ADOLAT 24

Рақобат ҳам “ИНСОФСИЗ” бўладими?!

Эътироф этиш лозим, сўнгги йилларда ўзбек тилининг мавқеи анча юксалди. У турли соҳаларда фаол қўлланилмоқда; халқаро минбарларда, жумладан, БМТ минбари орқали баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизни ўрганишга қизиқиш тобора кучаймоқда. Куни-кеча Навоий ва Бобур боболаримизнинг таваллуд айёмлари арафасида кўплаб чет элликларнинг соф ўзбек тилидаги чиқишлари, шеъру ғазалларни ёддан ўқишлари фикримизнинг яққол далилидир.

Бироқ гўзал ва бетакрор тилимизнинг мавқеини янада юксалтириш, барча соҳаларда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш йўлида ҳали амалга оширишимиз зарур бўлган талайгина вазифалар олдимизда турибди. Ана шундай вазифалардан бири – амалдаги қонун ҳужжатларининг лингвистик экспертизаси ҳисобланади. Зеро, қонунларимизда қатор ғализ тушунча ва атамалар учрайдики, уларга тегишли тузатишлар киритиш пайти келди.

Масалан, нотўғри қўлланилган ана шундай атамалардан бири “инсонфсиз рақобат” бирикмаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида учрайди.

“Инсофсиз рақобат” хато бирикма ҳисобланади. Чунки “инсофсиз” сўзи жараён ёки ҳодисага нисбатан эмас, балки аниқ шахс ёки субъектга нисбатан қўлланилиши ҳаммага яхши маълум.

Энг ёмони, биз ушбу хатони тузатиш ўрнига амалдаги қонун ҳужжатларида шундай ёзилган деб, янги қабул қилинаётган ҳужжатларда яна такрорлашда давом этаяпмиз.

Афсуски, бунга ўхшаган мисолларни яна давом эттириш мумкин. Шу сабабли, рес­публикамизнинг атоқли филолог олимлари ва юристларидан иборат махсус комиссия ташкил этган ҳолда амалдаги ҳужжатларни лингвистик экспертизадан ўтказиш жуда муҳим. Бу ишни қанча эртароқ амалга оширсак, шунча яхши.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва

парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

Ҳусан Мирзаҳабибов: “Гиннесга киришимга бир баҳя қолганди…”

admin

Юртимизнинг асл бунёдкори эди

admin

Барча соҳаларда самарадорлик таъминланади

admin