ADOLAT 24

Жон Голсуорси: “Ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмасликлари керак”

Англия ҳамда Шотландиядаги ўнлаб университетларнинг фахрий унвонларига сазовор бўлган адиб “юксак даражада ҳикоя қилиш маҳорати” учун берилган Нобель мукофотининг ўша давр учун жуда катта бўлган пул маблағини ўзи ташкил этган Пен-клубга беғараз тақдим этди. Бунга қадар эса Голсуорси фахрий рицарлик унвонидан ҳам воз кечганди. Зеро, Голсуорси ёзувчилар ва ислоҳотчилар мукофот олмай ишлашлари керак, деган принципига содиқ эди.

Бундан ташқари носир, драматург, шоир Голсуорси (1867-1933 йиллар, Буюк Британия) асарлари чоп этилишидан тушган даромаднинг тенг ярмини хайрияга сарфларди. Шунингдек, ёзувчи умр бўйи ижтимоий ислоҳотлар, чунончи, цензура ҳақидаги қонунни қайта кўриб чиқиш, энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш, аёлларга сайлов ҳуқуқи бериш тарафдори бўлиб ўтди.

Адиб ўқувчи юрагига йўл “ҳаётни ўзинг кўраётгандай, ҳаққоний ва мукаммалликка интилиб тасвирлашда”, деб ҳисобларди. Эътироф этайлик, Голсуорси бу йўлни топди. Унинг ижоди ҳатто Буюк Британия бош вазирига катта таъсир кўрсатди, яъни Голсуорсининг бир кишилик бандихона уқубатлари тасвирланган “Адолат” номли пьесасини ўқиб чиққан Уинстон Черчилль қамоқхоналар бўйича жиддий ислоҳотлар ўтказди.

Ҳаёти мобайнида 20 та роман, 27 та пьеса, 3 та шеърлар тўплами, икки юзга яқин ҳикояларини чоп эттирган, Биринчи жаҳон уруши даврида ўз ихтиёрига кўра Франциядаги ҳарбий госпиталда оддий санитар бўлиб ишлаган ёзувчининг хокини инглиз адиблари жамияти Вестминстер аббатлигининг машҳур адиблар абадий қўним топган Шоирлар бурчагига дафн этиш илтимоси билан чиқди. Бироқ аббатлик бош руҳонийси бу таклифга кўнмади – черков шу йўл билан ўзини танқид қилган қаламкашдан ўч олди.

Ана шунда Жон Голсуорсининг “Хокимни шамолда тўзғитинг!” деган машҳур шеъри ёдга тушди ва адибнинг хоки ўйноқи шамоллар бағридаги юксак тепаликдан – айрим манбаларда самолётдан – сочиб юборилди.

Умида ЙЎЛДОШЕВА

Tegishli xabarlar

Конституциявий ислоҳотлар — адолатли жамиятни барпо этиш ва инсон қадрини юксалтириш сари

admin

АДОЛАТЛИ ҚОНУНЛАР аҳоли фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади

admin

Аёлларга эътибор — келажакка эътибор

admin