ADOLAT 24

УСТОЗ ВА ШОГИРДЛИК МАҚОМИ йўқолиб кетади(ми?)

Келажак ҳақида ўйлаганимда вужудимни ўзгача ҳая­жон босади. Кўз ўнгимга ўсиб-улғая­ётган, таълим ва тарбия олаётган бугунги кун болалари келади. Йиллар ўтиб уларнинг дунёқараши, фазилати, хулқ-одоби қандай бўлади?

Улар дунёни ҳайратга солган ўзбекона қадриятларимизни асраб-авайлаб давом эттира оладиларми? Асрий хулқу одоб, қадру қиммат, одамийлик деган ноёб хислат ва тушунчаларимизни сақлаб қола оладиларми?

Куни кеча ўзини ўта «маданиятли» ҳисоблаган ёш қиз телеэкран қаршисида туриб ўз фик­рини ифода этаркан, ишонч билан: «Ота-боболаримиздан қол­­ган қадрият, маънавият деган тушунча эскириб бормоқда, келажак авлод бу борада янгича қарашларга эга бўлади», деди. Наҳотки минг йиллар давомида эскирмаган қадриятларимиз биз ишонган авлод даврига келиб эскириб қолса?! Бундоқ ўйлаб қарасак, шубҳаланишга ҳам асос бордек. Чунки бугунги ёшлар мутлақо янгича тартибда таълим олишмоқда, «тарбия»ланишмоқда. Биринчидан, улар таълим олишда ҳам, тарбия олишда ҳам эркин. «Нега ўқимадинг? Нега уйга берилган вазифани бажармадинг?» деб уришган устоз айбдор. «Юриш-туришингни тузат! Ўзингдан каттани ҳурмат қил! Устозингнинг айтганини қил!» дейдиган ота-оналар камайиб бораётгандек. Камига, болалар бутунлай меҳнатдан озод қилинган. Ота-онаси ҳам иш қилдиролмаяпти. Кийиниш маданияти ғарбона. Ўғил болалар уялмай, ор қилмай калта пайпоқ киймоқда. Қиз болалар ҳижобни модага айлантиришган. Сўзлашиш оҳанги қўпол, ғализ. Фик­ру хаёли телефонда. Бошланғич синфдан ўтганининг қўлида замонавий телефон. Ичини кўрсангиз, юрагингиз орқага тортиб кетади: порно суратлар, қолипга сиғмайдиган клиплар…

Бир куни икки ўқитувчи такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган собиқ ўқувчисига дуч келди. Бир манзилдан иккинчи манзилга етгунча суҳбатлари қизғин тус олди. Ўқитувчилар собиқ ўқувчисининг шўхлик­ларини эслашди, собиқ ўқувчи эса ўқитувчиларининг унга бўлган муносабатларини эсга олди.

– Менга нисбатан иккингиз икки хил муносабатда бўлгансизлар, – дея гап бошлади собиқ ўқувчи. – Масалан, сиз менга қаттиққўллик қилгансиз, – деди ёнида кетаётган ўқитувчисига. – Керак пайтда ургансиз ҳам. Лекин мен сиздан хафа эмасман. Сизнинг шарофатингиз билан, мана, ҳайдовчилик касбини эгалладим. Жамиятга фойдам тегяпти. Бироз қийналиб бўлса-да, оиламни тебратиб турибман. Қачон бўлса, сизга текинга хизмат қиламан. Лекин сизга эса, – деди у орқа ўриндиқда ўтирган иккинчи ўқитувчисига, – хизмат пуллик бўлади. Чунки сиз менинг ўқишим билан қизиқмагансиз. Баъзи жиҳатдан тарбиямнинг бузилишига сабаб­­чи бўлгансиз. Агар сиз ҳам қаттиққўллик қилганингизда, балки мен ҳам ҳозир сиз каби олий маълумотли инсон бўлармидим?!

Бўлиб ўтган воқеа менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Ахир бугун қўлимизда таълим олаётган йигит-қизлар эртага бизга ҳам шундай таъна қилмайди, деб ким айта олади? Бир сўз билан айтганда, таълим тизимидаги бугунги ўзгаришларга бироз тузатиш киритиш керакмикин?! Илғор тажрибалар билан бир қаторда ўзимизнинг синовдан ўтган миллий-шарқона услубларимизни ҳам қўллашимиз зарурдир.

Биз ғарб таълими олдида тас­лим бўлганимиз сари болаларимизни ўзимиздан бегона қилиб қўяётганга ўхшаяпмиз. Бегоналик ҳисси болани меҳрдан йироқлаштиради.

Юқоридаги «маданиятли» қизимиз айтганидек, бир кун келиб қадрият ва маънавият деган тушунча буткул йўқ бўлиб кетиши мумкин. Ва яна, энг хавфлиси, оддийгина устоз ва шогирдлик мақомидан асар ҳам қолмас. Чунки ҳурмат ҳисси йўқ бўлиш арафасида турган экан, бошқасидан умид қилмаса ҳам бўлаверади.

Содиқжон УМРЗОҚОВ,

Косонсой туманидаги 42-умумий ўрта таълим

мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича

директор ўринбосари

Tegishli xabarlar

Рўзадормисиз?

admin

Таълим учун қулай муҳит яратилади

admin

Чорак асрлик сарсонгарчилик барҳам топди

admin