ADOLAT 24

Ўзбек санъати дурдоналари жаҳон кўргазмаларида: Лувр музейидан Жидда шаҳригача

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати дунё жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Бунга сабаб эса мамлакат раҳбарининг дунёга очилиш сиёсати, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм­ни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида Франциянинг Париж шаҳрида жойлашган дунёга машҳур Лувр музейида ҳамда Араб дунёси инс­титутида Ўзбекистон тарихи ва санъатига бағиш­ланган икки кўргазма иш бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекис­тон ҳар йили хорижий давлатларда бўлиб ўтадиган турли кўргазмалар ва биенналеларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Бу йил эса Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида биринчи Ислом санъати биенналеси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекис­тон ҳам ўзининг 17 та ноёб экспонатлари билан иштирок этмоқда. Тадбир шу йилнинг 23 январь куни очилди ва 23 апрелгача давом этиши белгиланган. Тадбир Дирий биеннале фонди ва Саудия Арабис­тони Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Ундан кўзланган мақсад – “ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакни боғлаш”. Биенналенинг бош мавзуси “Аввал байт” деб номланиб, у араб тилида “биринчи уй” деган маънони билдиради. “Аввал байт” — Қуръони Каримда келтирилган ибора бўлиб, у мусулмонларнинг энг муқаддас маскани – Макка шаҳридаги Каъбага нисбатан қўлланилади.

Ушбу нуфузли кўргазма республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тарафидан ташкиллаштирилди. Ўзбекис­тоннинг бу тадбирда қатнашишида улкан маъно бор. Зеро, ислом дунёси илм-фани, санъати ва маданияти равнақига Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, шоирлар, миниатюра санъати усталари муносиб ҳисса қўшган.

Биргина диний илмларнинг икки асосий тамали бўлмиш Қуръон ва Ҳадис илмида икки буюк шахсни тилга олиш етарли бўлса керак.

Буларнинг биринчи Қуръон тафсири борасида, араб тили грамматикасида араб ва ғайри араблар устози Муҳаммад Замахшарий бўлса, ҳадис илмида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини тўплаш ишига бутун умрини бағишлаган Имом Бухорийдир. Булардан ташқари Бухоро, Хоразм, Фарғона заминидан етишиб чиққан илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият юритган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби олимлар ҳам ислом дунёсидаги илк ренессанс деб аталган даврда ижод қилиб, авлодларга муносиб мерос қолдирган.

Кўргазма доирасида тақдим этилаётган Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид экспонатлар орасида VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони, Х-ХII асрларга тааллуқли Самарқанд ва Афросиёб сопол кўза ва косалари, машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг ХVII асрга мансуб «ас-Саҳиҳ» китоби нусхаси, Бухоро тўнлари ва пойабзаллар ҳамда бошқа буюмлар бор.

Уларнинг орасида, шубҳасиз, VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони сифатида машҳур бўлган Қуръони Каримнинг энг қадимги қўлёзма нусхаларидан бири бўлган китобнинг саҳифаларидир. Бугунги кунда Ўзбекис­тонда Қуръони Каримнинг кўплаб қадимий нусхалари сақланади. Уларнинг даври турлича бўлиб, икки нусха ислом дунёсида мўътабарлардан ҳисоб­ланади. Бири Усмон Мусъҳафи бўлса, иккинчиси айнан Катта Лангар Қуръонидир. Ушбу Қуръон саҳифалари Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катта Лангар қишлоғида узоқ йиллар давомида сақлаб келингани сабабидан унга Катта Лангар номи берилган.

Катта Лангар Қуръонининг бош­­қа нусхалардан фарқи шундаки, у қадимги терида ёзилгани ҳамда матни қадимги куфий ёзувида эканлигида. Қўлёзма устида тадқиқот олиб борган мутахассислар айнан шу жиҳати ва карбон таҳлилларига кўра, унинг VIII асрга оид эканлигини исботладилар.

Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясига нафақат диний илмлар, балки аниқ ва табиий фанлар соҳасида қўшган ҳиссасини кўргазмага тақдим этилган Мирзо Улуғбекнинг Самарқанддаги расадхонаси макети орқали билиб олиш мумкин. Самарқанд Мирзо Улуғбек бош­чилигида ўрта асрларда илм-фаннинг муҳим марказига айланган. Бу ерга тўп­ланган олимлар Бағдод ва Хоразм академиялари мутафаккирларининг илмий анъаналарини давом эттириб, Темурийлар даври ренессансининг вужудга келишига сабаб бўлди. 

Кўргазма доирасида намойиш этилаётган экспонатлар орасида X-XII асрларга оид кулолчилик буюмлари ҳам диққатга сазовор. Бу давр­даги кулолчилик буюмларининг ўзига хос хусусиятлари шундаки, биринчидан, айнан шу даврда кулолчиликда сирлашга ўтиш бошланган бўлса, иккинчидан, буюмлардаги нақшлар ҳам ўзига хос бўлган. Ҳозирда биз кўрадиган нақшлар ке­йинги асрларга тегишли ҳисобланади. X-XII аср кулолчилигида асосан араб ҳарфларидан иборат ёзувлар нақш сифатида ишлатилган. Бунда асосан ҳикматли сўзлар, ҳадиси шарифдан иқтибослар келтирилган. Айниқса, Сомонийлар даври кулолчилигида куфий ёзувидаги безакли идишлар кенг тарқалган.

Мамлакатимиз зардўзлик мактаби азал-азалдан ўзининг бежирим безаклари ва шоҳона улуғворлиги билан дунё аҳлини ўзига жалб қилиб келган. Айниқса, XIX аср охири, ХХ аср бош­ларига мансуб зардўзлик буюмлари заргарона нозиклиги билан ажралиб туради. Турли кўринишдаги бўртма гирихлар, юлдузчалар ва шунга ўхшаган бош­­қа безаклар буюмга ўзгача зеб бериб турган, айниқса, давқур мужассамоти алоҳида ўрин тутган. Унинг XIX асрдаги тараққиёти Бухоро билан боғлиқ. Бухорода ҳамон сақланиб келаётган зардўзлик касби узоқ давр мобайнида сайқал топиб, такомиллаша борган. Ушбу касб билан асосан эркак­лар шуғулланган (ҳозир аёллар орасида ҳам кенг тарқалган), улар устахоналарга уюшиб ишлашган. XIX аср ўрталари, ХХ аср бошларида яратилган зардўзи буюмлар (тўн, камзул, чакмон, чалвор, пойабзал, белбоғ, салла, кулоҳ ва жул каби)нинг деярли барчаси амир ва унинг оиласи, сарой аёнлари учун тайёрланган, қисман бадавлат хонадонлар буюртмалари ҳам бажарилган.

ХХ аср 20-йилларида барча амалий буюмларнинг турлари ўзгарди, аввалги ҳашамдор буюмлар ўрнини нафис ишланган, давр талабига мос буюмлар эгаллади, нақш мужассамоти соддалаштирилди, анъанавий нақшлар давр руҳини ифода этувчи шакллар билан бойитилди. Зардўзлар аёлларнинг байрам либослари (кўйлак, нимча, дўппи, камар, кавуш, сумкача), анъанавий буюмлар, эркаклар учун совға тўнлар, дўппилар тайёрлай бошладилар. Кўргазмада намойиш этилаётган шоҳона либослар айнан XIX асрга оид намуналар ҳисобланади.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, биринчи Ислом санъати биенналесининг яна бир муҳим ғоя­­си – ислом дини пайдо бўлган минтақадан узоқда жойлашган ҳудудларнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида семинар, конференция ва давра суҳбатларини уюштиришдан иборат бўлди. Шу маънода Ўзбекистон делегацияси тарафидан тайёрланган “Марказий Осиё олимлари дунё цивилизациясида: Муҳаммад Хоразмийдан Мирзо Улуғбеккача” номли маъруза семинар иштирокчилари томонидан алоҳида эътироф этилди.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

ЎзРФА вице президенти,

 тарих фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Сайловолди учрашувлари якунига етди (СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ)

admin

КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровга очиқ хат

admin

БЕРУНИЙ ДАҲОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

admin