ADOLAT 24

Мангулик фалсафаси

Қани энди, қуёшдек бўлсанг. Жим нур сочаверсанг. Бунинг учун олов ўзингдан бўлиши керак. Ойдек нурни қуёшдан олсанг… барибир, буям яхши. Тун – оқшомлари одамларнинг кўзларини, кўнгилларини сирли шуълалар билан ёритганига не етсин!

 Қуёш бу – меҳр.   Ой бу – мурувват.

Устозларинг шундоққина тепангда сенга нур сочишдан, беғараз ёритишдан сабоқ бериб турса, бу қандай яхши.

Устозларинг сенга насиҳатбозлик қилмасалар, балки жимгина ибрат кўрсатсалар, нечоғлик саодат бу.

Биз бахтли шогирдлармиз.

Гап қуёшнинг, гап ойнинг тилини тушунишда. Уларни тушуниш эса, аслида, жуда осон. Ахир, ёғдунинг тилини, нурнинг забонини тушунишнинг нимаси қийин? Ва… нимаси ёмон? Бу тилни ўз вақтида Огаҳий ҳазратлари ҳаммадан ҳам теран тушунган эди. Шунинг учун ҳам у шоҳни қуёшдан ибрат олишга чиқарган эди:

Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини,

Ким, Меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Бироқ, барибир, обод бўлган яхши.

Вайрон бўлиш эса ёмон. Жуда ёмон. Ҳазрат Навоий ёзган эдилар:

Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим,

Жон бас-э, қилдим фидо, оромижоне топмадим.

Бир қарашда шоирнинг бу гапи, чиндан ҳам, ғалати. Хусусан, шоир шахси билан боғлиқ юқорида зикр қилинган жиҳатларни назарда тутсак. Ҳазрат Навоий зоҳирий меҳр ҳақида эмас, одамни ичдан тозартирадиган, ботиний жозиба ҳақида гапиряпти. Ана шу қудратни топмаганидан ўкиняпти. Ҳазрат Навоийдек на бойликдан, на иззат-эҳтиромдан Аллоҳ қисмаган бир одам “топмадим”, дея кўзда тутаётган мўъжизани мухтасар қилиб кўнгил деб аташ мумкин. Шоир ана шу кўнгилларни топмоқчи, ўз кўнглини уларга армуғон қилмоқчи. Бироқ оммавий бир кўнгилсизлик юз бераётганлиги сабабли, бир “меҳрибон” тарзида ифодаланаётган ана шу кўнгилларни топмаганлигидан фарёд чекмоқда…

“Оммавий қирғин қуроллари” деган атама мавжуд. Ялпи кўнгилсизликлар қирғин қуролларининг энг даҳшатли туридир. Тўғри, бу қурол одамларни фақат жисман маҳв этмайди, балки инсонни инсон қилиб турган маънавиятни завол топтириб, уни ўзлигидан мосуво қилади. Роботлаштиради. Улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг таъбири билан айтганда, “юлдузларнинг ҳидини билмайдиган”, “йиғлаган гўдакни юпата олмайдиган” бир аҳволга солади: забун қилади. Шунинг учун ҳам бемеҳрлик иллатининг дастлабки аломатлари кўзга чалиниши билан бонг уриш керак. Унинг жаранги ҳазрат Навоий умид этган ботиний меҳрнинг ўзи янглиғ ички бир тарзда янг­раб мутасиллик касб этса, юрак уриши сингари бир умр давом этадиган жараёнга айланса, нур устига нур.

Одам қорнига эмас, қадрига йиғлайди. Чунки одамнинг қорнини тўйғазиш қийин эмас. Меҳнат қилса, насибасига яраша ҳақ топади. Кўнгилни тўйдириш қийин. Бир қарашда-ку бу ҳам осон, бироқ, садағанг кетай бу кўнгил деганни тўйдириш учун аввал уни… топиш керак…

Ҳамма-ҳамманинг кўнглини топиш қийин. Лекин, шуни унутмаслик керакки, ҳеч кимнинг кўнглини оғритишга ҳаққимиз йўқ. Одамларга яхшилик қилиш одамларга ёмонлик қилмасликдан бош­ланади. Модомики, оғриётган экан, кўнгил мавҳум тушунча эмас, мавжуд ҳодиса. Муайян бир мўъжизадир.

Дунёдаги жамики бало-офатлар, ҳунрезликлар, фожиалар бир-бирини тополмаган кўнгилларнинг тақдирга қарши исёнидан бино бўлади.

Одамларнинг кўнглини топиш асосий бурчи бўлмаган касбнинг ўзи йўқ. Агар мендан ҳамма касбни бир тушунча билан изҳор қил, десалар, “Одамларнинг кўнглини топиш” деб жавоб берган бўлур эдим. Бизлар даволаб, бинолар қуриб, шеърлар ёзиб, кашфиётлар қилиб, ҳосиллар етиштириб, конлар очиб, хуллас, барча эзгу ишларни қилаётиб, асосан бир муҳим вазифани адо этамиз: одамларнинг кўнглини топамиз.

Дўстликнинг ижтимоий илдизлари нақадар аҳамиятли бўлмасин, у аввало, жузъий туйғу эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Дўстлик ўзининг ана шу жиҳатлари билан ҳам оламшумулдир. Ҳар бир одамнинг дўстлик туйғуси алоҳида бир салтанат бўлиб, бу салтанатнинг шоҳи ҳам, фуқароси ҳам ана шу одамнинг ҳамда ана шу одам дўст деб танлаган иккинчи инсоннинг кўнгил битимларига асосланган мўъжизадир.

Кўнглинг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,

Мендину кимдинки кўнглинг истамас озод бўл.

Ҳазрат Навоийнинг бу ўгити ҳамма замонлар, ҳамма инсонлар учун дастуриламал бўларлидир.

Бироқ инсоннинг дўстликдаги собитлиги итнинг вафоси-ю, отнинг садоқатидек инстинктга эмас, ақлу заковатга таянганлиги билан тафовут қилади. Оққушнинг садоқати билан Мажнуннинг вафоси ўртасида ер билан осмонча тафовут бўлганидек, инсонларнинг оқилона дўстлиги ҳам одамий бир эҳтиромга, ибратга лойиқ. Хуллас, дўстликнинг турли жиҳатлари-ю, истисно ҳамда мустаснолари тўғрисида узоқ фикрлаш мумкин. Ҳар бир инсон инсоният ишлаб чиққан тамойилларга ўз ҳаёт тажрибасини ҳам қўшиб, ана шу маънавий бойликни дўстлашиш бобида ўзи учун қоида қилиб олса, назаримизда, нур устига нур бўлади.

Ҳазрат Алишер Навоийнинг бизга қолдирган улуғвор мероси моҳиятида ҳам ана шундай буюк аъмоллар ётади. Унинг мангулиги ҳам ана шунда!

Матназар Абдулҳакимнинг

“Кўприк” китобидан олинди.

Tegishli xabarlar

ШАРМАНДАГА ШАҲАР КЕНГ ЭКАН Ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими қачон ишга тушади?

admin

(инфографика)

admin

КИТОБлар тафаккур кемаларидир

admin