ADOLAT 24

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан хотирасини абадийлаштириш борасида рес­публикамизда хайрли ишлар бош­ланди. Шоирнинг туғилиб ўсган юрти Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги марказий боғда унинг бюсти ўрнатилди. Жойларда шоир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан учрашувлар, давра суҳбатлари, мушоиралар бўлиб ўтмоқда.

***

Табиат буюк бир шоир экан: ёмғирни ерга, ранглар камалагига солиб отади… Ерга ошираётган ҳар учқун қорга гул солиб улгуради.

У чиндан ҳам буюк! Шогирд бўлсам эдим унга…

***

Самарқандда – Регистон майдонида Навоий кинотеатри бор. Унинг пештоқига ўрнатилган карнайдан гоҳ-гоҳ мусиқалар эшиттирилиб, бутун майдон қўшиққа кўмилиб кетади.

Лекин майдон ўртасидаги улкан автомобиль қатновини кесиб ўтаётганимизда карнай овози бир лаҳза эшитилмай қолади. Бу шовқиндан халос бўлиб, тинч гулзорлар сари олислар экансиз, куй яна эшитила бошлайди…

Баъзан ажойиб бир манзарага маҳлиё бўлиб турганингизда олдингиздан ўтиб кетаётган юк машинасининг чанги уни тўсиб қўяди. Орқада – баланд­роқда турганлар эса уни бемалол кўриб тураверадилар.

***

Сув бўйида ўтирардик. Сен ойнинг аксига қараб ўтирар, сувдаги ойнинг устига қум сепар, гўё уни кўммоқчидек эдинг. Сув лойқаланар, лекин кафтингда қум тугаши билан ой яна ярақлай бошларди.

Ўйланиб қолдинг:

– Нур ҳам сув бўлганида эди, пойимизда шундай ястаниб ётар эди…

Жимиб қолдинг, кейин бош чайқадинг:

– Йўқ, уни лойқатиб қўярдик…

***

Икки чол суҳбатлашарди. Уларнинг вазмин, урғули суҳбатидан шу сўзлар қулоғимга чалинди:

– Бу дейман, мулла Шомурод, кўҳна дунё қаёққа кетяпти ўзи?

– Ўтмишга, қария, ўтмишга…

***

Баҳор асаларилар мусиқаси: “Ғув-ғув-ғув”.

Бу мусиқа гулларнинг қулоғига изҳори муҳаббат, тупроққа эса тирилиш гимни бўлиб эшитилади.

Бу мусиқага дуч келган шабада мулзам қолиб, унга тақлид қилади. Лекин бу куйни ўзидан тополмай, гирдикапалак бўлиб кетаверади.

Бу мусиқани эшитган дарё қирғоққа тирмашиб чиқади, кенгликларга қарайди, ўзини унутади, йўлини унутади.

Бу мусиқа ёш тоғларни алладек эритади, элитади. Қарияларига эса водийнинг ўз кенглигидан зерикиб қилган хиргойисидек туюлади.

Бу мусиқа ўрмоннинг қулоғига қирда қуёшга бош қўйиб куйлаётган лолаларнинг саси бўлиб қуюлади.

Бу мусиқа айиқполвонга асал ҳидини келтиради. У зах ва оч ўрмонни, қор ости уясини – болаларини унутиб ўша иссиқ кенгликларга шошади – фақатгина панжа сўравериш билан кун ўтармиди, қуриб кетсин!

Инсонга бу мусиқа буюк умидлар қўшиғи бўлиб эшитилади, юрагини жўр этади унга.

– “Ғув-ғув-ғув…”

О, Ўзбекистон, асал сандиғим менинг, асалистоним менинг!

***

“Чиқ-чиқ-чиқ”… Бу – соатнинг товуши. Деразадан Баҳор салтанати кўринаётир – ҳовурланиб ётган ҳув тупроқда, бўғотдан узилаётган қатрада, ҳавода, танамизнинг ҳам ҳар бир ҳужайрасидаги туйғуда гўзал ва чексиз ҳаёт қайнаб ётибди. Ҳаётнинг мангу, борлиқнинг боқийлигига буткул ишонаман!

Ҳаёт фурсат мисоли поёнсиз ва илинжсиз экан, ўлим ўзи нима, қаердан бош­ланади?

***

Баҳорда гуллаш билан бирга… чириш ҳам бошланади. Агар кўкармасанг, чирийсан!

Эндигина тили чиққан қизил лаб қизғалдоқ шабадада чайқалиб ёнбошидаги сағанани туртди:

– Ҳой, турсанг-чи, баҳор келди-ку!

***

Одамни келажак эмас, ўтмиш донишманд қилади, лекин донишмандлик келажакка интилишнинг ўзгинасидир.

***

Бу тупроқнинг тилини деҳқон билади, шоирлар у билан юлдузлар орқали гаплашадилар.

…Бир шоир қаламини тушириб қўйиб сира тополмаган эди. Негалигини энди тушундим: Ерга теккан заҳоти илдиз отиб, кўчат бўлиб қолган экан ўша қалам!

О, Ўзбекистон тупроғи, сендан ўрганмоқ керак шоирликни!

***

– Эркинлик нима?

– Интилмоқ, курашмоқ?

– Имкон бўлмаса-чи?

– Ҳамма имкониятларга курашиб эришасан. Курашдан ташқаридаги ҳаёт (агар бу ҳаёт бўлса) бўшлиқ…

– Демак, эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ!

***

Ҳаёт ажойиб ўқитувчи: иншо ёздиради, ўзингга текширтиради, баҳони эса бошқалар қўяди. У ҳеч кимга ё унвон, ё гувоҳнома бермайди. Фақат баъзи ўқувчиларгина “чипта”ни ўзлари ясаб олишади, ён-веридагиларни алдаб – инонтириб юришади.

Ҳаёт эса бир кулиб қўйиб, ўзининг абадий иншосини давом эттиради. Ўзингга текширтиради. Баҳони бошқалар қўяди…

***

Тонг шафағида ялтирай бошлаган шабнам ўзининг шу бугун тунда туғилганини унутди, гулнинг мангу гўзаллик қулф уриб турган ғунчасига ёпишиб деди:

– Мен қуёшман!

***

Китоб дўконининг бошқаларидан ажойиб фарқи шуки, бу дўконга ҳар бир харидор ўз тарозуси билан келади.

***

– Болалар ўт ўйнашни, чоллар ўтга қараб хаёл суришни ёқтиришади. Икки оралиқдагилар-чи?

– Уларнинг ҳаёти ўзи олов-ку!

“Қуёш соати” китобидан олинди

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД БАҲРОМ АБДУРАҲИМОВИЧ АБДУҲАЛИМОВНИНГ Сайловолди Дастури

admin

Тарбия кийиниш маданиятидан бошланади

admin

Инсон қадри улуғланган юртнинг келажаги буюк бўлади

admin