ADOLAT 24

Туркий дунё цивилизацияси: ҳамкорлик йўли

Бугун дунё сиёсатида жиддий ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда. Қаерлардадир давлатлар ўртасида турли жабҳаларда ўзаро ҳамкорликлар юзага келмоқда. Қайсидир мамлакатларда тил, дин ва этник жиҳатдан бўлинишлар пайдо бўлмоқда. Баъзи ўлкалар қардошлик, дўстлик, биродарлик нуқтаи назаридан бирлашмоқдалар. Айрим давлатлар эса манзил-макон, яхши қўшничилик, ўзаро меҳр-мурувват асосида ягона ҳудудлар яратмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси ҳаётда улкан ижтимоий янгиланишлар юзага келаётганлигини намоён этмоқда.

Ана шундай ўзгаришлар орасида яна бир бирлик — Туркий давлатлар ташкилотининг борлиги нафақат туркий тилли халқларни қувонтирди, балки бу дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди. Чунки дунёда ҳар қадамда зиддиятлар бўй кўрсатиб турган пайтда дўстлик, ҳамкорлик, тинчликни улуғлайдиган, уни мустаҳкам қарор топтиришга, ҳаёт тараққиётига хизмат қилишга интилаётган бундай ташкилотнинг мавжудлиги эътиборга моликдир.

Аввал маълумот берилганидек, бу ташкилот 30 йил ичида ўзининг пайдо бўлиш, шаклланиш, туркий тилли давлатларни бирлаштириш босқичларини босиб ўтди. Унинг фаолиятини тўғри изга солувчи қонун-қоидалари, тартиблари, мақомлари яратилди. Ташкилот юксалиш платформасига чиқди. 2021 йилда Истанбулда ўтган саммитда қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи — 2040” ҳужжати ташкилот фаолиятининг умумйўналишини белгилаб берди.

Хўш, ташкилотнинг бундан ке­йинги тараққиёт, ривожланиш йўллари қандай кечади? Қандай қилинса ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликлар янада мус­таҳкамланади? Туркий давлатлар ўртасида ижтимоий, иқтисодий, маънавий, маданий, илм-фан ва ғоявий бирликни кучайтириш, халқлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун қайси соҳалар, қайси йўналишларга устувор аҳамият қаратилади?

Самарқандда ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг саммити доирасидаги Давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида юқоридаги каби масалаларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратилди. Аввало, бу саммит “Туркий цивилизацияларнинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилди. Унда янги ишлаб чиқилган ҳужжат — “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси (2022-2026 йиллар)” қабул қилинди. Йиғилишга раислик қилган Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев маърузасида ташкилот фаолиятини янада яхшилаш учун мамлакатимиз томонидан ўн бешга яқин таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлади.

Иқтисод – ҳамкорликнинг асосий мезони

Биринчи масала, табиийки, иқтисодий соҳада ҳамкорликларни кучайтириш билан боғлиқ кечди. Маълумки, ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида дунё аҳолисининг 2 фоиздан ошиқ бўлган қисми, яъни 170 миллиондан ортиқ одам яшайди. Улар меҳнати билан жаҳонда ишлаб чиқариладиган ялпи иқтисодий маҳсулотнинг 3 фоиздан кўпи яратилади. Туркий тилли давлатларда иқтисодий ўсиш кучаймоқда. Агар ўсиш ҳозирги даражада борса, 2030 йилда дунё бўйича ЯИМнинг туркий давлатлардаги улуши 5 фоиздан ошиши кутилмоқда. Бу катта иқтисодий юксалиш демак. Лекин, афсус­ки, ана шу ташкилот доирасидаги мамлакатларнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг 4 фоизини ташкил этади, холос. Ташқи савдонинг қолган қисми бош­­қа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса туркий давлатлар ўртасида савдо-сотиқни янада кучайтиришни талаб қилади. Шу сабабли савдо-сотиқни кучайтириш учун ташкилот доирасида Қўшма инвестиция жамғармаси ташкил қилинадиган бўлди.

Бундан ташқари, савдо-сотиқни кучайтириш учун туркий давлатлар ўртасида импорт маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун божхона тарифлари қайта кўриб чиқилиши зарур. Негаки, айрим маҳсулотлар учун божхона тарифлари юқори қилиб белгиланган. Уларни пасайтириш керак. Айни пайтда Ўзбекистон Президенти иқтисодий соҳада аҳволни яхшилаш учун савдо, инвес­тиция, хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш зарурлиги ҳақида тўхталиб, ташкилот доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этиш таклифини киритди.

Ташкилот доирасида ўзаро ҳамкорлик ва савдо-сотиқни кучайтириш учун бошқа соҳаларда ҳам жиддий ўзгаришларни амалга ошириш талаб этилади. Бу, хусусан, савдо йўлакларини, коридорларини ташкил этиш билан боғлиқ. Туркий давлатлар — Туркия, Венгрия, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ўртасида ҳозирги кунда Транскаспий халқаро коридори, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон иқтисодий йўлаги мавжуд. Аммо бу йўлаклардан, коридорлардан кенг миқёсда фойдаланиш имконияти бўлмаётибди. Масалан, Транскаспий коридоридан Ўзбекис­тоннинг бор-йўғи 10 фоиз ташқи савдо юклари ташилмоқда. Бу ниҳоятда кам. Шу сабабли мавжуд савдо коридорларининг юк ташиш қувватини ошириш лозим. Айни пайтда, бу давлатлар ўртасида янги транзит коридорларни, савдо йўлакларини яратишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шунда нафақат ташкилот доирасидаги давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик йўллари очилади, балки Осиё ва Европа ўртасида мустаҳкам савдо йўли ҳам яратилади. Шу билан биргаликда мавжуд ва яратиладиган янги савдо йўлларида ишни тезлаштириш мақсадида замонавий технологиялардан — рақамлаштириш, электрон рухсатнома, телекоммуникация инфратузилмаларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш лозим.

Умуман, ташкилот миқёсида иқтисодий, савдо-сотиқ тизимида амалга ошириладиган ишлар ниҳоятда кўп. Бу ишларни доимий равишда муқобиллаштириб туриш керак. Шу сабабли Президентимиз ҳар йили ташкилотнинг Халқаро туркий иқтисодий форумини ўтказиш таклифини киритди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳамда улар билан аҳолини таъминлаш халқаро миқёсдаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб турибди. Бу масала ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ҳам актуал ҳисобланади. Шу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта имкониятлар борлигини кўрсатди. Шунинг учун мамлакатимиз Президенти бу масала билан боғлиқ муаммоларнинг ечими борасида шундай фикр билдирди: “Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қиш­лоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор. Биринчидан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлатларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича ташкилотимиз доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келди. Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қиш­лоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерик­ликни ўрнатиш муҳим. Учинчидан, ижобий тажриба асосида Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “Смарт” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ”.

Ёшларга эътибор — келажакка эътибор

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш омилларидан бири ёшлар сиёсати масаласини тўғри ва изчил амалга оширишдан иборат. Маълумки, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкилот доирасида жорий йил “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганди. Бу йил давомида “Ёш тадбиркорлар форуми”, “Ёш лидерлар форуми” каби анжуманлар ўтказилди. Бухоро шаҳри “Туркий дунё ёшлар пойтахти” мақомига эга бўлди. Ташкилот доирасида келгусида ҳам ёшлар фаолиятига кенг ўрин берилади. Шу асосда Президентимиз 2023 йилда “Туркий дунё ёшларининг илм-фан ва инновация­лар халқаро конгресси”ни ўтказиш, ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари билан шуғулланадиган ўринбосари лавозимини жорий этиш бўйича таклифларини ўртага ташлади.

Сўнгги йилларда дунёнинг турли нуқталарида юзага келаётган зиддиятли воқеалар, экстремизм, терроризм, урушлар, ёшлар онгини ёт ғоялар билан тўлдиришга интилиш­лар туркий дунё хавфсизлигига ҳам раҳна солмоқда. Бу жараёнда ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда махсус хизмат органлари ўртасида ҳамкорликларни кучайтириш ҳаётий заруратга айланади. Шунинг учун ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга Ўзбекистон томони тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда саммит йиғилишида Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу табиий эди. Чунки Афғонистон, аввало, бағрига туркий халқларни бирлаштирган давлат, қолаверса, ташкилотга аъзо давлатларга қўшни мамлакат сифатида ундаги мураккаб вазиятга туркий давлатлар раҳбарлари муносиб баҳо беришлари талаб этиларди. Шу сабабли мамлакатимиз Президенти бу хусусда тўхталиб, “Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни, албатта, жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак. Афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида Ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз”, дея таъкидлади.

Маънавият сарчашмалари уйғунлашади

Ушбу саммитда ташкилот дои­расида келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган маънавий-маданий масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Туркий давлатлар ташкилотининг 30 йиллиги муносабати билан 2023 йилда Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифи маъқулланди. Мамлакатимиз Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган инсонларга ҳар йили бериладиган бўлди. Ўзбекистонда жорий йилда ташкилот доирасида яна бир хайрли иш амалга оширилди. Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўплами ўзбек тилида нашр қилинди. Эндиликда ушбу дурдоналардан иборат 100 жилдликни ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп қилинса, деган таклиф билдирилди.

Табиийки, ташкилот фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини ошириш, ҳамкорликнинг янги-янги имкониятларидан фойдаланиш, қабул қилинаётган қарорлар, келишувлар, таклифларнинг ижросини таъминлаш ушбу тузилма олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимиз Президенти ташкилот фаолиятида жиддий ислоҳотларни амалга ошириш, аввало, ТДТ котибиятининг янги тузилмасини шакллантириш, унинг фаолиятини янада яхшилаш, ташкилот қошида сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталарни тузиш, давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган барча қарор ва ҳужжатларнинг назорат тизимини кучайтириш масалаларига алоҳида эътиборни қаратди.

Биродарликнинг амалий ифодалари

Саммитда сўз олган Туркия Рес­публикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташкилот фаолиятини ривожлантириш, хусусан, Инвестиция жамғармасини тузиш, савдо-сотиқ йўлаклари, коридорларини барпо этиш, солиқ тизимини соддалаштириш, бож нархларини камайтириш борасидаги таклифларини қўллаб-қувватлаган ҳолда анжуман иштирокчиларини ташкилотнинг 30 йиллик байрами билан қутлади. Шунингдек, у қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан биргаликда ташкилотга аъзо давлатларнинг табиий бойликлардан фойдаланиши, жумладан, табиий газни ғарбий мамлакатларга етказиб бериш борасида савдо йўлларини барпо этиш масаласига ҳам эътибор қаратди.

Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Транскаспий савдо йўлини, яъни Ғарб-Шарқ йўлагини Туркистон йўлагига улаш, Афғонис­тонда тинчликнинг барқарор бўлишига ҳисса қўшиш орқали Афғон савдо йўлини яратиш, транспорт, энергетика соҳаларида йирик лойи­ҳаларни амалга оширишдан ташкилот аъзолари бўлган мамлакатлар билан биргаликда Туркманистон ҳам манфаатдор эканлигини билдирди. У 2024 йил Туркманистонда улуғ шоир Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан “Махтумқули йили” деб эълон қилиниши режалаштирилаётганини маълум қилиб, туркий дунёнинг улуғ мутафаккирига бағишланган анжуманларда ташкилотга аъзо давлатлар вакилларини фаол қатнашишга, аждодларимиз меросидан баҳраманд бўлишга чақирди.

— Мен кейинги 7 ой ичида Ўзбекис­тонга 3 марта келдим. Аввал давлат ташрифи билан, кейин Шанхай саммитида қатнашдим. Энди эса Туркий давлатлар ташкилоти анжуманида иштирок қилдим. Ҳар гал келганимда бу мамлакатда катта бунёдкорликларга дуч келдим. Бу ушбу давлат Президенти ва ўзбек халқининг ниҳоятда меҳнатсеварлиги, яратувчилигидан дарак беради, — деди Озарбайжон Респуб­ликаси Президенти Илҳом Алиев. — Шу ўринда яна бир масалада, Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ ҳудудида босқинчилар қўлидан озод қилиниб, бу ўлкада қайта қуриш ишларини олиб боришда яқиндан ёрдам берганликлари учун ўзбекис­тонликлардан миннатдорман. Туркий давлатлар ташкилоти нуфузли тузилма. Лекин бу ташкилот фақат ўзига аъзо давлатлар ҳудудларидагина эмас, четда яшаётган туркий тилли аҳоли учун ҳам хизмат қилса маъқул бўларди. Бунинг сабаби бор. Айтайлик, озарбайжонликларнинг 40 фоизи юртимиздан четда яшайди. Бундай ҳолат Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Туркманистон, Венгрия мамлакатлари учун ҳам хос. Туркий тилли юртдошларимиз четда бошқа халқлар билан ассимиляцияга киришиб, йўқ бўлиб кетмаслиги керак. Бизнинг Тоғли Қорабоғда юрт озодлиги йўлида эришган ютуқларимизни кўрмоқчи бўлганларни ўша ерга таклиф қиламан.

— Биз, биринчи навбатда, транспорт, логистик йўналишларни кучайтиришимиз лозим. Кейинги йилларда Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия транспорт коридорини яратишга 35 миллиард доллар маблағ сарфладик. Бу соҳага яна 20 миллиард доллар сарфлашни режалаштирганмиз. Бу ҳамма соҳаларда ўзаро ҳамкорликларимизни янада яхшилашга имкон беради. Ҳозирги пайтда экологияни яхшилаш, жойларда яшил зоналар яратишга дунё бўйича 1,2 триллион доллар маблағ ажратилмоқда. Демак, бу масалада ҳам ташкилотимизда жиддий ва муҳим лойиҳалар устида иш бошлашимиз зарур, — деди Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев. — Ташкилотимиз дунё жамоатчилиги эътиборини торта бошлади. Бу эса турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликларимизни янада кучайтиришимизни талаб қилади. Биз олис тарихимизни, археологик ёдгорликларимизни биргаликда ўрганишни йўлга қўйишимиз шарт. Архивларимиз, куктубхоналаримизни ўзаро боғлайлик. Маданият, санъат, илм-фан жабҳаларидаги ютуқларимиз, янгиликларимиз, кашфиётларимизни ўзаро уйғунлаш­тирайлик. Халқларимизни бир-бирига яқинлаштирайлик. Бир оға-ини болалари, фарзандлари эканимизни амалда исботлайлик. Ана шунда кўзлаган мақсадларимизга тезроқ етамиз. Шу мақсадда навбатдаги саммитни Қозоғистонда ўтказишни таклиф қиламан.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ташкилотнинг Самарқанд саммитига юқори баҳо берди. “Самарқанд — катта тарихга эга, тараққиётнинг турли босқичларини босиб ўтган, Турк дунёсининг фахри, ғурури бўлган шаҳар. Бу шаҳарда аждодларимиз бошлаган ҳамкорлик алоқаларини, биродарлик ришталарини бизлар давом эттираётганимиздан ниҳоятда хурсандмиз”, деди у. Давлат раҳбари айни пайтда Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўли ва автомобиль йўлининг савдо-сотиқ тизимида тутган ўрни, бу йўлларнинг Транскаспий коридори билан боғланиши оқибатида ташкилотга аъзо давлатларни ўзаро боғлайдиган ҳамкорликлар халқаси юзага келиши ҳақида сўз юритди.

Саммитда сўзга чиққан Венгрия Бош вазири Виктор Орбан бугун дунё­нинг турли нуқталарида зиддиятлар, низолар кучайганлигини, урушлар юзага келганлигини, натижада бўлиб ўтаётган халқаро йиғилишларда асосий эътибор ана шу жанжалли масалаларни ҳал қилишга қаратилаётганлигини, Самарқанд саммити эса том маънода тинчлик форумига, туркий давлатларнинг, халқларнинг тараққиёт йўлларини белгилаб берувчи анжуманига айланганини эътироф этди. Бош вазир Венгрия билан Туркий давлатлар ташкилоти ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликлар юзага келганини, айниқса, Ўзбекис­тон — Венгрия муносабатларининг ҳуқуқий базаси яратилганини, парламентлараро алоқалар йўлга қўйил­ганини, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, инвес­тициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий, маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, фармацевтика, агросаноат, машинасозлик, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга доир қўшма лойи­­ҳа ва дастурлар амалга оширишга киришилганини таъкидлади.

Саммитда Туркий давлатлар ташкилотининг Бош котиби сифатида ўз фаолиятини якунлаган Бағдод Амреев ўрнига қирғизистонлик дипломат Қувончбек Омуралиев Бош котиб қилиб сайланди.

Ташкилотнинг саммит доирасида ўтган Давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида туркий мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳамда Турк­манистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг хизматлари эъти­роф этилиб, уларни Туркий дунёнинг олий ордени билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Орденни тақдирланганларга Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топширди. Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаб­буси билан ташкилот доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилганди. Бу мукофот туркий дунё бирлигига қўшган улкан ҳиссаси учун буюк адиб ва жамоат арбоби, марҳум Чингиз Айт­матовга берилди. Ушбу мукофотни Чингиз Айтматов уй-музейи­­га етказиб бериш учун Қирғизистон Респуб­ликаси Президенти Садир Жапаровга топширилди.

Туркий цивилизациянинг боқий пойтахти

Шу ўринда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтадиган жой сифатида мамлакатимизнинг бошқа бирор шаҳри эмас, нега айнан Самарқанд танланган деган савол туғилади. Бунинг сабаби бор. Ушбу шаҳар олис ўтмишда яшаган аждодларимиз турлар, туронликлар, туркийларнинг марказий кенти сифатида шаклланган. Шаҳар асрлар давомида кўплаб тараққиёт йўлларини, цивилизация босқичларини босиб ўтган. Тарих бағрида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, минглаб йиллар давомида турли халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаб, маданиятларни ўзаро бойитиб келган. Буюк Ипак йўлининг барча йўналишлари шу шаҳарда туташган. Шунинг учун жаҳон цивилизациясининг марказларидан бири сифатида улуғланган. Бу маскан дунё аҳли учун дўстлик ва тинчлик тимсолига, илм-фан ва маърифат ўчоғига, туркий дунёнинг бош кентига айланган. Шаҳар бугун ҳам ана шундай мавқеига эга. Шунинг учун саммит иштирокчилари томонидан Самарқанд шаҳри “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилинди. Айни пайтда 2023 йил ташкилот доирасида “Туркий цивилизациянинг юксалиш йили” деб белгиланди. Ана шундай улуғвор ишларнинг амалга оширилишида шаҳар тарихи ва тараққиётининг ўзига хос ўрни бор.

Саммитдан кейин Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари шаҳарнинг қадимий Регистон майдонида кўчат экиш маросимида қатнашиб, ниҳол ўтқаздилар. Бу тадбирнинг айнан саммит доирасида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки ташкилот доирасидаги мамлакатларда бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлган экология, она табиатни асраш масаласига барқарор тараққиётнинг кафолати сифатида қарайдилар. Шу асосда мамлакатимизда “Яшил макон” дас­тури амалга оширилаётган бўлса, Туркманистонда “Миллий ўрмон яратиш” дастури фаолият кўрсатмоқда. Туркияда ҳар йили 11 ноябрь — кўчат экиш Миллий куни тарзида нишонланса, Озарбайжонда кўчат экишнинг “Яшил марафон” дастури мавжуд. Қозоғистонда барча ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйи­­ча беш йиллик миллий дастур бажарилаётган бўлса, Қирғизистонда “Тоғ экотизими ва иқлим барқарорлиги йили” доирасида “Яшил мерос” миллий дастурига мувофиқ ниҳоллар экилмоқда. Венгрияда шаҳарларни кўкаламзорлаштириш дас­тури амалга оширилмоқда. Туркий халқларга хос бундай муштараклик саммит доирасида ҳам намоён бўлди.

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бор. Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда туркий дунёда экилган миллион-миллион ниҳоллар келгусида пурвиқор дарахтлар, ажиб боғлар сифатида авлодларга аждодлардан мерос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Шундай қилиб, Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити якунланди. Саммит доирасида 10дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, “Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт боғлиқлиги” дастури, “Соддалаштирилган божхона йўлакларини шакллантириш тўғрисида”ги битим, “Савдо стратегия­­си бўйича муҳим келишувлар”, шунингдек, “Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси” каби муҳим ҳужжатларга имзо чекилди. Саммитнинг асосий ҳужжати — Туркий дунё цивилизациясининг янги даврини бошлаб берадиган Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Бу ҳужжатларнинг амалий ифодаси келгусида ташкилот фаолиятида, туркий дунёнинг мус­таҳкам бирлигида намоён бўлади.

Камол Матёқубов,

“Adolat” махсус мухбири

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ     МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ТЎРТИНЧИ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

admin

Қашқадарёда муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

admin

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Сенат ваколатлари кенгаяди

admin