ADOLAT 24

ҲУРМАТ ҚАНИ, ҲАЙДОВЧИ?

Бугунги кунда кўчалар турли русумдаги автомобилларга тўла. Баъзан, муболағасиз, қадам босгани жой тополмай қолади, киши. Лекин шунга қарамасдан, автоулов олиш орзусида юрганлар сони ҳаддан зиёд кўп. Бу, албатта, бир томондан тўқчиликнинг, иккинчи томондан эса «кимўзар»га «от суриш»нинг нишонасидир. Нима ҳам дердик, замона зайли шуни тақозо этмоқда. Беминнат улов кимларнингдир оғирини енгил, узоғини яқин қилишга хизмат қилаётган бўлса, кимгадир кўнгилхушлик қилиш учун қўл келмоқда.

Автоуловлар сони кўпайгани сари йўллар ҳам кенгайтирилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар, йўл белгилари, кузатув қурилмалари билан таъминланмоқда. Айниқса, шаҳарларда, таълим-тарбия муассасалари ҳудудларида ҳаракат тезлигини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

Мазкур тартиб-қоидаларнинг, яратилаётган шарт-шароитларнинг барчаси заҳматкаш халқимизнинг манфаати учун хизмат қилмоқда. Бироқ, ўз сабрини жиловлай олмайдиган баъзи бир кибрли, димоғдор шахслар борки, улар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам доимо ташвиш туғдириб келадилар. Бесабр одам автомашина бошқарганда ҳам феълидаги нуқсонини намоён этади.

Масалан, светофор қизил ёниб турган чоғда сониялар оралиғида тўхтаб туришга тоқат қилолмай ё сигнал чалади ёки олдида тўхтаб турган машина эгасига ўшқириб, йўлни тезроқ бўшатишини талаб қила бошлайди ёки ён томондаги тақиқланган чизиқни босиб ўтиб, олдидаги бир нечта машинадан аввал ҳаракат қила бош­лайди. Тезликни меъёрдан ошириб, атроф­дагиларга хавф солади. Чорраҳаларда норозилик овозлари янграйди: 

 – Қаёққа шошасан, ҳой?

 – Йўлингдан қолма!

 – Кўзингга қарасанг бўлмайдими?

 – Хўжайин бўлма!

 – Четга ўт, гаплашамиз! ..

Оқибатда асаби бузуқ бир машина ҳайдовчиси қаршисидан ҳаракатланиб келаётган иккинчи бир машина ҳайдовчисини саросимага солиб қўяди. Кутилмаганда, сониялар ичида кўнгилсиз ҳодиса рўй беради. Тортишувлар бошланади. Бир зумда воқеа жойга етиб келган йўловчи «билағон»лар вазиятни чигаллаштириб, ўзларича «айбдор»ни аниқлай бошлашади. Йўл патруль хизмати ходимининг ишига аралашиб, ўзларининг «ақлли» фикрларини тиқиштирадилар. Ҳозиргина вақ­тини қизғаниб, ҳовлиққан айбдор ҳайдовчи энди соатлаб ўзининг айбсиз эканини исботлашга уринади. Охир-оқибат жабрдийдалар (гарчи айбдорликларини ҳис қилиб турган бўлсалар-да) бир-бирларининг ёқасидан олишга, ҳақоратлашга ва ундан у ёғи судлашишгача бориб етадилар…

Айни пайтда мамлакатимиз фуқаролари ихтиёрида миллионлаб шахсий автомашина бор. Ҳар куни уларнинг кам деганда саксон-тўқсон фоизи ҳаракатда бўлади. Ҳар куни йўлларда бирор-бир кўринишдаги тўқнашув содир бўлади. Ўлим билан боғлиқ ҳолатлар, афсуски, кўпроқ. Соғлиқни сақлаш ташкилотларининг ҳисоботига қараганда, йўл-транспорт ҳодисаси туфайли минглаб кишилар, айниқса, мактаб ёшидаги болалар ҳалок бўлмоқда. Айтишларича, автоҳалокат туфайли вафот этиш касаллик туфайли вафот этишдан бир неча баробар ортиқроқ экан.

Йўлдаги бундай кўн­гил­сиз­лик­ларнинг аксарияти кўпроқ тезликни ошириш оқибатида вужудга келар экан. Шуни ҳисобга олиб, серқатнов йўлларда авто­уловларнинг ҳаракат тезлигини пасайтириш масаласи кўрилаётган бир пайтда, бу таклифни қўллаб-қувватлаш ўрнига унга қарши чиқаётганлар ҳам йўқ эмас. Масъулларнинг гувоҳлик беришича, Европа давлатларида бундай таклифлар ҳайдовчилар томонидан маъқулланган. Бундан инсон ҳаёти улар учун ҳамма нарсадан устун туришини англаса, бўлади. Хўш, бизнинг юртдошларимиз учун тезлик муҳимми, инсон ҳаётими? Бу савол ҳар қандай ақлли одамни ўйга толдириши тайин.

Маълумки, шахсий транспортда ишга бориш ёки қайтишда кишилар эрталабки ва кечки тирбандликлар туфайли кўп вақт йўқотиб, асабларда зўриқиш пайдо бўлади. Бундай ҳоллар ишда ва оиладаги муносабатларга салбий таъсир этади. Тирбандликларнинг олдини олиш учун жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланиш керак, деган таклифлар бор. Чунки жамоат транспортидан фойдаланган киши манзилга эртароқ етиб боради. Чарчамайди. Баъзи ҳолларда китоб, газета ўқиш, берилган топшириқларни бажариш учун имкон туғилади. Чет элларда бундай ҳаракат усули ўз самарасини бермоқда экан.

Яна бир масала, кўпинча биз уч ёки тўрт қаторли йўлларни тўлалигича ҳаракатдаги автомобиллар эгаллаб олганига гувоҳ бўламиз. Тез ёрдам, ўт ўчириш ёки фавқулодда ҳолат туфайли йўлга чиққан автомобилларнинг эркин ҳаракат қилиши учун алоҳида очиқ йўлак йўқ. Бу ҳолатлар тирбандлик пайтларида кўпроқ кузатилади. Европа давлатларида эса фавқулодда қатновлар учун алоҳида йўлак ҳамиша дахлсиз турар экан. Аслида бундай такаллуф бизнинг миллий қадриятларимизда бор. Ота-боболаримиз бир-бирингни ҳурмат қил, шошилганга йўл бер, деб насиҳат қилишган.

Дунё кезган бир ватандошимиз чет элда ҳеч бир авто­улов ҳайдовчиси бошқасига ёки йўловчига нисбатан ҳурматсизлик қилганини кўрмадим, дей­ди. Бизда эса, афсуски, ҳайдовчи катта йўлда кўнгли тусаган ишни қилади. Хоҳласа, мумкин бўлмаган чизиқни босиб ўтиб, йўлнинг нариги қисмида бемалол ҳаракатланади. Светофорнинг қизил чироғи ёниб турган бўлса-да, чорраҳанинг нариги қисмида автомобиль бўлмаса, фурсатдан фойдаланиб газни босиш пайида бўлади. Ваҳоланки, бутун дунё ислом уламолари фатвосига кўра, қизил чироқда ҳаракатланиш, тақиқланган чизиқни босиб ўтиб, йўлнинг нариги қисмидан юриш бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баробар кўрилган ва бу катта гуноҳ экани таъкидланган.

Шу ўринда масжидга машинасида қатнайдиган биродарларимизга ҳам эътирозимиз бор. Айниқса, жума намози ўқиладиган кунлари масжид атрофидан ташқари серқатнов йўлларга ҳам ўз машинасини истаган шаклда қолдириб кетиш ҳолатларига дуч келамиз.

Ахир ибодатга бораётган мусулмон бошқаларга озор етказмаслиги керак-ку! Омма фойдаланадиган йўлни тўсиб қўйиш иймонли одамнинг иши эмас. Шариат аҳкомларида ибодатга пиёда боришнинг афзаллиги, савоби кўпроқ дейилган. Намозхонлар ақалли жума куни машина бошқариш одобида бошқаларга ўрнак бўлсалар, нур устига нур бўларди. Исломда иймон билан одоб бир юради. Одобсиз одам иймонли бўла олмаганидек, иймонсиз одам ҳам одобли бўла олмайди. Лекин не учундир ғайридин ҳисобланган миллатлар тутумида инсонга нисбатан ҳурмат кўрсатиш одоб даражаси биздагидан анча юқори экани таажжублантиради кишини. Уларда бундай ибратли тарбия қаердан пайдо бўлди?

Аввало улар, шубҳасиз, юксак тарбияни шарқ адабиёти – бизнинг бобокалонларимиз ёзиб қолдирган адабиётлардан ўқиб-ўрганишган. Оилада одоб масаласига жиддий қаралса, мактабларда устувор ўқитилади ва энг муҳими, шу билан биргаликда ҳаётда катталар ёшларга ўрнак бўлишади. Ва улар шу йўл билан юксак чўққиларга эришиш мумкинлигининг ҳаётда исботини кўрганлар ва кўраяптилар ҳам. Лекин бизда одоб масаласи бироз ортда қолмоқда.

Бировнинг ҳаққидан қўрқиш деган тушунчамизда нуқсон бор. Буни юртимизга сафар қилган хорижлик сайёҳлар ҳам эътироф этишмоқда. Агар феълимиздаги бундай қусурлардан халос бўлсак, хоҳ машинада бўлсин, хоҳ пиёда бўлсин, йўлда ҳаракатланиш маданиятига амал қилсак обрўйи­миз янада ошади, ҳар жабҳада ривожланиш бўлади, тараққиёт бундан-да тезлашади. Қимматли вақ­тимизни беҳуда асаббузарлик­ларга эмас, фойдали ишларга сарфлаган бўламиз.

Tegishli xabarlar

ИЧКИ ТУРИЗМ ХИЗМАТЛАРИНИ ДИВЕРСИФИКАЦИЯ ҚИЛИШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Рақамлаштириш – ижро интизомини таъминлашнинг муҳим воситаси

admin

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

admin