоқлари” номли китоб тайёрлаб, уни нашр этди. Китобнинг “Ўзбекистон ислом цивилизацияси бешиги” деб номланган бобида мамлакатимиз тарихи, географик жойлашуви, аҳолиси ва тили, шунингдек, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Хоразм каби тарихий шаҳарлар ҳақида илмий манбаларга асосланган маълумотлар келтирилган. Китобнинг иккинчи бобида дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар — Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига алоҳида ўрин берилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти олимлари билан ҳамкорликда Мисрда Ўзбекистондаги меъморий обидалар тарихи, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Қўқон каби тарихий шаҳарларимиз ҳақида салмоқли илмий тадқиқотлар нашр этилди ва диссертациялар ёқланди. Институт фондидаги баъзи нодир қўлёзмаларнинг ҳамкорликдаги нашри ва Алишер Навоий ҳикматларининг араб тилига таржимаси китобхонларга тақдим этилди.

Жумладан, Қоҳира университети профессори Аҳмад Ражаб Ризқ 2008–2011 йилларда Мисрнинг Тошкентдаги элчихонаси маданият бўйича маслаҳатчиси, ваколатхона ҳузуридаги Маданият маркази мудири лавозимида фаолият юритган, 2017 йилда “Бухоро меъморий обидалари ва ислом цивилизация­­си” номли китоб нашр этган. 2018 йил унинг Самарқанд меъморий обидаларига бағишланган янги китоби чоп этилган. Ҳозирда Тошкент, Хива, Термиз ва Фарғона тўғрисидаги китобларни нашрга тайёрламоқда. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил августдаги фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Аҳмад Ражаб Ризқ томонидан Мовароуннаҳрнинг буюк тарихини ўзида акс эттирувчи 7 жилдли китоб тайёрланган, ушбу ноёб қўлланма асосида Қоҳира университети маданий мерос ва археология факультетининг 5 минг нафардан ортиқ талабаси ва 100 нафардан зиёд профессор-ўқитувчиси магистрлик ва докторлик ишларида фаол фойдаланишмоқда.

Аҳмад Ризқ археология факультетида тарихий обидаларни таъмирлаш, исломий меъморчилик ва ёғоч ўймакорлигини тадқиқ этиш, тўқимачилик, гиламчилик ва зардўзлик санъати сирларини ўрганишга ихтисослашган 3 та лабораторияга асос солган. Ушбу лабораторияларда ислом дунёси халқлари, жумладан, Бухоро, Самарқанд, Хоразм тарихий-маданий меросига оид маълумотлар берилади.

Қоҳира университети магис­транти, ёш олима Ҳабиба Муҳаммад ўзбек тилида курс олиб боради. Ўзбек тилининг ривожланиш тарихи, унинг морфологик хусусиятлари бўйича олиб бораётган изланиш­лари натижалари ҳақида талабаларга маълумот бериб боради.

Ҳулван университети доктори Карим Камол Ҳилол Хивадаги Шерғозихон, Қутлуғмурод мадрасалари тарихи, эпиграфикаси, мадрасадаги вақфномалар ҳақида, шунингдек, Темурийлар давридаги Самарқанд меъморий диний обидалари тарихи ҳақида бир қатор фундаментал илмий китоб ва тадқиқотларни нашр этди. Ушбу тадқиқотлари асосида ўзининг докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Қоҳира университети доктори Даля Исом Халил Мустафо “Самарқандда Темурийлар давридаги меъморий битиклар” мавзуида докторлик диссертацияни ёқлади.

Миср ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон ал-Хамисий эса икки жилдлик “Ўзбек халқ эртаклари” китобини қайта чоп этди. Муаллифнинг ушбу китоби билан танишган китобхон икки мамлакат халқлари оғзаки ижоди бир-бирига ўхшаш эканига ишонч ҳосил қилади. 

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титути билан Миср Араб Республикаси Миллий кутубхона ва архивлари ташкилоти ўртасида қўлёзмаларни ўрганиш, уларни асраб-авайлаш, икки давлатнинг ҳужжатлар ва архивлар соҳасидаги ҳамкорлигини ўзаро манфаатлар асосида ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик меморандумига келишиб олинди. Мазкур ҳужжат маданий, адабий ва тарихий нашрлар ва қўшма фаолиятни ташкил этиш, қўлёзма мероси ва китоблар билан боғлиқ тадқиқотларни олиб бориш, ҳужжатларни ва тегиш­ли технологияларни сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, қўшма конференциялар ва маданий кўргазмалар ташкил этишни юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Инфографика

admin

admin

Мурожаат ўрганиб чиқилди

admin