ADOLAT 24

ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ унинг ҳуқуқларини ҳимоялашда яққол намоён бўлади

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессияси ҳамда Бош ассамблеясининг 2021 йил 21 сентябрдаги 76-сессиясида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор эзгу ташаббус ва таклифларни илгари сурганди. Ўшанда давлатимиз раҳбарини дунёнинг деярли барча давлатлари вакиллари қўллаб-қувватлаган.

Шундан буён бу ташаббус ва таклифлар республикамизда нечоғлик ўз ифодасини топаётганига гувоҳ бўляпмиз. Хусусан, ўтган 2022 йил мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб, 2023 йил эса “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея эълон қилинди. Қолаверса, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштиришни тақозо этди. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ана шу олий мақсадга қаратилган.

Айни қарор билан илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури” ҳамда дастурни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Натижада Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия мунтазам мониторинг ўтказиб, “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ҳамда тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб бориш, доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотнинг расмий веб-саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш, ҳар ярим йилда Президент ва Олий Мажлис палаталарига умумлаштирилган маълумот киритиш, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлаш каби вазифаларни амалга оширади. Ўз навбатида Олий Мажлис палаталари Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг ижросини танқидий муҳокама қилиб боради. Қолаверса, келгуси ўқув йилидан бошлаб аниқ рўйхати шакллантирилган профессионал ва олий таълим ташкилотларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилади.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 июндан бошлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида эса ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади. Шу билан бирга, 2023 йил 1 апрелга қадар ушбу йўналишларда туркум қўлланма ва рисолалар тайёрланиб, чоп этилади.

Айниқса, Президентимизнинг ушбу қарорида 2023 йил 1 мартдан бошлаб доимий равишда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари, 2023 йил 1 майдан эътиборан эса раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни ташкил этиш белгилангани эътирофга молик.

Миллий комиссия таклифига биноан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналиши ташкил этилиб, улар бу борадаги тизимлашган илмий-ҳуқуқий, услубий манбалар, халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари, халқаро нашрлар ва хронология материаллар билан доимий, тизимли равишда таъминлаб борилади.

Яна бир янгилик. Келгуси ҳафтада мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, прокуратура, адлия, Омбудсманнинг ҳудудий вакиллари ва судлар ҳамкорлигида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилади. Бинобарин, биз судьялар бунда фаол иштирок этишимиз шарт. Негаки ҳафталик доирасида барча маҳаллаларда “Судья ва ёшлар” тарғибот учрашувлари, таълим муассасаларида эса “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маърифат ҳамда ахборот соатлари ташкил этилади.

Қарорнинг судья сифатида мени қувонтирган жиҳатларидан бири бу – жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишидир. Бу эса ҳамюртларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга, бир сўз билан айтганда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Мирзо

Улуғбек туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Шароф ота

admin

Яшил маконлар кўпаймоқда

admin

…АЛЛО, ДАДА, ҚАЕРДАСИЗ?

admin