ADOLAT 24

ТОВУС ТОЖИга айланган САЛТАНАТ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизни ниҳоятда қувонтирди. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аждодларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг бадиий ва илмий меросини ўрганиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Шунга қарамай, Президентнинг ушбу қарори қамровнинг кенглиги, белгиланаётган вазифаларнинг аниқ ва шу пайтгача эътибор қаратилмаган жабҳаларга йўналтирилгани билан бобуршуносликда янги даврни бошлаб беради.

Қарорни ўқир эканман, 1992 йили “Бобур изидан” илмий экспедицияси давомида ёзувчи Хайриддин Султон билан биргаликда Покистоннинг Лоҳур шаҳрида чиқадиган “Аҳбори жанг”, “Янгиликлар” газеталари таҳририяти директори жаноб Аршоде Ислом билан бўлган суҳбатимиз ёдимга тушди.

Бизга тушунтиришларича, Покистондаги барча музей, кутубхоналар, илмий муассасаларда Бобурнинг миллати мўғул деган қараш устун экан. Табиийки, бундай қараш мавжудлигидан кўнглимиз хира тортди. Суҳбатдошимизга Амир Темур, Бобур, уларнинг авлодлари ҳам ўзбек эканликларини исботлашга уриндик. Қатор фактлар, боболаримиз ижодидан мисоллар келтирдик. Қизиқиб қолган бош муҳаррир дарров мухбир чақириб, суратга туширди. Суҳбатни ёзиб олди.

Эртасига меҳмонхонага келтирилган “Аҳбори жанг”, “Янгиликлар” газеталарида ўша фактлар асосида “Шойиншоҳ Бобурни мўғул демак ғалат” сарлавҳали мақола чоп этилганидан бошимиз осмонга етди. “Аҳбори жанг” урду тилида 1 млн. 200 минг нусхада чоп этиларкан. Шунда буюк бобомиз ҳақидаги ҳақиқатни миллионлаб инсонларга етказа олганимиздан хурсанд бўлдик.

Ўшанда мақолада бундай деб ёзилганди: “…Ўзбекистондан Андижон университетининг тарих шўъбасидан ҳожи Рустам Шамсутдин, ҳожи Зокир Машраб, ҳожи Хайриддин Султон бир кун аввал Лоҳурга келдилар. Улардан ҳожи Рустам Шамсутдин Лоҳурга келиш мақсадини айтиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур борасида маълумот ва аснодлар йиғишга келганлигини билдирди. Бобур туғилиб ўсган Андижонда ташкил бўлган Бобур уй-музейи учун ҳужжатли, бадиий этюд асарлар излаш ва топиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Бобур номли халқаро илмий экспедиция тузилгани мустақилликнинг, истиқлолнинг дастлабки меваларидан бири эканлигини таъкидлади.

Ҳозирнинг ўзида Бобур ҳақида илмий, бадиий асарлар, кинофильмлар яратилди, аммо булар ҳали етарли эмас. Экспедиция Эрон, Туркия, Шом, Урдун, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларида бўлди. Энди Покистон, Ҳиндистон, Бангладешда бўлишини айтди. Профессор жумладан шундай хабар қилди: “Темур ва Бобур не жойга борибди ва ҳар ишни қилибдики, биз уни ўрганиб ўз тарихимизни рўй-рост билмоғимиз лозим.

Бобур шоир, олим, давлат арбоби, буюк саркарда, моҳир сиёсатдон сифатида ўзини ва киндик қони тўкилган Андижонни бутун жаҳонга танитди. Биз Лоҳурдаги Бобурийлардан қолган тарихий обидаларни кўриб ҳайратда қолдик. Покистон ҳукумати, мамлакат халқи бобурийлар меросини авайлаб, эъзозлаб сақлаб келаётганидан бағоят миннатдор бўлдик. Покистонлик олимлар яратган асарлар билан танишиб чиқдик. Улар бобурийлар тарихи, санъати, маданиятини ўрганишга катта эътибор берибдилар”.

Ўша йили Деҳлидаги Жаваҳарлаъл Неру номли университет профессори Рабиндран Варма билан бўлган суҳбатимиз ҳам Бобур ҳақида кечди: “Бобур бизда жуда ҳам қадрлидир, чунки у биринчи бўлиб ерли ҳинд халқи ва ўзи билан келган туркийлар билан биргаликда кичик-кичик князликлардан иборат Ҳиндистонда марказлашган йирик давлат ташкил қилди. Бу давлат Ҳиндистоннинг ўрта асрлар тарихида энг кўп яшаган салтанатдир. Бизда Турон деган номга ҳам қизиқиш ғоятда кучли. Ахир Бобур ўша тарихий Турондандир… Бобур жуда ажойиб, дилбар шахс. У Ўрта Осиё билан Ҳиндистон ўртасида ҳамкорлик ўрнатган буюк давлат арбобидир.”

1986 йилда инглиз олими Валдемар Ҳансен “Товус тож” ёки мўғуллар империяси қисмати” номли асарида “Ҳиндис­тон ва унинг саккиз минг йиллик тарихи бамисоли бир товус бўлса, ўша кўп минг йиллик тарихдаги Бобурийлар сулоласининг 332 йиллик ҳукмронлик даври ана шу товуснинг гултожидир”, деб ёзган эди.

Ҳиндистон, АҚШ, Англия, Германия, Франция, Покистон, Туркия, Австралияда буюк Бобурнинг мероси юзасидан олиб борган тадқиқотларимиз жараёнида ўша юртлардаги кўплаб бобуршунос мутахассислар билан учрашганмиз. Мазкур суҳбатлар, изланишлар натижасида “Бобурни излаб”, “Буюк Бобурийлар салтанати” номли китоб ва кўплаб илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинди. Андижон давлат университети тарих факультетида “Буюк бобурийлар салтанати тарихи” мавзусида махсус курс ташкил этилди ва шу мавзуда маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.

Янги қарорга кўра Бобурийлар салтанати тарихини тадқиқ ва тарғиб этиш бўйича белгиланган ишлар асосида Ўзбекистон Фанлар академияси таркибида “Бобур” номли халқаро илмий-тадқиқот институти Андижон шаҳрида ташкил қилинса айни муддао бўлар эди. Зеро, бу институт Президентимизнинг қарорида илгари сурилган илмий-методологик, концептуал фикр-ғояларни амалга оширишда, Бобур ва Бобурийларнинг буюк меросини, халқимизнинг давлатчилик тарихини чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш ва тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этарди.

Рустам ШАМСУТДИНОВ,

Бобур номидаги Андижон давлат университети

Ўзбекистон тарихи кафедраси профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

ҲАМ ИЛТИМОС, ҲАМ ТАЛАБ

admin

Ватан шаънин шарафламоқ улуғ бахт

admin

Инфографика

admin