ADOLAT 24

Қонунлардаги камчиликлар мутахассислар ёрдамида бартараф қилинади

“Ishonch” газетасининг 24 январда чоп этилган 11-сонида филология фанлари доктори Ҳалим Саидовнинг “Қонундаги “тушунарсиз” модда. У қандай мақсадда киритилган?” сарлавҳали таҳлилий мақоласи ҳам журналист, ҳам парламент аъзоси сифатида эътиборимни тортди.

Мақола муаллифи бугунги миллий журналистикамизга оид қонунчиликдаги айрим камчиликларга тўхталиб ўтгани эътирофга лойиқ.

Мақолада журналистик фаолият олиб бораётган, суриштирув ўтказаётган журналист ходим фаолиятида айрим англашилмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин бўлган нормалар ҳақида сўз боради. Муаллиф суриштирув ўтказаётган журналист ҳамда текширув объекти бўлмиш мансабдор ўртасидаги “ўзаро келишув”лар эҳтимолини оширадиган қоидаларга барҳам бериш зарурлигини таъкидлайди.

“Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида журналистнинг текширув ўтказиши ва қўлга киритган натижаларни мансабдор шахсга ихтиёрий тарзда топшириши ҳам мумкинлигини назарда тутувчи норма ташкилот раҳбарининг жавобгарликдан қутулиб кетишига сабаб бўлиши асосли танқид қилинади. Яъни муаллиф фик­рича, оммавий ахборот воситалари фаолиятига доир қонунлар кўп, лекин ана шундай ҳолатлар учун аниқ, “тирқишлар”ни қонунчиликдан олиб ташлаш вақти келди.

Мақолада долзарб масала ўртага ташланган. Дарҳақиқат, ОАВ соҳасида кўплаб қонунлар бор, баъзилари бир-бирини такрорлайди. Бироқ бугун – демократик ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилаётган ҳамда интернет журналистикаси ривожланиб, медиа­майдонда янги вазият юзага келган пайтда қонунчиликдаги бўшлиқлар кўзга ташланиб қолди. Бундан илгарироқ Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга журналист фаолиятига аралашиш ва тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилашни кўзда тутадиган тегишли моддалар киритиш таклифини қонун ташаббуси сифатида берилганди.

Ҳақиқатан ҳам, журналист суриштируви объектига ўз фаолияти юзасидан ўтказилган ёки ўтказилиши кўзда тутилган масалада “пана-пастқамларда”, “тор доираларда” огоҳлантириб қўйилиши механизми журналистнинг холислиги ва мустақиллигига болта уради. Унда журналист суриштирувидан маъно-мақсад қолмайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари томонидан ахборот соҳасида илмий-амалий фаолият юритадиган мутахассисларнинг асосли тавсия ва хулосалари инобатга олиб келинган, мутахассислар билан давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар ўтказиб турилади. Умид қиламизки, Ҳалим Саидовдек тажрибали, маҳоратли журналистларимиз ҳам келгусида ўтказиладиган учрашувларнинг фаол иштирокчиси бўлишади.

Шу ўринда айтиш керак, ҳозирда ОАВ фаолиятига оид барча қонунлар ўрнига ягона Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодексини тасдиқлаш ҳақида қонун лойиҳаси АОКА томонидан тайёрланиб, project.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ўйлаймизки, мутахассислар, олимлар фикрлари билан Кодекс мукаммал шакл ва мазмунда қабул қилинади.

Ахборот кодекси лойиҳаси парламентга киритилиши билан Ҳалим Саидовдек жонкуяр, малакали мутахассислар, олимларимиз билан соҳага оид қонунларимизни такомиллаштиришга, мавжуд бўшлиқларни бартараф қилишга эришамиз, деб ўйлайман.

Tegishli xabarlar

ПАРТИЯМИЗ ҒОЯЛАРИ ҲАР БИР ҲУДУД, ҲАР БИР МАҲАЛЛА, ҲАР БИР ХОНАДОН ВА ҲАР БИР ҚАЛБДА ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПАДИ Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг партия XIV Пленумидаги маърузаси

admin

АДОЛАТ – БИЛИМДА

admin

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

admin