ADOLAT 24

МАКТАБЛАР ҚИШГА ТАЙЁРМИ?! (Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Жиззах)

Ишчи гуруҳ аниқланган камчиликларни тегиш­ли тартибда бартараф этиш чораларини кўради

ФАРҒОНА: “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутати Ш.Каримов, Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Б.Аҳмадалиев ҳамда партиянинг Фарғона шаҳар кенгаши раиси Ш.Аҳмедова Фарғона шаҳридаги умумтаълим мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, болалар хавфсизлигини таъминлаш учун умумтаълим мактаб­лари атрофидаги автомобиль йўлларида амалга оширилган ишлар, умумтаълим мактаблар яқинидаги савдо шохобчаларида тақиқланган маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш бўйича қилинган ишлар ҳолатини ўрганишди.

Хусусан, синф хоналари, спорт зал, кутубхона, фаоллар зали, ошхона, тиббиёт хонаси, ундаги дори-дармонларнинг мавжудлиги, сақланиш ҳолати, ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган тиббий кўрик­ларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилди.

“Адолат” СДП туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибидан тузилган ишчи гуруҳ Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ўрганиш ишларини олиб бориб, аниқланган камчиликларни тегиш­ли тартибда бартараф этиш чораларини кўради.

Бунёд Аҳмадалиев,

Фарғона шаҳар кенгаши депутати

**

Ҳавонинг совиб бориши умумтаълим мактаб­ларида иситиш тизимидаги мавжуд муаммоларни юзага чиқаради. Агар мактаб­лар куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрсалар, ўқувчилар иссиқ хоналарда таълим олиш­лари мумкин, агар бунга лоқайдлик билан қаралган бўлса, унда юзага келадиган ҳолатни тасаввур этиш қийин эмас.

Халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутати М.Раҳимов, партия туман кенгаши қошидаги «Аёллар қаноти» раиси М.Султонова томонидан мазкур масала юзасидан тумандаги 50-, 67- ва 30-сонли умумтаълим мактабларида ўрганиш олиб борилди.

Хусусан, 30-сонли умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати умуман талабга жавоб бермайди. Омбор мавжуд, лекин қозонхоналар ўрнатилмаган. Болалар совуқ хоналарда қалин устки кийимларда ўтиришибди. Яқинда мазкур мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилганига қарамай, аҳвол қониқарли эмас. Биринчи ўқув биноси томининг шиферлари синиқ, яхши ёпилмаган. Биз мактаб директори билан суҳбатимиз чоғида мазкур камчиликлар нега шу кунга қадар бартараф этилмаганлигига қизиқдик. Мактаб директори бу масалада ташкилотлар томонидан ўрганишлар олиб борилгани, лекин шундан кейин ҳам ўзгариш бўлмаганлигини билдирди. Таълим даргоҳида ҳолат чиндан ҳам ташвишланарли. Энг ачинарлиси, негадир мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатлари, ҳаттоки мактаб директорининг гапларидан ҳам лоқайд­ликнинг иси келади. Биз бу масалани туман халқ таълими бўлими билан муҳокама қилишга келишиб олдик.

Ўрганишларимизни давом эттириб, 50-сонли умумтаълим мактабидаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишдик. Кўмир ва ўтин захираси мавжуд. Иситиш қозонхоналари сифатли ишлаганлиги учун синф хоналари иссиқ. Ўқувчилар яхши билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. 67-сонли умумтаълим мактаби ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Мавсумга тайёргарлик яхши ташкил этилган. Бешта иситиш қозонлари ўрнатилган бўлиб, бир маромда ишлаб турибди. Бундан жуда хурсанд бўлдик. Ахир эртамиз эгаларининг яхши билим олишлари, уларнинг саломатлиги учун бу жуда муҳим.

Шунингдек, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар тегишли тартибда бартараф этилиши юзасидан тавсиялар берилди.

Шоҳиста Мамажонова,

Қува туман кенгаши раиси

**

СУРХОНДАРЁ: Кунлар совий бошлаши билан электр энергия­­си ва табиий газга бўлган талаб ҳар доимгидан-да ошади. Баъзида носоз ва қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки эҳтиётсизлик ортидан ёнғин билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкин. Шу билан бир қаторда жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларида эътиборсизликка йўл қўйилганда ҳам шундай ҳолатлар рўй беради.

Хўш, жорий мавсумни беталафот ўтказиш бўйи­­ча таълим тизимида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят кенгаши вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари вилоят мактаб­ларидаги вазиятни ўрганиб чиқишмоқда.

Хусусан, партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши ходимлари ва халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ шаҳардаги умумтаълим мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги юзасидан қилинган ишларни ўрганди.

Ўрганишларга кўра, Термиз шаҳар халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларини 2022-2023 йил куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар режасига мувофиқ, маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ йўналтирилган. Вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари режасини ишлаб чиқиш олдидан халқ таълими тизимидаги 26 та мактаб, жумладан, 2 та махсус мактаб ва 2 та мактаб-интернат, 1 та Меҳрибонлик уйи, 1 та «Баркамол авлод» болалар маркази ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шунга мувофиқ бажариладиган ишлар аниқ ҳисоб-китоб қилинганлиги аниқланди.

Ўрганишларга кўра, шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган тадбирлар режаси асосида 26 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Муассасалардаги иситиш тизимлари билан боғлиқ камчиликлар бартараф этилиб, биноларнинг томи таъмирланиб, синган ойналар янгиланганлиги маълум бўлди.

Камчиликлар бартараф этилаётган бўлса-да, аммо куз-қиш мавсумига ўтиш жараёнида камчилик­ларга йўл қўяётган умумтаълим мактаб­лари борлиги маълум бўлди. Хусусан, шаҳардаги 1-сонли умумтаълим мактабидаги ўрганишларда мактабда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмаганлиги аниқланди. Синфхоналар мавсумга тайёрланмаган. Иситиш қозонхонасининг таъмирланиш даражаси ҳам қониқарли эмас. Темир қувурлар ҳимоя воситаси билан қоп­ланмаган. Баъзи синф­хоналарнинг дераза ойналари синган, эшиклар зич ёпилмайди. Дудбуронлар ўт ўчирувчилар томонидан текширилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, 11-, 4-умумтаълим мактабларидаги текширувларда газ босими пастлиги, шаҳар ўт ўчирувчилари томонидан дудбуронлар бўйича хулоса берилмаганлиги маълум бўлди. Ҳаво ҳарорати пасайган бўлса-да, 9-умумтаълим мактабида ҳали қозонхоналар ёқилмаган. Шаҳардаги 13-сонли умумтаълим мактабида дераза ромлари яхши ёпилмаслиги, 18-сонли умумтаълим мактабида эса дераза ойналари таъмирталаблиги, тахта ромлар жуда эски эканлиги аниқланди.

– Шаҳардаги мутасадди идоралар мутахассислари, депутатлар, жамоатчилик вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ халқ таълими муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилишини мониторинг қилиб бормоқда, – дей­ди халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Назокат Хидирова. – Мониторинг натижалари ишчи гуруҳнинг маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида муҳокама қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан таълим муассасалари мутасаддиларига тушунча ва тавсиялар берилди.

Фахриддин Орифхонов,

Сурхондарё вилоят кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари

**

ҚОЗОНХОНА ҚАЧОН ИШ БОШЛАЙДИ?

НАМАНГАН: ноябрь ойининг иккинчи ярми ҳам бошланди. Ҳавонинг авзойи тез-тез бузилиб, аста-секин совимоқда. Кўкда баъзан булутлар кўпайиб, ёғингарчиликдан дарак бермоқда. Мактабларда куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилган? Педагог­лар ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар қониқарлими? Шу кунларда “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши фаоллари шу каби саволларга жавоб топиш учун таълим мас­канларидаги ҳолат билан яқиндан танишмоқдалар.

Ҳудудлардан келаётган хабарларга қараганда, мавсумга ҳозирлик, умуман олганда, ёмон эмас. Аммо айрим жойларда камчиликлар ҳам учраб турибди. Улар мутасаддиларнинг бепарволиги, ташкилотчилик етишмаганлиги, халқ таълими бўлимлари раҳбарларининг масъулиятсизлиги сифатида баҳоланиши мумкин.

Мингбулоқлик партиядошларимиз куни кеча тумандаги 7-мактабда бўлдилар. У бир нечта ўқув биносидан иборат. Бу ерда 1100 дан зиёд ўғил-қиз таълим олади. Уларнинг аксарияти синф хоналаридаги машғулотларда иссиқ кийинган ҳолда қатнашмоқдалар. Нега?

Туман партия кенгаши раиси Раънохон Умарова, Ёшлар парламенти аъзоси Нозима Акбарова, шу ҳудуддаги “Мус­тақилиллик” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари мактаб директори Баҳодир Қодиралиев ҳамроҳлигида синф хоналарини айланиб чиқишди. Ўқитувчилар ва ўқувчилар билан суҳбатлашилди.

Ажаблантирган нарса шу бўлдики, биронта синфда иситиш тизими ишламайди. Батареялар совуқлигича турибди. Ҳаммаси мактаб қозонхонасидаги ҳолат кўздан кечирилганда аён бўлди. Бу ердаги биронта қозон ишламас экан. Атроф ҳам қаровсиз ҳолатда. Яқин орада ҳеч ким йўламаганлиги сезилиб турибди.

 – Қозонлар яроқсиз ҳолатда, уларни янгилаш керак, – дея изоҳ берди мактаб директори Б. Қодиралиев. – “Очиқ бюджет” орқали бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ ютганмиз. Бугун-эрта Тошкентдан янги қозонлар етказиб келинади…

Аммо вақт ўтиб бормоқда-ку. Ҳали қозонларни ўрнатиш, созлаш, синовдан ўтказиш керак бўлади. Мазкур жараёнлар ҳам муддат талаб қилади. Наҳотки, шу пайтгача бу нарса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган?

Директорнинг айтишича, қозонлар кўмир ёрдамида иситилади. Ҳозиргача 90 тонналик захира жамғарилган. Яна 50 тонна ёқилғи зарур. Бу масаланинг ечимини ҳам тезда топиш лозим.

Ўйлаймизки, Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими мутасаддилари 7-мактабда юзага келган вазиятни таҳлил қилиб, уни тезда ўнглаш чораларини кўрадилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ПОПда янгиланишлар Самара бермоқда

admin

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ)

admin

Мукофот ва эътироф муборак!

admin