ADOLAT 24

Водийнинг ҳаёт мактаби

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона водийси вилоятларида бўлиб, учала ҳудудда ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган йирик лойи­ҳалар ва юртдош­ларимиз ҳаёти билан танишди.

Албатта, ташриф мобайнида давлатимиз раҳбари олтин водийнинг турли манзилларида бўлди. Кўпгина соҳалар вакиллари билан самимий мулоқот қилди. Партиямизнинг мақсад ва йўналишларидан, Сайловолди дас­туридан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, тиббиёт ва таълим тизимига тааллуқли учрашувлар алоҳида эъти­боримизни тортди.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусий тиббиётнинг ривожланиши учун ҳам кенг имкониятлар, айни масаланинг ҳуқуқий асослари яратилди. Натижада бири-биридан замонавий, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, хорижда ўз малакасини оширган малакали мутахассислар жалб қилинган тиббиёт муассасалари сони ортиб бормоқда. Бу эса ҳамюртларимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Президентимиз ташриф буюрган Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт маркази ана шундай муассасалардан биридир. Тиббиёт марказининг Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозлангани эътирофга молик. 120 та стационар ўринга эга бўлган клиникада водий аҳлига замонавий ташхис ва даволаш хизматлари кўрсатилади. Масалан, шифохона йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватига эга. Келгусида эса бу ерда кардиология, кардиохирургия, трансплантология, радиология борасида яна янги лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Кўпчиликни қувонтирадиган яна бир жиҳат шундаки, мазкур тиббиёт маркази ҳузурида университет ҳам очилган бўлиб, айни пайтда бу ерда 600 нафар талаба таҳсил олмоқда. Хорижлик профессор-ўқитувчилардан соҳанинг сир-асрорларини ўрганаётган ёшлар шу ернинг ўзида амалиёт ўташ имконига эга.

Шу юртнинг оддий бир фуқароси сифатида давлатимиз раҳбарининг “Хусусий тиббиётга шароит яратганимиз ўзини оқлади, буни аҳоли қабул қилди. Чунки одамларимиз яхши яшашга интил­япти, ўз соғлиғига қараяпти. Аҳоли даромадини ошириш бўйича қилаётган ҳамма ҳаракатларимиз аслида шунинг учун – халқимизнинг соғлом ва фаровон яшаши учун”, деган фикрлари мени беҳад қувонтирди. Бу том маънода инсонга эъти­борнинг, унинг қадрини улуғлашнинг амалий ифодасидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президент қай бир ҳудудга ташриф буюрмасин, албатта, ташриф дастурига таълим ва маърифат масканлари киритилади. Бу гал ҳам шундай бўлди – Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” кутубхонасини бориб кўрди. Бундан 2 йил аввал фойдаланишга топширилган ушбу маънавият ўчоғи 70 мингта китоб фондига эга. У дунёнинг йирик электрон кутубхоналар тармоғига уланган. Бу наманганлик ёшларга хорижий адабиётлардан ҳам эркин ва бепул фойдаланиш имкониятини яратди. Ҳатто кўзи ожиз инсонларга мўлжалланган алоҳида ўқиш зали ҳам мавжудлиги ҳеч ким ва ҳеч нарса эътибордан четда қолмаслигидан далолат беради. Қолаверса, бу республикамизда барча фуқаролар тенг ҳуқуқли эканлигини ҳам тасдиқлаб турибди.

Зиё масканига ташрифи мобайнида Юртбошимиз “Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда. Буларни эшитиб, кўриб, хурсанд бўламан. Ёшларимиз учун янада кўпроқ имкониятлар ташкил қилишни ўйлайман” дея таъкидлади. Бу пурмаъно фикрлар эса наманганлик ёшларнинг руҳини янада кўтариб, ўз келажагига бўлган ишончини ошириб юборди.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бугун Президентимиз умумтаълим мактаблари олдига ўқувчига иккита хорижий тил ва битта касб ўргатиш талабини қўймоқда. Хорижий тилларни ўрганишда эса бундай маърифат масканлари фарзандларимиз учун кенг имкониятдир.

Ташрифнинг энг эсда қоладиган яна бир воқеаси битирувчиларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатиш борасида амалга ошириладиган ҳамда Наманган вилояти тажрибасига айланадиган “Ҳаёт мактаби” дастуридир. Зеро, бугун таълимга, илму маърифатга сарфланган бир сўм маблағ эртага мамлакат иқтисодиётига миллиардлаб наф келтиради.

Умуман олганда, Президентимизнинг бугунги инсонпарварлик сиёсати, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар беихтиёр Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисраларини ёдга солади:

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами…

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” БОҒИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

Иқтисодий ҳамкорликнинг минтақавий салоҳияти

admin

Таклифларимиз қонун лойиҳасида акс этди

admin