ADOLAT 24

Финляндия таълими муваффақиятлари

Бухоро вилоят ҳокимияти ташаббуси билан туман халқ таълими бўлимининг бир гуруҳ мудирлари таълим тизими тажрибасини ўрганиш мақсадида Финляндияга сафар қилдик. Сафар давомида биз ушбу мамлакатнинг қатор мактаблари фаолиятини ўргандик.

Финляндия таълим тизими бир нечта бўғиндан иборат. Мактабгача таълим пуллик, у оилаларнинг моддий имкониятидан келиб чиқиб белгиланади. Болалар 7 ёшдан мактабга қабул қилинади ва бош­ланғич таълим 6 йил давом этади. Бошланғич мактабда болалар билан битта ўқитувчи ишласа, ўрта мактабда ҳар бир фан бўйича алоҳида ўқитувчи дарс беради.

Ўқув йили 38 ҳафта ва ҳар бир дарс 45 дақиқа давом этади. Мактабларда дарсликлар бепул.

Одатда ўқувчилар тўққиз йиллик умумий ўқишдан сўнг ўрта таълимнинг иккинчи босқичидаги икки йўналишдан бирини танлашлари керак бўлади: академик ёки касб-ҳунар таълими.

Академик йўналишга ўқувчилар қабул имтиҳонлари орқали танлаб олинади ва бу йўналишда болалар олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрланишади, алоҳида фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўрганишади. Уч йиллик таълимдан сўнг ўқувчилар натижалари олий таълимга кириш-кирмаслигини ҳал қилувчи миллий имтиҳонларда иштирок этишади.

Айни вақтда тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Финляндияда болалар мактабда ўзларини бахтиёр ҳис этишади. Шунингдек, ўқитувчиларга нисбатан ота-оналар томонидан ишонч ва ҳурматнинг юқори эканлиги ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

Таҳририятдан: БИТИРУВЧИЛАР ЭМАС, ШАХСЛАР ТАЙЁРЛАНАДИГАН ТИЗИМ

Маълумки, мамлакатимиз таълим тизимида Финляндия тажрибасини қўллаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Финляндиянинг таълим соҳасидаги ижобий тажрибасини мамлакатимиз таълим тизимига ҳамда Миллий ўқув дас­турига жорий қилиш вазифаси белгиланган.

Албатта, кўпчиликни мазкур давлат таълим тизимининг ўзига хослиги нимада эканлиги қизиқтиради. Қуйида Финляндия таълим тизимининг ўзига хос жиҳатларидан айримларини санаб ўтамиз:

мамлакатда болалар 7 ёшдан бошлаб мактабга қабул қилинади. Зеро, тадқиқотлар жараёнида болаларни ҳаддан зиёд эрта мактабга бериш илмий жиҳатдан фойдали эмаслиги тасдиқланган;

мажбурий таълим 9 йил давом этади, ўқувчилар 16 ёшдан ўқишни тарк этишлари мумкин;

Финляндияда энг яхши мактаб, бу турар жойига яқин жойлашган мактабдир;

фин ўқитувчилари дунёдаги энг малакали мутахассислардир. Мамлакатда ўқитувчилик қилиш учун камида магистр даражасига эга бўлиш керак. Ўқитувчилари худди шифокорлар ва юристлар каби мақомга эга. Уларнинг ижтимоий мавқеи ҳам жуда юқори. Фин ўқитувчиларининг бу қадар улкан мавқега эгалик­лари ўқитувчи касбига бўлган талабнинг юқорилиги ҳамда малака имтиҳонларининг мураккаблиги билан изоҳланади;

Финляндияда хусусий мактаблар мавжуд эмас. Фин мактаблари ўртасида рақобат йўқлигининг сабабларидан бири шундаки, барча мактаблар давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Шу боис қаердадир яхши, қаердадир сустроқ таълим берилишига йўл қўйилмайди. Таълимга тикилган маблағлар – ноқулай иқлимига қарамасдан – мамлакатни ночор давлатдан билимга асосланган иқтисодиётга эга, яшаш даражаси юқори бўлган мамлакатлардан бирига айлантирди;

ўқувчилар мактабда кўпроқ тилларни ўрганишади. Улар фин тилини мактабдаги биринчи кунидан ўрганади. 9 ёшида швед тилини ўрганишни бошлашади. 11 ёшида улар учинчи тилни (одатда инглиз тилини) ўрганишга рағбатлантирилади. Кўплаб ўқувчилар 13 ёшида тўртинчи тилни ўрганаётган бўлади;

мамлакатдаги мактабларнинг барча ўқувчиларининг тушлиги давлат томонидан қоплаб берилади. 1943 йилдан буён мазкур амалиётга амал қилиб келинмоқда;

ўқитувчилар одатда кунига 4 соатдан машғулот ўтказади ва ҳар ҳафта уларга касбий ривожланиш учун 2 соат вақт ажратилади…

Tegishli xabarlar

ДЕПУТАТ ФАОЛ БЎЛСА, САЙЛОВЧИ РОЗИ БЎЛАДИ

admin

Тараққиёт стратегияси – ислоҳотлар асоси

admin

Абдулла Орипов Ўзбекистон Қаҳрамони ЎЗ ҲАҚИМДА БИР ОҒИЗ СЎЗ

admin