ADOLAT 24

БИЗ ШУНДАЙ ЯШАРДИК

…Ердан олиниб отилган кесак онамнинг бошига тегди! Оғриқдан бошини ушлаган онам жон аччиғида қўшни холанинг олдига югуриб бориб, юзига тарсаки туширди! Қўшни холанинг ўғли онамга ёпишди! Мен унинг ёқасидан тортиб, юзига мушт туширдим! Укам дадамни чақириш учун уй томон югурди! Жанжал авжига чиқди!

Уйдан югуриб чиққан дадам бир-бирининг сочига ёпишган онам билан қўшни хотиннинг олдига бориб, онамнинг қўлларидан тортиб ажратди ва… онамнинг юзига тарсаки туширди! Қўшни амаки эса тинмай қарғанаётган хотинининг юзига шапалоқ урди! Икки аёл юзини ушлаганча уйга йиғлаб кириб кетди! Мен дадамдан қўрқиб, қочиб қолдим.

…Икки қўшни орасига жанжал келтириб чиқарган бефаросат товуқ эди! Қишлоқ жойда қўшни билан орада баланд девор тортиш юз кўрмаслик белгиси бўлганлиги учун қўшнимиз билан орамизда баландлиги бир метр ҳам чиқмайдиган сим сетка номига тортилган эди. Қишда паррандаларга теккан касаллик сабаб қирилиб кетган товуқларимиздан фақат битта хўроз қолганди. Қўшнимизда ҳам шу аҳвол, битта товуқ қолган, холос. Бу иккаласи гоҳ у ҳовлига, гоҳ бу ҳовлига ўтиб, баҳор вақти ҳовлимизга экилган помидор кўчатларининг расвосини чиқариб, яроқсиз ҳолга келтирарди. Аввалига даҳанаки бўлган жанжал бугун авжига чиқди.

…Кечга яқин уйга қайтдим. Дадам анча ҳовуридан тушган экан, индамади. Ошхонага кирдим. Йиғидан кўзлари шишиб кетган онам идиш-товоқ юварди. Мени кўриб, жилмайишга уринган онам яна йиғлаб юборди. Сўнг:

– Кел, болам, – деб ёнларига чақирди. – Холангни бекор хафа қилиб қўйдик. Шунча йиллик қўшничилигимизга арзирмиди шу парранда! Бор, шу хўроз ўлгурни ушла-да, дадангга олиб бор, сўйиб берсин.

Шунақа. Бизда ҳеч ким қўшнини бегона демас эди. Қўшни хотин хола – онамга сингил, қўшни эркак амаки – дадамга укадек эди. Шундай тарбия билан катта бўлдик. Эсимни таниганимдан бери шу жанжал биринчи ва охиргиси бўлганди…

Хўроз сўйилди. Ош қилиниб, гўшти устига босилди. Кечқурун дастурхон атрофига ўтирар эканмиз, онам хўроз гўштли ошни дастурхонга қўйди. Шунда дадам:

– Қўшнига хам бердингми? – деди.

Онам ерга қаради.

– Қўшнига бермасдан, ошнинг ҳидини чиқариб сузиб келишга уялмадингми? Қачонгача қовоқ-тумшуқ қилиб юрмоқчисан? Менинг ота-онам узоқда, сенинг ота-онанг узоқда, эрта тирик-ўликлигимиз шу қўшни билан-ку. Суф-е сенга! – деди дадам.

Бу гапдан кейин юзи қизариб кетган онам бошқа товоққа ош сузиб келди-да, хўроз гўштини тенг иккига бўлиб, ош устига қўйгач, товоқни кўтариб қўшниникига йўл олди.

– Тўхта! “Шеригинг”ни ҳам олиб кет. Бирга урушдиларингми, бирга ярашинглар! – дея дадам мени ҳам қўшиб қўшниникига жўнатди.

Минг хижолат билан ўзим истамаган ҳолда онамга эргашдим.

Қоронғуда ўртада тутилган сеткадан сакраб юрмайлик, деган ўй билан қўшнининг дарвозаси томондан бордик. Дарвозани энди тақиллатамиз деган ҳам эдикки, қўлида ош, ўғли орқасидан эргашган қўшни хола дарвозани бирдан очди. Қўлидаги ошнинг устида товуқ гўшти кўриниб турарди. Онам билан қўшни хола бир-бирларига бироз термулиб туришди-да, қўлларидаги ошга қараб кулиб юборишди.

Қўшни хола уйига таклиф қилди. Кирдик. Амаки “Дадангни ҳам чақириб кел”, деди. Югуриб бориб дадамни чақириб чиқдим. Бир-биридан кечирим сўрашлар, ўзаро кулгу ва хурсандчилик ярим тунга қадар давом этди.

…Эрталаб қўшни холанинг кулгусидан уйғониб кетдим. У билан онам ҳеч нарса бўлмагандек айвонда чақчақлашиб, суҳбатлашиб ўтиришарди…

…Ишим шаҳарга кўчгандан кейин анча вақт кўп қаватли уйда ижарага турдим. Аввал ўзим, кейин оиламни ҳам олиб келдим. Ишга кетаман, эшик қулфланади. Ишдан келаман, эшик очилади. Қўшнининг фақат юзини танийман. Бир оғиз “салом” деймиз бир-биримизга тўқнаш келгач. Бошқа сўз йўқ. Аёлимдан сўрайман: “Хотини билан яхшимисан? Салом-алик қиладими?”. “Бошида саломлашардим. Кейин қаерданлигимизни суриштиргач, ўзини осмонга олиб, саломимга ҳам жавоб бермай қўйди”, дея очиғини айтади аёлим…

Абдуллоҳ Омон

Tegishli xabarlar

Тарих бағридаги зиё

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқи

admin

Меҳри БЕКЖОНОВА: “Таниқли бўлиш осон, суюкли бўлиш қийин”

admin