ADOLAT 24

“Кўҳна қитъа” коррупциядан холими?..

Коррупция давлат ва жамият фаровонлиги, тараққиёт учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Занг темирни емиргани каби, коррупция жамиятни емиради, чиритади. Шу сабабли коррупцияга адолат, тараққиёт тушунчалари бегона. Бу борада ҳамманинг ўзига хос фикри, тасаввури ва тушунчаси бор. Қонун тили билан айтганда, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахс­ларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши(Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддаси)дир.

Жаҳон амалиётидаги таж­рибалар бугунги кунда коррупциянинг турли шакл­ларда намоён бўлаётганлигини исботлаб бермоқда. Булар орасида: порахўрлик, товламачилик, қариндош-уруғчилик (непотизм), жамоатчилик захираларини нотўғри тақсимлаш, ноқонуний хусусийлаштириш, ижтимоий кредитлар ва буюртмаларнинг асоссиз берилиши, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотларини ноқонуний молиялаштириш кабиларни айтиш мумкин. XXI асрда коррупциянинг энг кенг тарқалган турлари сифатида маъмурий, маиший, корпоратив, партиявий, сиё­сий коррупция­ларни кўрсатиш мумкин. Коррупция­нинг бугунги кунда “давлатни қўлга олиш” каби кўриниши ҳам жаҳон амалиётида кузатилмоқда. Коррупциянинг бу тури ҳам давлат, ҳам хусусий секторлардаги айрим шахслар, гуруҳлар ёки фирмаларнинг қонунларни, қонунчилик ҳужжатларини ва давлат сиёсатининг бош­­қа воситаларини шакллантиришга таъсир ўтказиш мақсадидаги ҳаракатларини ифодалайди.

Бугунги даврда ҳеч бир давлат коррупциядан холи эмас. Аммо унга қарши курашмаслик фалокатга элтади. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши мумкинлиги таъкид­ланган.

Демакки, коррупция балоси дунё­даги кўплаб мамлакатларни қамраб олган, ҳозир жаҳонда порахўрлик тугатилганлиги билан мақтана оладиган бирор давлатнинг ўзи йўқ. Айтмоқчи бўлганим, ўзини дунё демократиясининг қўрғони ҳисоблайдиган Европанинг ривожланган давлатлари ҳам бу қадимий жиноятдан холи эмас. Айниқса, шу кунларда Европа Иттифоқи Парламенти (Европарламент) вице-президенти Ева Кайлининг коррупцияда айбланиб қамоққа олиниши бу борадаги баҳсларни қизитиб юборди. Бутун Европа Иттифоқида “портлаш эффекти”ни келтириб чиқарган мазкур коррупцион можаро орқасидан Бельгия ҳукумати ҳам тўрт нафар гумонланувчига айблов эълон қилди ва уларни ҳибсга олиш учун ордер берди. Барча гумонланувчилар футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбони Қатар манфаатлари йўлида катта миқдорда пора олганликда айбланмоқда.

Қўлга олинганидан кейин Ева Кайли Европарламент вице-президенти сифатида барча ваколатлар, мажбуриятлар ва топшириқларни бажаришдан озод қилинди. Аввалроқ Ева Кайли аъзо бўлган Греция социалистик партияси унинг партиядан четлатилганини маълум қилганди. Европарламентда Е.Кайли Қатар меҳнат бозоридаги вазиятни кузатувчи вакиллардан бири бўлган, у ерда ҳуқуқ фаоллари Осиё ва Африкадан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг кўп­лаб бузилиши ҳолатларини қайд этишган. У 2022 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан бироз олдин Қатар мулозимлари билан учрашиб, натижалари бўйича 22 ноябрь куни Европарламентда нутқ сўзлайди ва Қатардаги меҳнат бозори ислоҳотига ижобий баҳо бериб, уни «араб дунёсини илҳомлантирувчи» сифатида баҳолаган эди.

Таъкидлаш жоизки, бу Европада коррупция билан боғлиқ ягона ҳодиса эмас. Бир неча йил илгари ФИФА раҳбарияти ҳам коррупция­­да айланиб, айбдорлар жавобгарликка тортилганди.

Европа аксилкоррупция агентлиги ва ЕИ адлия директорати биргаликда тайёрлаган қўшма маърузада айтилишича, ЕИ мамлакатларидаги коррупция ҳолатлари ташвишланарлидир. Илгари Европа фондларидан ўғирланган маблағлар ҳажми миллионлаб еврони ташкил этган бўлса, эндиликда у миллиардларни ташкил этмоқда. ЕИ мамлакатлари ҳар йили коррупция сабабли 323 миллиард евро йўқотадилар. Ташкилотнинг ўзи коррупцион зарарни 120 миллиардга тенг баҳолаётган бўлса-да, бу сумма Қатар каби бой давлатнинг йиллик бюджетига тенг. Англашилаётганидек, дунёда коррупциявий ҳолат жуда оғир бўлиб, у ҳар қандай давлатдан бу жирканч офатга қарши аёвсиз курашни талаб қилади. Лекин биз Европада ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократияни хавф остида қолдирувчи коррупция бор экан, деб тушкунликка тушмаслигимиз, ортга чекинмаслигимиз керак. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришар эканмиз, бу йўлда асло бўшашмаслигимиз лозим. 

Ҳар йили халқаро ташкилотлар коррупцияга қарши кураш борасида дунё давлатларининг вазиятини таҳлил қилиб боради. “Транспаренcи Интернашионал” халқаро ташкилоти шулар жумласидан. Ушбу ташкилот 2021 йил учун чиқарган Коррупция индексидан маълум бўлишича, дунё мамлакатларининг 86 фоизи охирги 10 йилда коррупция­­га қарши курашда бирор-бир ижобий силжишга эришмаган. 154 давлатда вазият ёмонлашган ёки ҳеч қандай ижобий ўзгариш юз бермаган. Коррупцияга қарши курашда вазият ижобий томонга ўзгарган мамлакатлар жуда оз бўлиб, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон охирги йилларда коррупцияга қарши кураш бўйича ўз рейтингини яхшилаб бормоқда. 2012 йилдан бери мамлакатимизнинг индексдаги кўрсаткичи 11 баллга ўсган. Демок­ратлаштириш жараёнини жадаллаштириш, шунингдек, ҳукумат идораларида коррупцияга қарши курашни жонлантириш орқали Ўзбекистон минтақада бошқалар учун намуна бўлмоқда.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ушбу иллатга қарши кураш ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди. Айниқса, соҳанинг ҳуқуқий асос­ларини такомиллаштиришга жид­дий эътибор қаратилаётир.

Жумладан, юртимизда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган жами 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, илк имзо чеккан қонун “Коррупция­­га қарши курашиш тўғрисида”ги қонун эканлигини таъкидламоқчиман. Қолаверса, айнан Президентимиз ташаббуси билан “электрон ҳукумат” тизимидан кенг фойдаланилмоқда.

2022 йил 1 январдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти берилгани эътиборга молик. Биринчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид маълумотларни олиш ҳуқуқига, иккинчидан, тадқиқотлар ва маъмурий суриштирувлар ўтказиш ҳамда таҳлилий материаллар тайёрлаш бўйича қўшма ишчи гуруҳларини тузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишини қўзғатиш ёки бошқа таъсир чораларини кўриш учун коррупция факт­лари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва ушбу хабарларни текшириш натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумот талаб қилиб олиш ҳуқуқлари берилди.

Шу билан бирга қонун ишлаши, самара бериши, коррупцияга қарши кураш натижадорлиги сиз-у бизга, барчамизга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалишига ҳам боғлиқ. “Коррупцияга карши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-боби “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” деб номланиб, унда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари устувор вазифа эканлиги белгиланган.

Шу ўринда олий таълим соҳасида узоқ йиллардан бери меҳнат қилаётган педагог сифатида коррупцияга қарши кураш борасида олий таълим тизимида юз берган ижобий ўзгаришларга тўхталмоқчиман. Институт ва университетларга қабулнинг 2018 йилдан бошлаб адолатли, ошкор ташкил қилиниши, ўқув жараёнини замонавий кредит модул тизимига ўтказилиши, профессор-ўқитувчилар ойлик маошининг бир неча баравар кўтарилиши, профессионал мутахассисларнинг давлат томонидан кенг рағбатлантирилаётганлиги натижасида олий таълим тизимида коррупция ҳолатлари камайди.

Шу билан бирга, ҳали бу соҳада қиладиган ишларимиз кўплигини ҳам алоҳида қайд этмоқчиман. Энг аввало, жамиятда устувор соҳа — таълим тизимида таҳсил оладиган ўсмирлар, ёшлар онгида коррупция, порахўрлик энг ёмон иллат эканини очиб бериш лозим. “Жамиятда порахўрлик иллатини енгиб бўлмайди”, деган фикр ёшлар онгида шаклланиб қолгани энг катта камчилигимиз. Бу борада ўнг­ланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгида, руҳиятида тамагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эришишимиз қийин. Ёшларга фақат илм нажот эканлигини, айнан илм ёмонликдан қайтариб, яхшиликка даъват этишини тушунтиришимиз, бу ақидани уларнинг онгига қуйишимиз керак. Боз устига, ёшларнинг дунёқарашини шакл­лантирадиган ижтимоий фанларни таълим тизимининг барча босқичларида сифатли ўқитиш чора-тадбирларини белгилаш ҳам коррупцияга қарши курашнинг муҳим омилларидан бири ҳисоб­ланади. Айнан ижтимоий фанлар келажак авлодни ҳам маънан, ҳам руҳан тарбиялашнинг энг яхши воситасидир.

Бундан ташқари, иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон ҳукуматни кенг жорий этиш йўлида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттиришимиз лозим. Зеро, электрон ҳукумат имкониятларидан кенг фойдаланиш коррупция­­га қарши курашишда энг самарали восита ҳисобланади. АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Сингапур, Норвегия, Корея Республикаси каби мамлакатлар электрон ҳукуматни яратиш орқали коррупция­­га қарши курашишда юқори натижаларга эришгани ҳеч кимга сир эмас. Юқоридаги давлатларнинг тажрибаларидан хулоса чиқариш мумкинки, электрон ҳукуматни жорий қилиш давлат бошқаруви органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашга катта ёрдам беради.

Бугун ҳар биримиз бу жирканч иллатга қарши кураш масаласида ҳушёрликни қўлдан бой бермаслигимиз зарур. Бефарқ, лоқайд бўлар эканмиз, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган бу иллатдан халос бўла олмаймиз. Уни бартараф этмас эканмиз, жамият дарахти мева тугиб, гуркираб ўсмайди. Келажак авлод бу дарахтнинг саховатидан баҳраманд бўла олмайди. Коррупция муқаррар фалокатдир. У келажакка ишонч, умид руҳини сўндиради. Жамиятда руҳсиз ва кайфиятсиз инсонларнинг кўпайишига, ўғрилик, каззоблик, айёрлик каби иллатларнинг туп қўйиб, палак ёзишига сабаб бўлади. Ислоҳотни маиший коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдан бошлашимиз даркор. Коррупцияга қарши фақат сиё­сат билан эмас, жамиятда соғлом фикр­лашни йўлга қўйиб курашсак, мақсадга эришамиз.

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномаси

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin

“Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партия X Қурултойидаги маърузаси

admin