ADOLAT 24

Амир Темур тарихини ёритиш: эски ва янги қарашлар (Иккинчи мақола)

Амир Темур шахси феноменини ўрганиш, ҳозирча инсон тарафидан англанган ҳақиқатлари билан чекланиб қолмоқда. Унинг мўъжизакор шахс салоҳияти ва ҳукмдорлик фазилатлари ҳамон сирлигича қолмоқда. Немис олими Т.Нагель Соҳибқирон ўз фаолиятида илми нужум орқали фазовий кучлар нуридан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш илмига алоҳида аҳамият қаратган, осмон юлдузлари тартиби ердаги чалкашликларни тартибга солишга хизмат қилган, деган фикрни илгари суради. Олим Ибн Араб­шоҳнинг “Амир Темур коинотдан – Худодан қувват олган” деб келтирган фикрларини асослашга уринади.

Тильман Нагелнинг илоҳий муждага мувофиқ хулосаларга келиши бу ниҳоятда жиддий илмий даъво. Амир Темурнинг илми нужум фани сирлари орқали табиий қонуниятлар моҳиятини Қуръон оятлари билан асослаб берганлиги ва улуғ мақсадлари йўлида ундан моҳирона фойдаланганлиги келгусида бошқа тадқиқотлар йўналишини белгилаб бериши шубҳасиз.

Заки Вали Тўғон ўзининг “Тарихда усул” номли асарида “Ўтган давр­ларда содир бўлган ҳодисаларда роль ўйнаган шахслар ва жамиятдаги воқеа ҳамда ҳодисаларни тушуниш учун инсонларнинг жамият ҳақидаги қарашлари ёки ижтимоий руҳиятини яхши билиш лозим. Ҳар қайси даврни билиш учун тарихчи ўша замон маданий савиясини ижтимоий ахлоқларини атрофлича ўрганиши керак”, дейди. Инчунин, буюк бобомиз шахсига, уни шакллантирган халқнинг миллий, диний қадриятларига, одамларнинг орзу-умидларига, ижтимоий вазият, шароит ва ҳукмдорни сиёсий саҳнага олиб келган омилларга, ворисийлик анъаналарига, жасорат ва бунёдкорлик билан йўғрилган маънавий руҳиятига, миллий давлатчилик ривожининг юксалиш ва таназ­зул сабабларини очувчи туркий халқлар фалсафий оламига кира олганимизча йўқ. Зотан, узоқ ва яқин ўтмиш тарихимизга салбий таъсир кўрсатган ташқи ва ички омиллар, умумтуркий тарихни ўрганишнинг яхлит фалсафасини ва унинг услуб тамойилларини шакл­лантириш мавридини кутиб турибди.

Мазкур хулосалардан келиб чи­қиб, Амир Темур даври тарихини ўрганишга доир илмий манбаларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Бирламчи манбалар бевосита Амир Темурни кўрган ва давлат ҳаётида иштирок этган муаррихлар Ғиёсиддин Али ибн Жамолнинг “Рўзномаи ғазавоти Ҳиндистон” (“Ҳиндистонга юриш кундалиги”), Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарларидир. Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома” темурийзода Иброҳим Султон топшириғи асосида 1425 йилда ёзилган. Ибн Арабшоҳ — Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳимнинг “Ажойиб ал-мақдур фи ахбори ат-Таймур” (“Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари”) асари 1419 йилда ёзилган. Шулар қаторига “Темур тузуклари” ва Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга – Амир Темур саройига сайёҳат кундалиги” асарларини киритиш мумкин.

Иккиламчи манбалар қаторига Амир Темур ҳаёти ҳақида кейинчалик ёзилган Абдуллоҳ бин Лутфуллоҳ ал-Хавофи Ҳофиз Абрўнинг “Зубдат-у таварих-и Бойсунгури” (“Бойсунғур Мирзонинг сараланган тарихи”), Фасиҳ Аҳмад ибн Жалолиддин Муҳаммад ал-Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” (“Фасиҳий тўплами”), Камолиддин Абдурраззоқ ибн Мавлон Жалолиддин Исҳоқ ас-Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”), Шаҳобиддин Муҳаммад Муншийнинг “Фатҳ-и вилоят-и Шаму арум” (Темурнинг Олд Осиё сафарларининг тарихи), Муҳаммад бин Амир Фазлуллоҳ ал-Мусавийнинг “Тарих ул-ҳайрат”, Таж Солмонийнинг “Тарихи Темурий”, Муйинуддин Натанзийнинг “Тарихи Муйиний”, Жаъфар бин Муҳаммад ал-Ҳусайнийнинг “Тарихи Жаъфарий”, Аҳмад бин Хавандшоҳ ал-Ҳусайнийнинг “Зафарнома”, Ҳасан бин Шаҳобиддин бин Ҳусайн бин Тожиддин ал-Яздийнинг “Жомеъ ут-таворихи Ҳасаний”, Мирзо Улуғбекнинг “Тарих-и арбаъ улус” (Тўрт улус тарихи), Аҳмад бин Муҳаммад бин Арабшоҳ ал-Дамашқийнинг “Ажойиб ал-мақдур фи ахбори ат-Таймур”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” каби бошқа кўплаб асарларни киритиш мумкин. Мазкур манбаларнинг аксарияти бизга маълум ва уларнинг баъзилари таржима этилган.

Бундан ташқари, эндиликда Амир Темур даври тарихи билан боғлиқ бошқа манбалар ҳам аниқланмоқда. У.Уватов «Соҳибқирон араб муаррихлари нигоҳида» деб номланган асарида Амир Темурга бағишланган араб муаррихларининг ўнлаб асарлари ва улар тўғрисидаги тафсилотларини, баёнларни келтирган. XV асрда яшаган таниқли араб адиб­и Ибн Холдуннинг “Ибратлар китоби”, “Ал-Муқаддима”, “Ибн Халдун билан танишиш ва унинг Ғарбу Шарққа сайёҳати”, Ибн Дуқмоқнинг “Подшоҳлар ва султонлар сийратлари ҳақида қимматбаҳо жавҳар”, Ас-Суютийнинг “Миср ва Қоҳира хабарлари хусусида гўзал маъруза”, Ал-Қалкашондийнинг “Иншо санъатида кўзи ожизга дастак”, Ас-Саҳовийнинг “Тўққизинчи аср арбоб­лари ҳақида ёрқин нур”, Бад­риддин ал-Айнийнинг “Замон аҳли тарихида марварид маржонлар”, Ибн-Ийоснинг “Асрлар воқеа­лари ҳақида ноёб чечаклар”, Ибн Тағрибердининг “Миср ва Қоҳира салтанати ҳақида порлоқ юлдузлар”, Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг “Замон воқеалари ҳақида ғўр кишиларга дастак”, Аҳмад ибн Али ал-Мақризийнинг “Улуғ подшоҳлар давлатларини билишда етук қўлланма”, Абдураҳим Ибн ал-Фуротнинг “Давлатлар ва подшоҳлар тарихи”, Ибн Қозий Шубҳанинг “Тарих ибн Қози Шубҳа”, Али ибн Довуд ас-Сайрафийнинг “Замон солномалари ҳақида жону танлар роҳати”, Халил ибн Шоҳий аз-Зоҳирийнинг “Йўл ва йўналишлар баёни орқали вилоятлар қайдининг қаймоғи”, Муҳаммад Ибн аш-Шиҳнанинг “Аввал ва кейин дунёдан ўтганлар хабарларида гўзал манзаралар бўс­тони”, Маҳмуд ибн Сусарийнинг “Аз-Зоҳир Барқуқ давлати ҳақида ялтираган дур” каби тарихий асарларда Амир Темур ва унинг даври тўғрисида етарлича маълумотлар берилган.

Изланишларида У.Уватов шу мавзуга доир замонавий араб тарихчилари асарлари номларини ҳам келтиради. Хусусан, суриялик олим Муҳаммад Шайхунинг «Ҳақиқату Таймур» («Темур ҳақидаги ҳақиқат»), суриялик Муҳаммад Асадуллоҳ Сафонинг “Темур” номли, Акрам Ҳасан ал-Аълабининг “Темур ва унинг Дамашқдаги ҳикояси”, Миср тарихчиси ас-Саййид Фаражнинг “Ҳайбатли қўмондон Темур”, араб олими Мазҳар Шиҳобнинг “Темур” номли асарлари шулар жумласидандир.

Туркий халқлар тарихи ва маданий меросини ўрганиш борасида Заки Вали Тўғоннинг “Тарихда усул” асари бугунга қадар бетак­рор манба бўлиб келмоқда. У тарихий мерос­ни ўрганишда Ғарб ва Шарқнинг фарқли хусусиятларини баҳолаш баробарида туркий халқлар тарихини ўрганишга доир илмий тас­нифларни очиб берганлиги, тарих фалсафасининг категорияларини белгилаб берганлиги, шунингдек, туркий империяларни ўрганишга қаратилган манбаларни тизимлаштириб берганлиги алоҳида тақсинга сазовор.

Боболаримиз илмий услубларига содиқ бўлиб келаётган замонавий турк олимлари бугун тарихий меросимизни ўрганишда муносиб илмий тадқиқотларни амалга ошириб келаётганлиги қувонарли ҳолат. Бу борада Исмоил Аканинг “Буюк Темур давлати” “Чўлпон” нашриётида 1996 йил нашр этилган, Аҳмад Шимширгилнинг “Амир Темур” асари “Жаҳон адабиёти” журналида таржимаси эълон қилинди. Лекин аксарият темуршунос олимларнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинган эмас. Масалан, Таркан Сучикарнинг “Амир Темур ғалабаларининг сирлари”, Наргисхон Текиннинг “Кучнинг номи Амир Темур”, Ҳамид Ўзаланнинг “Темур”, Мимкамол ўғлининг “Тўсиқ”, Ҳорунчетиннинг “Амир Темур ва ислом”, Умутберан Шеннинг “Соҳибқирон Амир Темур”, Юнусузаннинг “Қон ва темир”, Абдураҳмон Қоплоннинг “Темур ва юришлари”, Чағатай Осман ўғлининг “Туркистон бош бўғини Амир Темур”, Aҳмед Ҳалдунтерзи ўғлининг “Туркнинг қонли қиличи Амир Темур”, Муса Шамил Юксалнинг “Темурийлар даврида дин ва давлат ўртасидаги муносабатлар” номли асарлар Туркияда сўнг­­ги 5 йил ичида нашр этилганлиги катта ҳажмдаги тадқиқотлардан далолат беради. Бу асарлар Амир Темурнинг давлатчилик ислоҳотлари ва ҳукмдор шахс феноменини очишга қаратилган, шунинг­дек, туркий маданий-ижтимоий муносабатларга доир янги илмий талқинлар илгари сурилганлиги билан аҳамиятли.  

Амир Темур бобомиз меросини ўрганишнинг дастлабки босқичлари тарихий ҳақиқатни анг­лаш даври бўлди, десак муболаға бўлмайди. Инчунин, улуғ империянинг вужуд­га келиши омиллари ва ундан кейинги давлатчиликнинг таназзул даври босқичларини ўрганишдан иборат бўлди. Айтиш жоизки, совет тарихшунослигида ўз даврининг хос мафкуравий ёндашувига қарамай, темуршунослик ривожига тамал тошини қўйган Г.Пугаченкова, И.Мўминов, Р.Мукминова, Б.Лунин, Э.Ртвеладзе, П.Зоҳидов, Л.Ремпель, А.Ўринбоев, Б.Аҳмедов, Д. Юсупова, Ў.Алимов, Т.Файзиев, О.Бўриев, А.Саидов каби қатор фидоий олимларнинг тадқиқотлари Амир Темур салтанати тарихини ёритишга хизмат қилди. Зеро, айнан уларнинг мус­тақиллик йилларида чоп этилган йирик асарларида Амир Темур ҳаёти ва фаолияти тарихи мукаммал ёритиб берилди.

Эндиликда Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганишда Ш.Ўлжаева “Амир Темур ва темурийлар даврида миллий давлатчиликнинг ривожланиши”, Ф.Сиддиқова, Г.Ибрагимова, Р.Зулфиқоров “Амир Темур ва унинг иқтисодий сиёсати”, Ш.Аҳадов, Т.Эгамов «Амир Темур ва темурийлар даврининг интеллектуал салоҳияти», Б.Болтаев “Амир Темур давлатининг хавфсизлиги ва халқаро алоқаларни кенгайтириш учун кураш”, Ш. Болтаев “Амир Темур давлатининг солиқ сиёсати”, Д.Жиянова “Амир Темурнинг ҳарбий истеъдоди”, 3.Зойиров «Амир Темур давлатида солиқ тизими ва солиқ сиёсати: тарих ва ҳозирги замон”, Ж.Исмоилова, Л.Левтеева “Ўзбекистон ҳарбий санъати тарихи”, З.Муқимов “Амир Темур Тузуклари”, Г.Сарманова. “Амир Темур давлатининг интиҳоси”, М.Абдураҳимов “Темур ва Тўхтамиш”, Ф.Ҳасанов “Турон халқлари ҳарбий санъати”, О.Бўриев “Турон тарихининг олтин даври” ва яна бош­­қа кўп­лаб олимларнинг асарлари ўрин тутади. Лекин Амир Темур даври тарихини ўрганишда муайян тизим, марказлашган илмий ёндашув ташкил этилмаганлиги боис қилинган илмий, ижодий ишлар алоҳида ва тарқоқдир. Яъни, шу давр­гача Амир Темур меросини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот маркази мавжуд бўлмаганлиги туфайли тарихий жараёнлар талқини изчил ва тизимли тартибда ташкил этилмаётганлиги кўзга ташланади. 

Бинобарин, халқаро миқёсда айнан Амир Темур мероси ва Иккинчи ренессанс асосларини ўрганишга бўлган эътибор ва эътироф жуда катта. Жумладан, Чикаго университети профессори Жон Вуудс (АҚШ), Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси президенти Фредрик Брессан (Франция), Эгей университети қошидаги Турк дунёси тадқиқотлари институти профессори Али Усмон Қоратой (Туркия), Қоҳира ислом санъати музейининг илмий нашр бўлими мудири Сомия Ҳасан Усмон Ҳасан (Миср), Теҳрон университети қошидаги Илмий тадқиқот институти профессори Амир Теймур Акбар Рафеи (Эрон), Пешовар университетининг Aлишер Навоий номидаги Ўзбек тили илмий-тадқиқот маркази бошлиғи Абдулла Беиг (Покистон), тарихчи олим ва таржимон Хелмут Далов (Германия), Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнус Ўғуз кабилар Амир Темур ва унинг даври тарихи билан шуғулланувчи илмий тарқиқот марказларида фаолият олиб бораётган юзлаб олимларни бирлаштирди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Темурийлар тарихи давлат музейи яқинда “Амир Темур. Библиография. Биринчи китоби”нинг тайёрлаши ва ундаги тўп­ланган материаллар ўша давр тарихини ўрганиш ниҳоятда катта ва кенг кўламли мавзу эканлигини яна бир бора тасдиқлаб турибди. Ушбу библиографик кўрсаткичда 2248 та ўзбек, 2085 та рус, 655 та инг­лиз, 221 та француз, 29 та араб, 76 та форс-тожик, 296 та турк тилидаги нашрлар қайд қилинган. Бундан кўринадики, Соҳибқирон Амир Темурнинг инсоният тараққиётига кўрсатган таъсири, унутилмас хизматлари маърифатли дунё томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда.

Мазкур муаммоларга аҳамият қаратар эканмиз, Амир Темур фаолияти ва даври тарихини ёритишдаги услуб ва талқинлардаги илмий муаммолар долзарблиги туркий давлатларнинг ташкил топиши, ворисийлик анъаналари, ташкилий тузилмалари, унинг империявий шакли, ҳокимият моҳияти, ҳарбий хизмат, суд-ҳуқуқ, солиқ, молия, бож, дин, маданият, санъат ва адабиёт ва бошқа барча маънавий ва моддий бошқарув тизимлари тартиб-тамойилларини изчил ва тизимли ўрганишни, ўзаро алоқадор воқеликларни яхлит қараш ва қиёс­лаш орқали Соҳибқирон яратган Турон давлати таълимоти ва унинг жаҳон тарихидаги муҳим аҳамиятини янада теранроқ англаш имкониятларини вужуд­­га келтиради.

Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Улар ўқувчи эмас…

admin

“АФҒОНИСТОН: ХАВФСИЗЛИК ВА ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ” МАВЗУСИДАГИ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

admin

ҚУЙИ ТАШКИЛОТ МУСТАҲКАМ ТАЯНЧ БЎЛСА, ПАРТИЯНИНГ НУФУЗИ ОРТИБ БОРАВEРАДИ

admin