ADOLAT 24

УВАЙСИЙНИ УНУТДИКМИ?..

Марғилонда туғилиб, ижод қилган Жаҳон отин Увайсий (1779-1845 йиллар) халфа, мактабдор, отин ва маърифатпарвар шоира сифатида ҳаммамизга таниш, албатта. Унинг ижодини севиб мутолаа қилганмиз.

Ул на гумбаздур эшиги, туйнугидин йўқ нишон,

Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдур макон.

Синдуруб гумбазни қизлар ҳолидин олсам хабар,

Юзларида парда тортиғлик, турарлар бағри қон –

каби чистонларини ёд олиб, ўқувчилик, талабалик пайтимизда баҳру байт, мушоираларда айтардик. Аруз, муаммо (шеърда фикрни яширин ифодалаш) санъатини мукаммал эгаллаган, Қўқон адабий муҳитида ўзининг муносиб ўрнига эга, саройда Нодира ва бошқа хотин-қизларга шеърият илмидан сабоқ бериб, устозлик қилган Увайсийнинг:

Бир пари пайкар суманбар ёра ошиқ бўлмишам,

Лаъли дилкаш, сўзи хуш, дилдора ошиқ бўлмишам.

Мадди оҳим кўкдадур, соруғ юзимда ашки ол,

Ул қадди раъно, юзи гулнора ошиқ бўлмишам –

каби ғазаллари бугун ҳам халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан севиб куйланади.

Шундай улуғ шоиранинг зиёратгоҳига бориш мен учун анчадан бери орзу эди. Яқинда ушбу орзуйим ушалди, Марғилонга сафарга отланар эканман, севимли шоирамизнинг қабрини зиё­рат қилишга ошиқар эдим. Қалбимдаги аллақандай ҳаяжон билан Жаҳон отин Увайсий зиёратгоҳига кириб бордим.

Аммо, минг афсуски, у ердаги ҳолатдан бир лаҳза эсанкираб қолдим: пала-партишликлар, нохуш кўриниш – зиёратгоҳ ҳудудидаги тўп­ланиб қолган уюм-уюм хазонлар, панжараларнинг синиб ётиши, атрофдаги тартибсизликлар, полиэтилен халталар, шоира ҳайкалининг лойга чап­ланган ҳолатини ўз кўзим билан кўрар эканман, нигоҳларимда ҳайрат ва алам қотди. Шеригимга адашиб, бошқа жойга келиб қолмадикми, дегандек саволомуз тикилдим. Асли шу ерлик ҳамроҳим кўзларини ерга қадаб, йўқ, дегандек афсус билан бош чайқади.

Юрагим эзилди. Ўз замонасининг энг илгор намоёндаларидан бири бўлган, ўзбек адабиётининг ўз нуфузига, қадр-қийматига эга классик шоираси Жаҳон отин Увайсий халқимиз маънавият осмонининг ёрқин юлдузларидан биридир. Ўз даврининг буюк шоирасига нисбатан ватандошлари, маҳалладошларининг эътибори, ҳурмати шуми? Кўксимдаги юрак озорланиб, санчиб қўйди, дилим оғриди.

Адабиёт, шеърият аҳли, шоира севган она халқи қаерга қараяпти? Наҳотки бу ҳолатни кўрмаяпти ёки кўриб, кўрмаганга олишяптими? Ахир бугун ҳам шоиранинг қанчадан-қанча издошлари, ижодкорлар шу заминда яшаб, ижод қилишаяпти-ку! Гўзал қалбли шоиранинг сумбул сочларию ой рухсоридан лойлар оқиб тушган. Ёки бу шоиранинг кўз ёшларими? Ораста сақланмаса, шоирага эҳтиром кўрсатилмаса, зиёратчилар, сайёҳлар ташриф буюрадиган бу мас­канни яратишдан мақсад не эди? Юртдошларининг оташнафас шоирасига бўлган эътиборсизлиги бу ерга ташриф буюрган, шоиранинг зиёратига келган ҳар қандай одамнинг кўнглини ранжитади.

Умрим бўйи Увайсийнинг қабрини зиёрат қилишни орзу қилган эканману унинг даргоҳига келгач, қушмисол енгил бўлиб, руҳланиш ўрнига юрагимга қадалган зилдек тошдан юришга мадорим қолмай ортга қайтишим мумкинлиги ҳақида сира ўйламаган эканман. Ушбу манзил-маконни ораста қилиб қўйиш учун на катта маблағ, на катта куч даркор. Фақат бироз эътибор лозим, холос. Атрофни тозалаб, синган панжараларни тўғрилаб, бўяб, шоира ҳайкалини тозалаб қўйиш каби озгина ҳаракат кифоя-ку. Шаҳар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, шу ерда яшовчилар, ижод аҳли нега бу қадар бепарво? Бугун тагида курсиси, қўлида мансаби бўлган мансабдорлар, ижодкорларга айтгулик бир сўзим бор: Буларнинг бари ўткинчи. Бир куни авлодларнинг сизнинг хотирангизга бўлган муносабати бундан ҳам баттар бўлиши мумкин. Чунки азизлар сиймосини хор қилганнинг ўзи ҳам хор бўлмай қолмас. Бугунги ҳар бир хатти-ҳаракатингиз ёшларга ибратдир.

Инсоннинг кадри пул билан ўлчанадиган замонлар келган чоғи… Марғилонда бир-биридан ҳашаматли савдо дўконлари ва бошқа иншоотларнинг ёнида, шундоққина Увайсий маҳалласи биқинига жойлашган ғарибгина зиёратгоҳ юрагимнинг мунгли дардига айланди…

Увайсийни асло унутманг,

Аҳли дониш, аҳли Марғилон.

Шоираи давроним менинг…

Ижод аҳли қалқинг, уйғонинг,

Увайсийни унутдикми биз?..

Увайсийни унутмайлик ҳеч!..

Раъно ХОЛИҚОВА,

журналист

Tegishli xabarlar

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin

ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ

admin

2022 ЙИЛДА ХАНЧЖОУ ШАҲРИДА (ХИТОЙ) БЎЛИБ ЎТАДИГАН XIX ЁЗГИ ОСИЁ ВА IV ПАРАОСИЁ ЎЙИНЛАРИГА ЎЗБЕКИСТОН СПОРТЧИЛАРИНИ КОМПЛЕКС ТАЙЁРЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin