ADOLAT 24

АЗАЛИЙ ВА АБАДИЙ РИШТАЛАР

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўзбек тили ва адабиёти қанчалик шиддат билан ривожланиб, ўзининг юксак тараққиёт босқичига чиққан бўлса, қорақалпоқ тили ва адабиёти равнақида ҳам шундай кўтарилиш жараёнини кузатамиз. Мухтор Республикада кўплаб тилшунослар ва адабиётшунослар етишиб чиқиб, қорақалпоқ филология фанига гўёки иккинчи ҳаёт бағишлади. Қорақалпоқ тили ва адабиёти тарихи, ривожланиш босқичлари, бошқа туркий халқлар билан ўзаро алоқалари бўйича кўплаб диссертациялар ҳимоя қилинди, тадқиқотлар амалга оширилди, монография ва рисолалар ёзилди, дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. Эътиборли жиҳати шундаки, бу диссертацияларнинг катта қисми мамлакатимиз пойтахтида ҳимоя қилинди. Бу китобларнинг кўпчилиги Тошкент нашриётларида нашр қилинди.

Қорақалпоқ адабиёти ва фольклори кўпжилдликлари айнан истиқлол йилларида яратилаётганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Жумладан, “Шарқ” нашриёт-матбаа компаниясида 100 жилдлик “Қорақалпоқ фольк­лори” нашри ниҳоясига етмоқда.

Қорақалпоқ олимлари, адиблари, санъаткорларини ўзбек халқи ҳамиша ўз олимлари, адиблари ва санъаткорлари каби ардоқлаб келган. Бош­­қа туркий халқлар каби қорақалпоқлар орасида ҳам машҳур бўлган “Қоблан”, “Шарьяр”, “Едиге”, “Алпамис”, “Маспатша”, “Юсуф-Зулайҳа”, “Зауре-Тайир”, “Юсуф-Аҳмет”, “Гўрўғли” достонларини куйлаб ўтган Жумабой Жиров, Жапақ бахшиларнинг номи бутун Ўзбекистонда машҳур. Қорақалпоқ мумтоз адабиётининг Жиен Жиров, Ажиниёз, Кунхожа, Бердақ, Отеш, Омар каби забардаст намояндалари ўзбек халқининг ҳам ўз шоирларига айланиб кетган. Жумладан, Бердақ шеърлари турли йилларда Миртемир, Муҳаммад Али, Музаффар Аҳмад, Янгибой Қўчқоров, Эргаш Очиловлар томонидан таржима қилиниб, қайта-қайта чоп қилинган. Шоирнинг баъзи шеър­лари ўзбек санъаткорлари томонидан қўшиққа солиниб, севиб ижро этилади ва халқимизнинг кўнг­лидан чуқур жой олган. Берди Кербобоев, Жўлмирза Оймирзаев, Тўлепберген Қаипберганов, Иброҳим Юсупов, Ўрозбой Абдураҳмонов каби замонавий қорақалпоқ адабиёти намояндаларининг асарлари ҳам ўзбек халқининг севимли асарлари қаторидан жой олган. Улардан икки нафари – Тўлепберген Қаипберганов ва Иброҳим Юсупов Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишган.  Халқимиз Ойимхон Шомуротова, Тамара Дошумова, Отажон Худойшукуров, Гулшод Отабоева каби қорақалпоқ санъаткорларининг қўшиқларини севиб тинглайди.

Нажим Давқораев, Марат Нурмуҳамедов, Собир Камолов, Камол Мамбетов, Ҳусниддин Ҳамидов, Каримбой Қурамбоев, Йўлдош Иброҳимов, Саригул Баҳодирова каби қорақалпоқ олимлари номи бутун мамлакатда машҳур бўлиб, улар илм­нинг машаққатли йўлида ўзбек ҳамкасблари билан елкама-елка фаолият кўрсатишган. Марат Нурмуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Тил ва адабиёт инс­титути директори лавозимларида ишлаган.

И.Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғис­тон давлат санъат музейи мамлакатимиздаги йирик музейлардан бири бўлиб қолмай, бугунги кунда бутун дунёга машҳур масканга айланди.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг бўлими ва унга қарашли қатор институтлар фаолият кўрсатиб турибди (Табиий фанлар комплекс институти, Биоэкология институти, Оролбўйи ижтимоий-иқтисодий муаммолар институти, Н.Довқораев номидаги Тил ва адабиёт институти, Тарих, археология ва этнография институти, Қора-қалпоғистон клиник ва экспериментал тиббиёт илмий тадқиқот инс­титути, Ботаника боғи шулар жумласидандир).

Ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг тарихи, дини, маданияти, адабиёти ва санъатини, анъана ва қад­риятлари, урф-одати ва расм-русумларини бир-биридан ажратиб қарашнинг ўзи мумкин эмас. Халқимизнинг “этни тирноқдан ажратиб бўлмайди” деган ҳикматли нақли худди шу икки элга қарата айтилгандай. Мана, неча асрлардан буён бу икки халқ ёнма-ён – қариндош-уруғчилик, қуда-андачилик ришталари боғланиб, бир макон – бир Ватан дея тинч-тотув яшаб келмоқда. Улар тақдирини ҳам, келажагини ҳам биргаликда барпо этишмоқда.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,

тарих фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқи

admin

Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишларни амалга оширмаслик тарафдоримиз

admin