ADOLAT 24

Ибодат одобини унутманг!

Мамлакатимиз мусулмонларининг хотиржам ибодат қилишлари, шунингдек, фарз ва суннат амаллари бўлмиш ҳаж ва умра зиёратларига нав­батсиз бориб-келишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилаётгани боис қисқа вақт ичида минглаб юртдошларимизнинг орзулари ушалмоқда. Бироқ айрим кишилар томонидан сафардан қайтган яқинлари дабдаба билан кутиб олинаётгани кўпларни ранжитмоқда. Баъзилар эса бундай шариатга зид амалларни жоиз кўриб, урфга айлантириб олмоқдалар.

Сир эмас, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳаж ва умра зиё­ратидан қайтган ота-оналарни дабдаба билан кутиб олиш жараёнлари ёритилмоқда. Бундай бидъат амаллардан ўрнак олаётган баъзи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар ҳаддан ортиқ сарф-харажатлар қилишмоқда, баъзан ўзаро мусобақалашишгача бориб етишмоқда. Аслида шариат аҳкомлари бўйича сафардан, айниқса, ҳаж ва умра амалларини бажариб келган яқинларни кутиб олиш одоби қандай? Биз ана шу саволга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг телеграмдаги “@SavollarMuslimUzBot” сайтига мурожаат қилдик.

Саволларга Ўзбекис­тон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Отабек МАМАДИЕВнинг овозли маърузаси ёзилган қуйидаги жавоб келди:

– Аллоҳ таолога шукурларким, юртимизда барча соҳаларда ривож­ланиш, тараққиёт, юксалишлар бўляпти. Хусусан, диний соҳамизда ҳам, яъни юртдошларимизнинг ҳаж, умра ибодатларига навбатсиз бориб-келиш ва хотиржам ибодат қилиш­ларига етарли шарт-шароитлар яратил­япти. Албатта, неъмат зиё­­да бўлгани сари ношукурлик ҳам кўпаяр экан. Умра ибодатига нав­батсиз бориб-келишлари жараёнида баъзи бир фуқароларимиз орасида ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, дабдабабозлик қилиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Шу хусусда динимизда қандай кўрсатмалар бор?

Маълумки, динимизда бир қанча маросимлар бор, зиёфатлар бор. Булардан бири нақиаъ, дейи­лади. Яъни мусофир одам сафардан келган пайтда: «Эсон-ом­он келдингизми?» деб кўргани келган одамларга меҳмондорчилик зиёфати берилади. Нақиаъ зиёфати исломда бор зиёфатлардан бўлиб, буни уламоларимиз мус­таҳаб дейишган. Мустаҳаб дегани қилса – савоб бўладиган, қилмаса, гуноҳ бўлмайдиган амал. Яъни на вожиб эмас, на фарз эмас. Лекин бор амал, қилса, савоб бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинаи мунавварага келганларида қилган зиёфатларини уламоларимиз келтиради, Имом Бухорий саҳиҳларида ҳам келтирганлар ва бошқа, ибни Умар розияллоҳу анҳу бу зотни сафардан келганларида уйларига табриклагани келганларга зиёфат қилиб берганлари ҳадис китобларда келтирилган.

Хуллас, нақиаъ, яъни мусофир сафардан келгандан кейин зиёфат беришлари, маросим қилиб бериши шариатимизда мустаҳаб бўлган амалдир. Лекин буни қандай шартда, қандай шароитда, қандай шаклда ўтказиш керак? Ҳар нарсада мўътадиллик бўлиши керак. Мўътадиллик шуки, на исроф­гарчилик қилмаслик керак, на буни йўққа ҳам чиқармаслик керак. Хусусан, умра зиёрати улуғ зиё­рат. Пайғамбаримиз с.а.в. равзалари, байтуллоҳ зиёрат қилинади, ибодатлар қилинади. Шундай улуғ, табаррук жойдан келгандан кейин, албатта, ихлосли халқимиз чин дилдан, хурсанд бўлиб кутиб олади. Ва бу, албатта, гўзал иш. Лекин ҳар нарсада чегара бўлиши керак. Ҳозир кузатилаётган ҳолат битта туяни ижарага олишиб, чиройли зийнатлаб ёки бутун маҳалланинг бошидан охиригача гиламлар тўшаб, умрадан келаётган одамнинг хонадонининг ҳамма жойларини қимматбаҳо нарсалар билан зийнатлаб, яна ҳар бир келган кишиларга совғалар тарқатиб, халққа ош дамлаб, зиёфат тарқатиш ҳолатлари кузатиляпти. Буларнинг кўпида исрофгарчилик бор. Сабаби, ум­рага бориб-келиш маблағидан ортиқча маблағ сарфланяпти. Ҳатто баъзи инсонлар умрага боришга маб­лағим бор, лекин келгандан ке­йинги харажатга пулим йўқ, дейиш­моқда.

Бундан кўринадики, бу каби дабда­бабозликлар қанчадан-қанча зиёратга борадиганларнинг иккиланишига сабаб бўлмоқда. Хуллас, содир этаётган камчилигимиз халқимизнинг яхши амалдан қайтишига хизмат қилмаслиги керак. Уйга туяда келишнинг, бутун маҳаллага гиламлар тўшаш ва қимматбаҳо зийнатлар билан безашнинг нима кераги бор?!

Бунда биринчидан, исроф бор, иккинчидан, дабдабабозлик, ўзини кўрсатиш, манмансираш бўлса, учинчидан, бошқа борадиганларга ҳам қи­йинчилик, машаққатни келтириб чиқарадиган риё­корлик бор. Ундан ке­йингиси, қилган амали билан ғурурга кетиб қолиш бор. Амалларни ҳабата қилиб юборадиган нарса риё­корлик. Ваҳоланки, умра амалининг қабулини Худо билади. Қиёматда билинади, бу дунёда билинмайди. Суннат ибодатини қилиб, гуноҳдан фориғ бўлиб келдим, деб ким айта олади?

Яна бири – бутун халқимиз динимизда йўқ нарсани кўриб, уни динимиздан деб ўйлаб қолиши мумкин. Масалан, динимизда сафардан келган одам ҳақиқатдан зиёфат қилиб бериши бор амал. Лекин ҳаддан ошириб бўлмайди. Кимдир буни динда бор экан, дабдабали қилиш керак экан, деб халқимиз ичида янги бидъ­ат пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолиш мумкин. Мустаҳаб бўлган амални ҳаддан ошириш макруҳлик даражасига етиб қолади. Шунинг учун ҳар бир одам ибодатни ўзи учун қилади, биров учун қилиб бермайди, ибодатини кўз-кўз қилмайди, ҳар бир ибодат қилганда бошқаларга қи­йинчилик, машаққат туғдирмайди, ибодатида мағрур бўлмайди, ҳар бир одам ибодатни Худо учун қилади, риё учун қилмайди, ҳар бир одам ибодат қилганда ибодатим қабул бўляптими, деган қўрқувда бўлади, ғурурда бўлмайди.

Азизлар, ибодат қилиш сиз билан бизга насиб қиляптими, бунинг учун хурсанд бўлайлик! Фарзандлар хурсанд бўлиб, ота-онамиз умрадан келяпти, деб яхши шароитлар яратишни хоҳлайдилар, лекин биз фарзандларга тушунтиришимиз керак. Ортиқча даромади бўлса, етимларга, қийналганларга бер, деб айтишимиз керак. Сабаби, ҳар нарсада ҳаддан ташқарига чиқмаслик керак. Ҳаддан ташқарига чиқиш шариатимизда қайтарилган амалдир.

Айтилганларга амал қилиб, Аллоҳ берган неъматга шукур қилиб, исроф қилмасдан, халқимиз шундай неъматдан маҳрум бўлиб қолмаслигини ўйлашимиз керак. Улуғларимиз неъматга шукур қилишлик Аллоҳ берган неъматни зиёда қилади, ношукурлик эса қўлда турганини ҳам кеткизиб қўяди, деганлар. Қилаётган ишларимиз ношукурликка кириб қолмасин.

   Муҳиддин ОМАД ёзиб олди

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ ҲАМДА ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

“Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача”

admin

Битирувчи учун кафолатланган биринчи иш жойи керак

admin