ADOLAT 24

Маъруфжон ТЕШАБОЕВ, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати, 12-умумтаълим мактаби директори: «ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ!»

Ўтаётган ҳар бир кун биз учун қадрли ва бебаҳодир. Бу кунларни орзу қилиб ўтган аждодларимиз ҳаққи-ҳурмати бизга аталган фараҳбахш кунларни кўз қорачиғидай асрашимиз керак. Замонамиз тинч, турмушимиз фаровон. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли катта ўзгаришлар юз бермоқда. Қисқа вақт ичида мамлакатимиз халқаро доирада ўз ўрнини топди. Энг муҳими, атрофдаги давлатлар билан қўшничилик ва бирдамлик муносабатлари қайта тикланди. Бу билан сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда изчил қадамлар қўйилмоқда. Илм-фан, техника ривожи йўлида ҳар куни янги бир марра қўлга киритилмоқда. Бир сўз билан айтганда, халқнинг турмуш тарзига дахлдор барча соҳаларда дадил қадамлар ташланмоқда. Энг асосийси, ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбия­сига бўлган муносабат тубдан янги қиёфа касб этмоқда. Боғчадан тортиб, олий таълимгача бўлган босқичда мустаҳкам занжир пайдо бўлди. Ёшлар — мамлакат келажаги, деган ибора кун сайин янгича мазмун касб этмоқда. Чунки ҳар куни бир неча юзлаб жажжи ўғил-қизлар дунёга келмоқда. Куни кеча мустақилликнинг биринчи қалдирғочлари дунёга келди, деб қувонган бўлсак, ўтган ўттиз йилдан зиёдроқ вақт ичида уларнинг сони бир неча миллион нафардан ортди. Ўттиз ёшли йигит-қизлар бугун халқ хўжалигининг турли жабҳаларида меҳнат қилмоқда. Улар орасидан олимлар, ёзувчи-шоирлар етишиб чиқди. Қобилиятлилари раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Кечаги ўқувчи бугун устоз­лик ва мураббийлик мақомига эришди. Бироқ тезкор замон кун сайин бир янгиликни талаб қилмоқда. Ечимини кутаётган муаммолар етарли. Уларни бир йўла бартараф этиб бўлмайди. Бунинг учун изланиш, қунт, сабр ва якдил ҳаракат керак бўлади.

Ҳадиси шарифда: «Илмдан бошқа нажот йўқ!» дейилган. Дарҳақиқат, бу ҳаётда инсониятни разолатдан, қабоҳатдан, уқубатдан фақат илм қутқара олади, холос. Буни қарийб қирқ йиллик ўқитувчилик фаолиятимда аниқ анг­лаб етдим. Олий илм даргоҳини битириб, ўқитувчи деган шарафли ном билан мактаб остонасига қадам қўйган чоғларимни яхши эслайман. Ўша пайтларда ўқитувчи колхозчига тенглашиб қолганди. Бахтга қарши, биздан олдингиларнинг, қисман бизнинг ҳам ҳаётимизнинг асосий қисми далада ўтди. Оёғимизга қачон туфли киямиз экан, деб жиғибийрон бўлиб юрардик. Чунки биринчи сентябрдан этик кийиб, ўқувчиларимиз билан бирга пахтазорга отланардик. Қаердадир бутун бошли завод катта-кичик ўлчамдаги этиклар тикиб чиқариш билан банд бўларди. Катта-кичикнинг оёғида этик. Болаларнинг қилган меҳнатига қараб қишда журнал тўлдириб, баҳолардик. Лекин тиғиз бўлишига қарамай, таълим-тарбия ишини етказиб олиш ҳаракатида бўлардик. Хаё­лан бугунги кунлар келишидан умид­вор яшардик.

Ўшанда ҳам фарзандининг таълим олиши учун ота-оналарда қизиқиш бор эди. Ота-она ва ўқитувчининг фикри бир ердан чиқиб, бироз қаттиққўллик ҳам қилишга тўғри келарди. Ахир бутун бошли авлод саводсиз бўлиб қолиши мумкин эди-да. Энди ўйлаб қарасам, ўша пайтдаги «сиёсатчилар»нинг мақсади халқни бесавод қилиш бўлган экан. Бугун, шукрки, ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Илоҳим ўша кунлар қайтиб келмасин. Ўқитувчисиз, ўқувчисиз ҳам пахта бўлаверар экан-ку?!

Туман халқ таълими бўлимига қарашли 12-сонли умумтаълим мактабида директор бўлиб иш бошлаганимга кўп бўлмади. Афсуски, мактаб битирувчилари орасида олий ўқув юртига кириб ўқийман, деган фикрдаги бола йўқ ҳисоби эди. Нега шундай? Бу масала роса бошимни қотирди. Мактабда бор-йўғи 350-400 нафар ўқувчи таълим олади. Мактаб замонавий, хоналар ёруғ, етарли таълим олиш учун барча шароит яратилган. Фанлар бўйича малакали ўқитувчилар ва ўқув жиҳозлари етарли. Лекин қанча куйиб-пишганингиз билан натижа йўқ. Аста ҳолатни ўргандим. Маълум бўлишича, асосий гап ота-оналарда экан. Улар билан суҳбатлашган чоғимизда: «Ўқиб нима бўларди? Ундан кўра болам ҳунар ўргангани яхши. Олий маълумотли бўлиб, оиласини зўрға теб­ратиб юргандан кўра, хорижда ишлаб, кўпроқ пул топсин!», дегувчилар ҳам бўлди. Уларнинг фикрига қарши тарғибот ишлари олиб бордик. Охир-оқибат тушунтиришлар натижа берди. Бу йил 21 нафар битирувчидан 5 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Бу рақам мақтанишга арзимайди. Лекин ҳар ҳолда, натижа бор. Аъзамжон Қодиржонов АҚШдаги нуфузли олийгоҳга, Дилноза Абдуллажонова Ўзбекистон Миллий университетига, Муҳаммадсоли Абдуллахонов Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ва яна икки нафар битирувчимиз қўшни давлат олийгоҳига ўқишга кириш бахтига муяссар бўлди. Бу ҳол мактаб ҳаётига катта таъсир ўтказди. Айни пайтда юқори синф ўқувчиларида таълим олишга бўлган иштиёқ пайдо бўлди. Шу билан биргаликда педагогларнинг сифат жиҳатдан ўсиши ҳам сезиларли ошди.

Ўтган ўқув йилида мактабимизда бир нафар олий тоифали ўқитувчи бўлган бўлса, айни пайтда улар уч нафарга етди. Президентимиз вақти келиб ўқитувчилар ойлик маоши ўн миллион сўмдан кам бўлмайди, деганди. Тўғриси, бу гап­­га ишониш қийин эди. Лекин айтилган гап амалга оша бошлади. Ўз устида ишлаган рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Толибжон Исмоилов ва инг­лиз тили ўқитувчиси Дилафруз Мўминова С1 сертификатини қўлга киритганликлари учун ўн миллион сўмдан юқори маош олишмоқда. Илмга яраша берилган рағбат ўз ҳосилини бера бош­лади. Ҳавас қилган ўқитувчилар ўз-ўзидан ҳаракатга тушиб қолишди.

Бугун марра олдинга интилганники. Ростини айтганда, бир муддат ҳамма нарсани телефон ҳал қиладигандек унга боғланиб қолдик. Лекин вақтни беҳуда сарфлаётганимиз сезилиб қолди.

Авваллари китоб доимий ҳамроҳимиз, газета ҳаётимизнинг бир бўлаги эди. Илм-фан, техника, сиёсат, маданият, маънавият, адабиёт ва санъатдаги барча янгиликлардан хабардор бўлиб турардик. Бир-биримиз билан баҳслашардик. Газета сотиб олиш учун дўконлар олдида навбатда турардик. Даста-даста матбуот нашрлари хонадонимизга етиб келарди. Дунёқарашимиз кенг, сўзамол эдик. Оламдаги энг сўнгги янгиликлар кўз ўнгимизда намоён бўларди. Газетадан йироқлашганимиз сари руҳан сўниб бордик. Баҳслар йўқ. Ҳамсуҳбат топилмайди. Одамлар камгап. Телефондаги олди-қочди мавзулар ва маиший хабарлар гирдобига ўралашиб қолдик.

Онда-сонда қўлимизга газета тушиб қолса, кўзимизга ғариб кўринар, қўлга олгимиз келмасди. Шунинг учун бўлса керак, газеталар тахламлари бузилмай бир четда қолиб кетди. Бунинг устига айрим амалдорлар мажбурий обуна баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўққа чиқаришди. Лекин, яшаш борки, кураш бор. Газеталар ҳам жон сақлаб қолиш учун интила бошлади. Сўз қадри ошди, эркинлиги таъминланди. Қуруқ сафсаталарга хизмат қилаётган сўз ўз ўрнини жиддий сўзга бўшатиб берди. Қуруқ гап қорин тўйдирмаслиги аён бўлди. Жамиятни фалаж қиладиган мақтовларга эҳтиёж қолмади. 

Катталар ўқимаса, ёшлар ҳам ўқимайди, деган гап ҳақ экан. Буни ҳаёт исботлаб берди. Ахир Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий ва Ибрат каби жадид боболаримиз ўз даврида сиёсат майдонига қўлларида газета билан кириб келишмаганмиди? Сармоя­ларини сарфлаб, газета чиқаришмаганмиди? Европадан қимматли ускуналарини сотиб олиб келиб, босмахона очишмаганмиди? Газета энг зўр тарғиботчи эканини англаб етган қаттол тузум эса ўз сиёсатини шу қурол орқали мазлумлар онгига шу қадар сингдириб юборган эканки, ҳали ҳам эски сиё­сат қолдиқларидан қутила олмаяпмиз. Ўқишдан бебаҳра ёшлар ғаним кучларнинг чилдирмасига ўйнай бошлайди. Дунё­қараши ўзгарган одамни қайта тарбия­лаш қийин кечаркан.

Бу гал ҳам давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан юзлаб адашган юртдошларимиз Ватанга қайтарилди. Лекин ҳали-ҳамон орамиздан янги «адашган»лар чиқиб қол­япти. Озгина эътибор сусайса, қора ниятли кимсанинг қораси кўринади. Демак, мустақиллик буюк неъмат эканини халқ онгига сингдириш учун кучли билим ва тарғибот керак. Матбуот нашрлари бу борада асосий куч бўлиб хизмат қилади. Бироқ нашрлар ададига назар ташласак, улар жуда ночор. Ахир илгари газета-журналлар миллионлаб нусхада чоп этиларди. Бадиий китоблар-чи?! Катта ададда чоп этилган асарларни ҳам топиш амримаҳол эди. Энди бўлса нари борса, бир-бир ярим минг нусха. Шу ҳам эътибордан четда қолиб кетмоқда. Сабаби, тарғиботнинг кучи йўқ. Айрим раҳбарчалар газета ўқимайди.

Аслида ҳар бир зиё­­ли инсон газета билан яшаши, ҳамнафас бўлиши зарур. Биз ортимиздан келаётган ёш авлодга ўрнак бўлишимиз керак. Бу борада «Adolat» газетасида журналист Камол Муҳаммад Ёқубнинг, «Ishonch» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматовнинг куюнчаклик билан ёзган мақолаларини ўқиб, «Маърифат ва маънавият» телеканалида таниқли журналист Гучеҳра Умарованинг фикрларини эшитиб, тўғриси, сергак тортдим. Булар матбуотнинг фидойилари. Қийин пайт­­да ортга чекинмайди улар. Мен маориф ходими сифатида «Маърифат» ва «Мураб­бий» газеталарини ўқимасам, партия аъзоси сифатида «Adolat» газетасига бефарқ бўлсам, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Жаҳон адабиёти», қолаверса, туман ва вилоят газета ва журналлари билан танишмасам, саёз фикрим билан қаерга бораман?! Болалар учун «Тонг юлдузи» газетаси, «Ёшлик» журнали бор. Уларни ҳам бу матбуот нашрлари билан ҳамроҳ қилишимиз керак. Ўқимаслик, билмаслик, англамаслик, фикрсизлик — одамни гумроҳ қилиб қўяди.

Буюкларимизнинг: «Бешикдан қабргача илм изла!», деган ўгитларини тез-тез эслаб турсак-да, унга амал қилишга панжа орасидан қараймиз. Ахир илм туфайли алломаларимиз борлиги ва кўплигидан ғурурланамиз. Бугун учинчи Уйғониш фасли сари дадил қадам қўйдик. Бу шунчаки гап эмас. Олдимизга буюк мақсадни қўйган эканмиз, унга, албатта, эришамиз.

Айни кунларда Президентимизнинг яна бир ташаббуси — Ўзбекис­тонни яшил маконга айлантириш ҳаракати бошланди. Бунинг замирида ҳам катта мақсадлар ётибди. Қаердаки бўш ер бўлса, бир ниҳол қадалмоқда. Аммо ниҳолни экиб қўйган билан иш битмайди. Масъулларга ҳар бир туп дарахтни кўз қорачиғидай асраш вазифаси юкланган. Янги экилган ниҳоллар ҳаял ўтмай юртимиз кўрки, дастурхонимиз тўкинлиги, ҳавомизнинг мусаффолиги учун хизмат қилади.

Бу иш ҳам ёшлар тарбиясига яхши таъсир ўтказмоқда. Бундан нафақат бизнинг халқимиз, балки атрофимизда яшаб турган қўшни давлатлар ҳам баҳраманд бўлади. Ортимиздан эргашиб келаётган фарзандларимиз ҳам худди ниҳолдай гап. Улар эртанги нурафшон кунимизда билими, салоҳияти билан бутун инсониятга хизмат қилади. Шундай экан, худди бугун эккан ниҳолимиз каби ҳар бир фарзандимиз тарбия­сига ҳам масъул эканимизни унутмаслигимиз керак. Куни кеча бир синфга кириб кўнг­лим таскин топди. Мактабимизнинг ижодий-маданий иш­лар бўйи­­ча тарғиботчиси Аъзамжон Мамажонов Ўзбекис­тон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг «Халқ бўл элим» номли шеърини ёддан ўқиб бераётган экан. Бу шеърни тинглаётган болакайларнинг юз-кўзидаги ҳаяжонни тил билан ифодалаб бўлмайди. Бу тарбиянинг, қолаверса, Ватанга бўлган муҳаббатнинг юксак намунаси эди.

Келинг, мен ҳам ўз фикрларимни ана шу шеър билан тугаллаб қўя қолай.

Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,

Қумлар босиб қуримасин дарёларим.

Алпомишга алла айтган момоларим

Руҳини шод этай десанг —

халқ бўл элим!

Дунёга боқ, қадди сендек

ким бор яна,

Довруғи ҳам дарди сендек

ким бор яна.

Халқ бўлишга ҳадди сендек

ким бор яна,

Мозийни ёд этай десанг —

халқ бўл элим!

Сен тебратган бешигини Соҳибқирон,

Сенинг боланг юлдузларга

қўйган нарвон.

Бир майизни қирққа бўлган

бир тану жон —

Кунларингга қайтай десанг —

халқ бўл элим!

Дарё бўлиб жўшгин энди

завқи улуғ,

Байрамингда севинч кўз

ёшингга қуллуқ,

Юртим деган жасур

Юртбошингга қуллуқ,

Унга қанот бўлай десанг —

халқ бўл, элим!

Бўлар элнинг болалари

бир-бирин дер,

Бўлмас элнинг болалари

бир-бирин ер.

Бир бўл энди, қадри баланд қаддингни кер,

Халқ бўл, элим, халқ бўл, элим,

халқ бўл, элим!

     Муҳиддин ОМАД ёзиб олди

Tegishli xabarlar

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги диққатига!

admin

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

САМАРАЛИ МУЗОКАРАЛАР

admin