ADOLAT 24

Адвокатура институти фаолиятини ислоҳ қилиш инсон ҳуқуқлари ҳимоясига хизмат қилади

Президентимизнинг Мурожаатномасида якунланган 2022 йил давомида эришилган ютуқлар билан бирга, долзарб муаммолар ва уларнинг аниқ ечимлари ҳам тилга олинди. Айниқса, мамлакатимизда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиши замирида улкан мақсадлар мужассам.

Жорий йилнинг бундай номланиши биринчидан, Тараққиёт стратегиясида белгиланган мамлакатимизнинг энг муҳим стратегик мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлса, иккинчидан, ислоҳотларимизнинг барқарорлиги ва бардавомлигини намоён этади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида 2023 йилда мамлакатни ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Бунда учинчи йўналиш, яъни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланди.

Сир эмаски, адвокатура соҳасини ислоҳ қилмай туриб, одил судловни амалга оширишга эришиб бўлмайди. Шу сабабли Мурожаатномада одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиши, адвокатга ўз фаолиятини амалга оширишида етмайдиган ваколатлар берилишига алоҳида урғу берилди.

Албатта, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахс­ларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

2022 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, республика бўйича жами 2051 та адвокатлик тузилмалари, уларда 4613 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Бу 8,5 минг аҳолига ўртача битта адвокат тўғри келишини англатади. Улар томонидан 2022 йилда суриштирув, терговга қадар текширув, тергов ва барча йўналиш ва инстанциялардаги судларда 434 823 та, шундан 109 229 та бепул, 103 025 та давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилди, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.

Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсадида ҳам адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондиришга қаратилган устувор вазифалар белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 майдаги “Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса малакали ва сифатли юридик ёрдам олишга бўлган фуқаро ва ташкилотларнинг манфаатларини таъминлаш, адвокатура фаолиятига оид қонунчилик ва амалиётни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Зеро, ўтган давр мобайнида ушбу қарорга асосан бир қатор ишлар амалга оширилди. Биринчидан, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи учун лицензия беришнинг анъанавий тартиби бекор қилиниб, “Лицензия” ахборот тизими орқали махсус QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон лицензия бериш йўлга қўйилди.

Иккинчидан, адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали “ягона дарча” тамойи­­ли асосида фақат электрон тарзда амалга оширилиши жорий этилди.

Учинчидан, адвокатлик фаолиятини бошлашда малака имтиҳонини топшириш, адвокатлик фаолияти учун лицензия олиш ва адвокатлик бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича композит хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Бунда адвокат бир марта мурожаат қилиб, бир нечта хизматдан композит тартибда фойдаланади.

Тўртинчидан, Адлия вазирлиги томонидан адвокатура фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилишга қаратилган “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Бешинчидан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларнинг электрон танлаш тизими ишлаб чиқилди.

Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, унга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланиши, касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши, касбий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилиниши ҳақидаги 1161-модда билан тўлдириш назарда тутилмоқда. Хулоса ўрнида айтиш керакки, адвокат фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги Конституция­­да қатъий белгиланиши – инсон қадрини янада оширишга, уни таъминлашга хизмат қилади.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ТЕКИН ДЕГАНИ ҚАДРИ ЙЎҚ ДЕГАНИМИ?

admin

“Адолат” ташаббуси: Қўштепада 50 нафар болажонга хатна тўйи ўтказилди

admin

Сохта ДХХ ходими иккинчи марта товламачилик қилаётганда қўлга тушди

admin