ADOLAT 24

МАҲЗУНАЛАР, МАЪСУМАЛАР, МАҲКУМАЛАР…

Аёл бир хилқат. Унинг шаънини улуғлаб, ҳар қанча мадҳ этсак, энг гўзал неъматларга қиёс этсак, зебу зийнатларга буркаб куйласак ҳам кўнгил таскин топмайди. Чунки аёл ер юзида муносиб зурриёдларни қолдиришдек улуғ вазифага масъул қилиб яралган.

Яқинда бир олимнинг ўн саккизинчи асрда Қўқон муҳитида деярли ҳар бир маҳаллада бир истеъдодли шоира бўлган, деган фикрини ўқиб қолдим. Ўша пайтда шаҳарда икки юз элликдан ортиқ маҳалла бўлган экан. Демак, шунча шоира ҳам бўлган. Бу ўша давр аёллари оқила, доно ва фаросатли бўлган, деганидир. Ишончим комилки, ўша замон аёллари орасида жиноятчи, деган тушунча бўлмаган.

Бугун ҳаётимизда улуғвор ўзгаришлар билан биргаликда, афсуски, оғриқли нуқталар ҳам кўпайиб бормоқда. Энг аянчлиси, аёллар иштирокидаги жиноятларнинг ортиб бораётганлиги кишини ўйга толдиради…

Ана шундай ўй-хаёллар гирдобига ғарқ бўлган ҳолда қарийб тўрт юз километрлик масофани Қамчиқ довони орқали босиб ўтиб, Тошкент вилояти, Зангиота туманига қарашли «Боғзор» қўрғонида жойлашган 42-сонли манзил колониясини топиб келдик. Бизни мазкур колониянинг тарбиявий ишлар бўлими катта инспектори, капитан Сирожиддин Агзамов кутиб олди.

То тадбир бошлангунга қадар зобит билан колониядаги тартиб-интизом, маҳкум ва маҳкумалар учун яратилган шарт-шароитлар бўйича суҳбатлашиб олдик. Маълум бўлишича, гарчи аёллар маҳкума бўлсалар-да, уларга биринчи галда аёл сифатида муомала қилинар экан.

– Бугун жазо муддатини ўтаётганлар учун давлатимиз томонидан кўплаб шароитлар яратиб берилган, – дея тушунтириш берди капитан Сирожиддин Агзамов. – Жумладан, улар ишлаш, яқинлари билан оддий телефон орқали суҳбатлашиб туриш ҳуқуқига эгалар. Кўргани келадиганлар учун чеклов йўқ. Колонияда ташкил этилган ошхонада уч маҳал таом тайёрланади. Маҳкум ва маҳкумалар кўнгиллари тусаган овқатни сотиб олиб, тановул қилиш­лари мумкин. Ўз иқтидорларига қараб иш танлай оладилар. Чунки ўнга яқин корхоналар билан шартномамиз бор. Колония ички тартиб-интизомига қатъий риоя этишлари, иш жойида ўрнак кўрсатишлари ва маданий-маърифий тадбирларда фаол бўлишлари уларга енгилликлар берилишига сабаб бўлади.

– Маҳкумалар сони қанча?

– Икки юз нафардан зиёд…

– Йўғ-е, мен нари борса, ўн-ўн беш нафар бўлса керак, деб ўйлагандим.

– Афсуски, улар сони сиз ўйлагандан анча кўп! – деди командир дарвоза томонга боқаркан.

Шу пайт командирнинг гапини тасдиқлагандай, нариги томондаги йўлакдан саф тортиб келаётган аёллар оқими кўзга ташланди. Мен ҳая­жонимни яширолмай:

– Уларнинг ҳаммаси маҳкумаларми? – деб такрор сўрадим. – Жиноят кодексининг қайси моддалари бўйича…

Капитан Агзамов саф тортиб келаётган маҳкумалар томонга синчков назар ташларкан:

– Афсуски, деярли барча жиноят турлари бор, – деди. – Қотиллик, товламачилик, ўғрилик, бировларнинг мулкини талон-тарож қилиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний олди-соттиси билан шуғулланиш, оғу чекиш ва ҳоказо…

Тилим айланмай қолди. Наҳотки гулдай нозик аёллар шундай жирканч жиноятларга қўл ураётган бўлсалар?

– Айтинг-чи, уларнинг бундай ҳолга келиб қолишига асосий сабаб нима?

– Бош сабабчи – ота-оналар! Улар фарзандларига яхши тарбия бермай қўйишди. Иккинчиси – етимлик! Отаси ёки онасидан ажраб қолган бола тарбияси билан қизиқадиган кам. Оқибатда, ҳаттоки, қизлар ҳам оғир жиноят қилишгача бориб етмоқда. Бунинг устига «миллий» деган ниқоб остидаги маиший сериаллар ёшларни йўлдан оздиряпти. Ҳали вақти келса, вазият бундан-да чигал бўлиши мумкин. Мобил телефонлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Баъзи аёлларнинг ўзларини эридан устун қўйиши, бойлик учун ўзини ўтга-чўққа уриши ҳам жиноятга сабаб бўлмоқда.

– Қандай ҳолатда сизлар ўз олдимизга қўйган мақсадга эришдик, деган қарорга келасиз?

– Бу даргоҳдан чиқиб кетган маҳкумалар қайтиб келмаса, ўз олдимизга қўйган мақсадга эришган бўламиз.

– Бир савол туғилиб қолди. Колонияда маҳкум ва маҳкумалар юришибди. Улар севишиб қолиши, шу манзилда никоҳ тўйини ўтказиши мумкинми?

 – Севганнинг ҳам, севилганнинг ҳам ҳуқуқи чекланган бу ерда. Лекин келин ёки куёв озодликда яшаётган бўлса, мумкин. Никоҳ қайд этилади, манзилдан узоқлашмаган ҳолда уч кунга рухсат берилади. Турмуш ўртоғи тез-тез келиб, хабар олиб туриши, яқин ётоқхонада тунаши мумкин, – командир соатига қаради. – Юринглар.

Командир йўл кўрсатган чоғда костюм-шим кийиб, бўйинбоғ боғлаб олган йигит мени саволга тутди:

 – Ака, сиз журналистмисиз?

 – Ҳа.

– Мен маданий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчи-етакчи Саломов Элмурод, маҳкум.

 – А? – «маҳкум» сўзини эшитиб, яна тилим айланмай қолди.

– Ҳа, шунақа! «Мафтун» гуруҳини биласизми? Озодликда эканимда ўша гуруҳда солист бўлганман. 168-модда билан қамалганман. Ўзимнинг ижобий хислатларимни намоён қилганим ва тартиб-интизомга риоя этганим туфайли шу вазифа зиммамга юклатилган.

– Эсон-омон бу ердан қутилиб кетишингизга тилакдошман!

– Раҳмат!

Тадбир колониянинг Маънавият ва маърифат хонасида ўтказилди. У ерга кирганимизда хона чинакам ўз номига яраша жиҳозланганига гувоҳ бўлдик. Юмшоқ курсилар маҳкумалар билан тўлиб бўлганлиги учун тик туриб қолганлар сони ҳам анчагина эди. Уларнинг кўзига боқиш оғир. Тўғри-да, ҳар бир инсон бир-бири учун масъул, бир-бири учун жавобгар. Айниқса, аёл зотини тиканли сим ортида кўриш қанчалар оғир мусибат. Бирнинг хатоси мингга, мингнинг хатоси туманга татийди.

Шунча аёл жиноят кўчасига кириб, озодлик ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолган экан, тан олиш керак, бунда жамиятнинг ҳам айби бор. Демак, турмушда, бошқарувда қандайдир хатоларга йўл қўйилмоқда. Буни излаб топишимиз ва бирор мақбул чорасини кўришимиз зарур. Менимча, энг мақбул чора аёлларни биринчи галда маърифатга қайтариш. Ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш. Рўзғор тутиш сирларидан воқиф этиш. Қалбида муқаддас оилага нисбатан муҳаббат ҳиссини уйғотиш зарур.

Дарвоқе, ушбу тадбирнинг ташкилотчиси бухоролик Руқияхон ва Бобомурод Эшшиевлар бўлишганди. Намангандан ҳофиз Абдунаби Мамажонов, тарғиботчи Аъзамжон Мамажонов ва камина таклиф этилган бўлсак, Тошкентдан халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг жияни Миркомил Юсупов, ёш шоир Жавоҳир Ҳайруллаев, юрист Шерали Маҳмудов иштирок этишди.

Тадбирда аёлни мадҳ этувчи таъсирчан шеърлар, қўшиқлар, ривоятлар айтилди, юридик маслаҳатлар берилди. Ора-орада кўз ёшлар ҳам тўкилди, лабларга табассум ҳам югурди. Маҳкумалар тадбирдан ўзлари учун етарли маънавий озуқа олганликларини такрор-такрор таъкидлашди. Энг муҳими, маҳкумаларга қарата тадбир ташкилотчилари томонидан бир овоздан бу даргоҳдан тезроқ қутилиб чиқиш ва қайтиб келмаслик тилаги билдирилди.

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси


**

Йиғлагим келди

(Аёллар қамоқхонасида

ўтказилган учрашувдан кейин ёзилган шеър)

Бу даргоҳга боқмайди ойлар,

Бу дилларда оқмайди сойлар,

Тош деворга увол чиройлар,

Сизлар учун йиғлагим келди.

Сиз гуноҳга, гуноҳ сизга дўст,

Бугун аччиқ фироқ сизга дўст,

Бўлсин энди Аллоҳ сизга дўст,

Сизлар учун йиғлагим келди.

Йўл кутади ҳар кун онангиз,

Кўз ёшлари дарё болангиз,

Дилни эзар тавба, нолангиз,

Сизлар учун йиғлагим келди.

Табассумга бегона юзлар,

Табассум-чун туғилган сизлар,

Сиз йўқотган бахт қайда бўзлар,

Сизлар учун йиғлагим келди.

Болишимга деманг ғам ботар,

Қаро кундан кейин тонг отар,

Кўр ҳассасин бир бор йўқотар,

Сизлар учун йиғлагим келди.

Маҳмуд Тойир,

Ўзбекистон халқ шоири

Tegishli xabarlar

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin

ТОВУС ТОЖИга айланган САЛТАНАТ

admin

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ ЗИЁЛИСИ

admin