ADOLAT 24

ТАРИХни тиклаётган ТАФАККУР Туркий халқларнинг маънавий ва диний ҳамжиҳалигини таъминловчи муҳим омиллар асоси

Ўзбекистон 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди ва ўша йил октябрь ойида тузилмага расман қўшилди. Мамлакатимиз ташкилот ва унинг тузилмалари (Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси – ТуркПА, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Халқаро туркий академия, Туркий маданият ва мерос жамғармаси) фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ТТДҲКнинг 2019 йил 15 октябрь куни Боку (Озарбайжон) шаҳрида ташкил этилган 7-саммитида, шунингдек, онлайн шаклда давлат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 19 апрель куни бўлиб ўтган «COVID-19 пандемиясига қарши курашда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик» мавзусидаги навбатдан ташқари йиғилишида ҳамда 2021 йил 31 март куни уюштирилган норасмий саммити ва 2021 йил ноябр ойида Истанбулдаги саммитида иштирок этди.

Мамлакатимиз ташкилотга аъзо бўлганидан буён ўтган қисқа давр­­да Ўзбекистон таклиф қилган қатор конструктив таклифлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирларда иштирок этиш доирасида иқтисодий масалалар билан бир қаторда ташкилотга аъзо давлатларнинг муқаддас қадамжолари бўйича «Табаррук зиёратгоҳ» лойи­ҳасини амалга ошириш, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш каби ташаббус­ларни илгари сурди.

2021 йилнинг 23-24 июнь кунлари Қўқон шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 6-йиғилиши ўтказилгани, унинг якунида Қўқон шаҳри 2022 йилда «Туркий дунёнинг туризм пойтахти» деб эълон қилингани ҳам аввалроқ таклиф қилинган ташаббус­ларнинг амалий натижаси бўлди. Шунинг­дек, 15-16 сентябрь кунлари Хивада Халқаро туркий маданият ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирларининг 38-мажлиси ва «Хива 2020-2021 йилларда Туркий дунёнинг маданият пойтахти» дастурини амалга ошириш доирасидаги маданий тадбирлар ўтказилди.

2021 йилнинг 31 март куни бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг норасмий саммитида давлатимиз раҳбари буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг туркий дунё маънавий-маърифий ҳаётига қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, фан, таълим, адабиёт, санъат, ижтимоий соҳалардаги ютуқлар ҳамда туркий дунё бирлигини мус­таҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириш мақсадида Туркий кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилишни таклиф этди ва ташаб­бус бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Туркистон мезбонлик қилган ўша учрашувда барча туркий халқларнинг маънавий юксалишига катта ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий меросига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга Соҳибқирон Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини таъкидлагани бежиз эмас. Маълумки, Мир Алишер Навоий ҳазрат Яссавийга “Туркис­тон мулкининг шайхул машойихи” деб юксак баҳо берган. Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси туркий оламнинг буюк вакиллари – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинади. Аҳмад Яссавий ўз даврида бутун мусулмон оламида “Ислом динининг қуввати” деб шуҳрат қозонган Бухорои шарифда Абдухолиқ Ғиждувоний билан бирга Юсуф Ҳамадоний каби машҳур уламодан таҳсил олгани ота-боболаримизнинг доимо сафдош ва ҳамфикр бўлиб келганини кўрсатади. Бугунги кунда Аҳмад Яссавий зиёратгоҳини барча қардош халқларимиз табаррук қадамжо сифатида чексиз қадрлайди.

Туркий халқлар тарихида кенг шуҳрат топган ва юксак маънавий нуфузга эришган улуғ зотлар кўп бўлган, лекин Хожа Аҳамад Яссавийга ўхшаб асрлар мобайнида туркий қавмлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган ва шу кунларга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, ҳатто сиёсат жабҳасида таъсирини ўтказиб келган буюк сиймолар бармоқ билан санарли.

«Яссавий – Исломга киришнинг охирги ва Исломиятнинг илк шоири – идеологи эдики, худди шу маънода буюк Шарқ Ренессансининг юзага чиқишида Дантега ўхшаб иш кўрмак унинг қисматига тушди», дейди профессор Яшар Қораев. Дарҳақиқат, Аҳмад Яссавий фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф шеъриятининг биринчи ижодкори сифатида ҳам қайтарилмас ва унутилмас тарихий вазифани амалга оширган эди. Туркий тил ҳам гўзал, ҳам қудратли, ҳам бағри кенг тилдир. Бу тилда қадим замонларда Буддизм ва Моний динига доир матнлар шарҳланган. Бу тилда яна бошқа динларнинг тушунчаларини ифодаловчи шеърлар ёзилган. Аммо Аҳмад Яссавий ўз она тилини биринчи бўлиб тариқат тили мақомига кўтарди. Шунинг учун унинг шеърларидаги ҳар бир сўз ва ҳар бир ибора ислом ҳақиқатлари қадар муқаддас, нурли ва илоҳийдир.

Аҳмад Яссавийнинг туркий адабиётдаги тарихий хизмати фақат ҳикматнавислик анъанасини бош­лаб берганлиги билан чегараланмайди, албатта. «Девони ҳикмат»да муножат, қасида, мунозара жанри талабларига мувофиқ келадиган шеърлари билан бир қаторда, «Меърожнома» ҳам ўрин олган. Яссавийнинг Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом мадҳ этилган манзумалари яратилиш даврларидан бош­лаб то ҳанузгача ўқувчи кўнглини илҳомлантириб келган ва ҳар қандай ижодкорга таъсир кўрсатишга қодир асарлардир.

Алишер Навоий бу улуғ турк пири ҳақида шундай сўзларни битиб қолдирган: «Аҳмад Яссавий – Туркистон мулкининг шайхул машойихидир. Мақомоти олий ва машҳур, каромати матаволий ва номахсур эрди. Мурид ва асҳоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонасида ниҳоятсиз эрмиш».

Демакки, Хожа Аҳмад Яссавий барча туркий халқлар учун табаррук ва қадрли инсондир. Пири Туркистон Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратнинг номи, тариқати ва «Девони ҳикмат» номли асари барча туркий халқлар орасида маълум ва машҳурдир. Мана шунинг учун ҳам Аҳмад Яссавийнинг диний-тасаввуфий таълимоти ва шеърияти асрлар мобайнида дунёнинг кўп минтақаларида ўқиб-ўрганилиб келинади.

Яссавийни билиш — бу, энг аввало, Шариат, Тариқат, Маърифат ва Ҳақиқатни билиш демак. Яссавийни билиш — бу инсон Ақли, Қалби ва Руҳ сирларини теран анг­лаб, комиллик мақомига юксалиш демак. Бизнинг аждодларимиз ахлоқий-маънавий ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин ишғол этган Аҳмад Яссавий ижодиёти собиқ шўро тузуми даврида таҳқирланиб, халқдан ажратиб қўйилган эди. Лекин шунда ҳам улуғ бобомизнинг муборак номи ва шеърлари халқимизнинг кўнглида ва хотирасида яшаб келди. Шунинг учун амалга оширилган савобли ишлардан бири «Девони ҳикмат»ни нашрга тайёрлаб, кенг ўқувчилар оммасига етказиш бўлганди. Ушбу ишни атоқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулов муваффақият билан амалга оширди. Бунинг учун «Девони ҳикмат»нинг Камол Эраслон томонидан чоп қилинган нашри асос қилиб олинганлиги ҳам бежиз эмас эди, албатта. Чунки ХХ асрнинг 20-йилларида Туркия­­да яссавийшунослик жабҳасида ниҳоятда эътиборга молик ютуққа эришилганди.

Бу — машҳур турк олими М.Ф.Куп­рулининг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» номли китобининг яратилиши эди. Ана шундан буён қардош турк диёрида Яссавий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш ишлари тўхтагани йўқ. Хусусан, кейинги ўн йил ичида турк тадқиқотчилари бу соҳада катта ютуқларни қўлга киритдилар. Демоқчимизки, бугун яссавийшуносликка маълум бир ҳисса бўлиб қўшиладиган илмий ишларни амалга оширишни кўзлаган ҳар бир олим ана шу тадқиқотлардан хабардор бўлмоғи лозим. Қолаверса, Яссавий ижодининг ўрганилмаган жиҳатлари ҳали кўп. Шу маънода Туркий давлатлар ташкилоти даражасида бу аллома ҳаёти ва ижодий меросига эътибор қаратилса, унинг номидаги халқаро мукофот ёки халқаро хайрия жамғармаси таъсис этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ваҳоланки, тасаввуф илмининг шайхи, пири, беназир уламонинг туркий тилда ёзган барча асарларини туркий олам бирдек тушунади, бирдек қабул қилади. Унинг туркийчада ёзилган шеър­лари тилининг оддийлиги, ифодасининг ёрқинлиги ва пурмаънолиги билан ажралиб туради. Бу қарор туркий халқлар маданий яқинлашуви йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.  

Бошқа томондан, ёшларни илм-фанга муҳаббат, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш йўлида дин, тарих, фалсафанинг ўрни беқиёс. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур».

Айтиш керакки, Яссавий асарларида поклик, тўғрилик, камсуқумлик, меҳр-шафқат, ҳалол кун кечириш, нафсни тийишга интилиш, имонли бўлиш каби асл инсоний фазилатлар мақталган. Золимлар, порахўрлар, мутаассиб шайхлар, жоҳил ва нодон кимсалар эса қораланган. Мана, нима учун мустақиллик йиллари юртимизда Аҳмад Яссавий ҳикматлари қайта-қайта нашр этилмоқда.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, туркий халқларнинг азиз авлиёларидан бири бўлмиш Хожа Аҳмад Яссавий маънавий-диний меросининг барча туркий халқлар заминидаги замонавий ёшлар тарбиясидаги аҳамияти каттадир, уларнинг руҳини кўтаришга, ҳамкорлигини кучайтиришга муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Исмоил САИФНАЗАРОВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор,

ТДИУ Фахрийлар кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Янги қурилишлар баҳонасида… Ҳамид Олимжон ва Зулфия яшаган уй бузилмоқда

admin

Биз томонга кела кўрманг… Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги диққатига!

admin

Қадрнинг бозори қайда?!

admin